Image default
Жамият

СОҲИБҚИРОН ХУСУСИДА БИЛГАН ВА БИЛМАГАНЛАРИМИЗ

(БУ ЙИЛ СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 686 ЙИЛЛИГИ)

Амир Темур Ибн Амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси Амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламо-ю фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.

Амир Темур бугунги кунга қадар жаҳон афкор оммасининг эътиборида экани нафақат унинг мағрибу машриққа чўзилган йирик давлатга асос солганидан, балки илму ирфонга, диний бағрикенгликка, шаҳарсозликка, меъморчиликка, адабиётга, риёзиётга, фалакиётга нозиктаб ёндошуви ҳосиласи ҳамдир.
Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда, Мовароуннаҳр мўғуллар истибдоди остида бўлиб, Чингизхон ва Ботухон босиб ўтган шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланган, сув иншоотлари бузиб ташланган ёки ишга яроқсиз ҳолга келтирилган, Чингизхон Мовароуннаҳрни ўзининг иккинчи ўғли Чиғатойхонга суюрғол сифатида инъом қилганди.
Амир Темур ҳаёти ва фаолиятида икки давр яққол кўзга ташланади. Биринчи даври (1360-1385) Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиш, ўзаро урушларга барҳам бериш. Иккинчи даври (1386-1405) эса икки йиллик, уч йиллик, беш йиллик, деб аталувчи бошқа мамлакатларга юришлари билан характерланади.
1360-йиллардан бошлаб Амир Темур Мовароуннаҳрдаги ички низо, урушларда иштирок эта бошлади ва Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхон, унинг ўғли Илёсхўжага қарши курашлардан сўнг, Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонгач, 1370 йида Мовароуннаҳр тахтининг ҳақиқий соҳиби бўлди ва Самарқандни ҳокимият пойтахти этиб белгилади.

Темур тарихчилар тасвирлашича, ўрта асрларнинг атоқли давлат ва ҳарбий арбобларидан бўлиб Оврупо олимлари ўз асарларида унинг салбий томонлари билан бирга муҳим фазилатларини ҳам таъкидлаб ўтган. Масалан, немис олими Ф.Шлоссер ўзининг жаҳон тарихи асарида: Бахтиёр жангчи, жаҳонгир, узоқ Шарқда қонуншунос бўлиш билан бирга ўзида, Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни ифодалади” деб ёзса, Амир Темурнинг худди ўзи сингари машҳур асари “Тузуки Темур” – “Темур тузуклари”ни инглизчадан француз тилига таржима қилган 1787 июлда нашр этган фаранг олими Лянгле Темур ҳақида шундай ёзади: Темур хон (Темур) сиёсий ва ҳарбий тактика ҳақида рисола ёзган ва ўз авлодларига жуда доно тизим қолдирган. Биз буни тасаввур ҳам қилмаган эдик ва унинг урушларини босқинчилик ва талон-тарож қилиш деб баҳолаб келган эдик. Деярли енгиб бўлмайдиган икки тўсиқ – биздаги таассуб ҳамда тарихий ноҳақлик Темурни билишимизга ва тўғри баҳолашимизга ҳалақит бериб келди.

Юқоридаги фикр ва мулоҳазаларга қўшимча қилган ҳолда таниқли Озарбайжон ёзувчиси, кўпгина тарихий асарлар муаллифи Юнус Ўғузнинг Амир Темур асарини шаҳар Ахборот-кутубхона марказига келиб ўқишни тавсия қиламиз. “Амир Темур” номли икки китобдан иборат диалогиясининг “Юксалиш сари” деб номланган биринчи китобида Соҳибқирон Амир Темур ҳаётидаги энг муҳим нуқталар – унинг Ҳиндистонга юриш қилиб, бу мамлакатни забт этиши, “Дунёнинг ҳокими” деб номланган иккинчи китобида эса Амир Темурнинг кичик Осиёга юриш қилиб, бир қатор мамлакатларни ўз итоатига киритиши, жумладан, бу ҳудуддаги энг қудратли ҳукмдор бўлган, Оврупога катта хавф солиб турган турк султони Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозониши ва дунёнинг ҳокимига айланиши юксак бадиий маҳорат билан тасвирланади.
Бугунги кунда шаҳримиз Ахборот-кутубхона маркази фондида М.Брион ва З.Мансурийларнинг “Менким, фотиҳ Темур”, Т.Ҳайитнинг “Вафо маликаси» (А.Темурнинг суюкли маликаси Ўлжой Туркон оқо ҳақида), «Амир Темур қалбида чақнаган нур”, К.Мирзонинг “Буюк Термизийлар: Термиз тазкираси”, М.Алининг “Амир Темур чамани”, С.Бородиннинг “Самарқанд осмонида юлдузлар”, Н.Исмоиловнинг “Жаҳонгир Амир Темур”, “Мовароуннаҳр тонги”, “Юлдузнинг сўниши” ҳамда “Темур тузуклари”, “Амир Темур Ғарбий Европа адиблари нигоҳида” номли асарлари мавжуд. Бу асарлар орқали Амир Темур сиймоси ҳали узоқ йиллар, асрлар мобайнида инсоният қалби ва шуурини такрор-такрор забт этиб, барчани лол этишда давом этаверади.

Д.Гафурова,
шаҳар Ахборот-кутубхона маркази
Фондларни тўлдириш сақлаш ва уларга ишлов бериш бўлими хизмат раҳбари.

МАВЗУГА ОИД

«ОЛМАЛИҚШАҲАРГАЗ» ГАЗТАЪМИНОТИ БАРҚАРОР ВА СИФАТЛИ ТАЪМИНОТГА ҚОДИР(МИ)!?

admin

«ПОРТАЛ»ДА НИМА ГАПЛАР?

admin

“ВАТАН ТАЯНЧИ” ҲАРАКАТИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ НИМА?

admin

КОНЧИ-МЕТАЛЛУРГЛАР ШАРАФЛАНДИ

admin