
Инсон қачонки соғлом бўлса, у яхши яшашга, янгиликлар яратишга ҳаракат қилади. Ҳаракатларимиз, орзуларимиз ва мақсадларимиз албатта саломатлик билан боғлиқ. Бугунги кунда тиббиёт ходимларига тегишли бўлган барча масалалар давлатимиз раҳбари назоратида бўлиб, тиббиёт ходимларига яхши шароит яратиш, моддий қўллаб-қувватлаш замирида ҳам энг аввали инсон қадри устунлиги яққол намоён бўлмоқда. Бу борада вилоятимиз ҳокими ҳам фойдали ташаббусни илгари сурди. Яъни, ҳар бир туман-шаҳар тиббиёт бирлашма раҳбари халқ олдида қилинган ишлар юзасидан ўз халқига ҳисобот бермоқда.
Хусусан, жорий йил 5 апрель куни шаҳримиздаги «Болажон» истироҳат боғида вилоят прокуратураси масъул ходими Ғайбулла Мавлонов, вилоят Кўз касалликлари шифохонасининг бош шифокори Абдували Набиев, шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов иштирокида шаҳар Тиббиёт бирлашмаси раҳбари Низомиддин Гаффаров шаҳар фуқаролари олдида илк ҳисоботини берди.

Аҳоли сони рақамларда
Ҳисобот давомида шаҳримизда жорий йил 1 январь ҳолатига жами аҳоли 135 226 нафарни ташкил этиб, шундан эркаклар 65 726 нафар, аёллар 69 500 нафар, 0-18 ёшгача болалар сони 44 152 нафар ҳамда 18 ёш ва ундан катталар 91 074 нафарни ташкил этиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, тиббиёт бирлашмасида мавжуд поликлиника ва стационар даволаниш масканлари, хусусий тиббиёт муассасалари ҳамда тиббиёт бирлашмасида фаолият кўрсатиб келаётган ходимлар хусусида тўхталди.

548 млн. 115 минг сўм маблағ қаерга ва кимларга сарфланди?
Бирлашма раҳбари энг асосий урғуни тиббиёт учун етишмаётган врачлар, яъни, реаниматолог-анестезиолог, нефролог, оилавий шифокор, эндокринолог, тез тиббий ёрдам шифокорлари хусусида ҳамда дори-дармонлар билан таъминланиши борасида ҳам алоҳида гапириб ўтди. Жумладан, шаҳар бўйича жами жорий йил 1-чорагида дори-дармонга 548 млн. 115 минг сўм сарфланган бўлиб, шундан Оилавий поликлиникага 21 млн. КТМПга 18 млн., шаҳар марказий шифохонага 26 млн.,Туғруқ мажмуасига 35 млн., Болалар шифохонасига 24 млн., Шошилинч тиббий ёрдам бўлимига 12 млн. сўм миқдорида маблағ 1 ойга ажратилган.

Қанча аёлда ген билан боғлиқ касалликлар борлигини биласизми?
Жорий йилда шаҳримиздаги 51 та МФЙга 81 нафар патронаж ҳамширалари бириктирилиб, хатлов қилинди ҳамда жараёнда аниқланган 250 нафар беморларни жорий йил апрел-май ойларида даволатиш режалаштирилди. Шу кунга қадар 18 318 нафари амбулатор даволаниш, 10 нафар фуқаро Республика ихтисослаштирилган марказларига ва 5 нафари шаҳар касалхонасига даволанишга юборилди.
Шаҳримизда туғиш ёшидаги аёллар 34 806 нафарни ташкил этиб, жорий йилга барчасини тиббий кўрикдан ўтказиш режалаштирилган. Шу кунга қадар 8 205 нафар ТЁА чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик давомида 3825 нафар аёлда экстрогенитал касалликлар аниқланди. Улардан 2114 нафари амбулатория шароитида, 63 нафари стационар шароитда соғломлаштирилди.

Ногиронлиги бор фуқаролар қанчани ташкил этмоқда?
Бугунги кунда шаҳримизда ногиронлар сони 2087 нафарни ташкил этиб, улардан I гуруҳ ногиронлари 222 нафар, II гуруҳ ногиронлари 1499 нафар ва III гуруҳ ногиронлари 366 нафардир. 2021 йил давомида ТМЭКга 915 нафари юборилган.

“Электрон поликлиника” учун қанча маблағ ажратилган?
Шаҳар аҳолисига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизмат сифат ва самарадорлигини ошириш мақсадида шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида “Электрон поликлиника” тизимини тўлақонли равишда ишга тушириш учун шаҳар ҳокимлиги томонидан 50 миллион сўм маблағ ажратилди. Бу аҳолига қулайлик яратиш мақсадида беморлар тўғрисида электрон маълумотлар базаси шакллантирилишига эришилади.

Улкан режалар бор, лекин маблағ-чи?
Аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш мақсадида замонавий алоқа воситалари билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шошилинч ва оғир аҳволдаги беморларга ўз вақтида тезкор тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш мақсадида қўшимча 1 дона “Реанимобил” автоулови ва реанимацион бригада ташкил этиш, 3-сонли оилавий поликлиникада мукаммал таъмирланса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Президент томонидан имзоланган фармойишга биноан, 2022 йил 1 июндан бошлаб соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ойлик маоши малака тоифасига қараб, 47 нафар малака тоифасига эга бўлган шифокорларга ойлик маоши 15 фоизгача оширилиши белгиланиб, юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган 2 нафар шифокорга 25 фоиз миқдорида устама тўланиши кўзда тутилган.
Тиббиёт бирлашмаси ҳисоботидан сўнг фуқаролар мурожаатлари тингланиб, тегишли масъуллар томонидан атрофлича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, мулоқот мобайнида ҳамшаҳарларимиз учун тиббий кўрик ҳам ташкил этилиб, тор доирадаги мутахассис-шифокорлар беморларни кўрикдан ўтказишди.
Дилдора Абдураҳмонова.