Image default
Ҳикоя

ЁМҒИР

Аёлим ёмғирли ҳавони ёқтиради.
Ташқарида ёмғир ёға бошласа дарров деразани очиб қўяди. Ёмғир томчиларининг осмондан ерга интилишларини томоша қилиш мароқли, аммо у ёмғир томчиларининг тошларга ва тупроққа урилиб чиқарадиган товушларига маҳлиё. Қизлик пайтларида уйининг ҳовли томонга қараган эшигини очиб қўйиб ухлаганлиги-ю, эрталаб ёмғир томчиларига жодуланиб мактабга боришни унутганликларини кўп гапириб беради.
Тўйимиздан кейин идорамизга қарашли фургонда уйга келган пайтимни эслайман. Ўшанда ҳам осмон кўз ёшларини тўкаётганди. Аёлимни бир хурсанд қилай, деган хаёлда бирга уйимизга яқин жойдаги тепаликка олиб бордим. Мен чаққонлик билан машинанинг ўриндиқларини чиқариб ерга қўйдим ва иккаламиз чалқанча ётганча ёмғир томчилари юзимизни силашига қўйиб бердик…
Қайсидир кафега тушлик қилгани кирганимизда осмон мусаффо ва тиниқ бўлса ҳам ёмғир ёғаётгандек туюлаверди. Яхшилаб разм солиб қарасам, томдан оқаётган ёмғирни бир ўзанга солиб қўйган темир мослама ўрнатилган экан. Томдан сирғалиб тушаётган ёмғир томчилари чилп-чилп этиб ерга сакрамоқда. Буни кўриб аёлим тўлқинланиб кетди:
— Уй қурганимизда худди шунақасидан ясаб беришингизни истардим, азизим!
— Албатта. Йигирма тўрт соат ёмғир товуши келадиган уй қурамиз! — дедим унинг юзидаги қувончни давомли қилиш учун.
У шеър ёзишни ёқтирар, ўрта мактабда ўқиб юрган чоғларида адабиёт муаллимаси: «Қаламинг ўткир!» — деб мақташи ортидан бир қанча дафтарларни тўлдирганлигини табассум билан эслайди.
Йиллар ўтди.
Ҳозир эса… Биз кўп қаватли уйнинг 11-қаватида истиқомат қиламиз. Ёмғир шовуллаб ёғмаса, унинг ёғаётганлигини сезиш мушкул. Балконимизга тунукадан ёмғир томчиларини йиғиб, жилдиратиб турадиган бир нарса ўрнатиш ниятим йўқ эмас. Лекин ҳозирча бу хаёлдан нарига ўтилмаяпти. Ёмғир томчилари билан бирга аёлимнинг илҳом парилари ҳам йўқолиб кетгандек, шеър ҳам ёзмай қўйди. Мен учун илгарилари фариштадек кўринган аёлим энди оддий бир аёлга айланиб қолгандек гўё: она бўлиб, овқат тайёрлайди, идиш-товоқ ювади, кир ювади, уй тозалайди, болаларга қарайди…
Авваллари эътибор бермасдим. Ҳозир эса ёмғир ёққан пайтларда аёлимдаги романтик ҳиссиётлар қаёққа ғойиб бўлганлигини билгим келади ва «Нега бунақа бўлиб қолди?» — деб хавотир ҳам оламан.
Кеча овқат тайёрлаётган аёлимни бир зум кузатдим. Қарасам, овқат тайёрлаш ҳам осон иш эмасга ўхшайди. Сабзавотларнинг сарасини танлаб, сувга солиб, ювиб… Эҳ, ҳисоблашга вақтим етмаса керак. Бир кунда қанча ҳаракат, қанча энергиясини сарф этаркин-а. Шеърхонлигу ёмғирга мафтунлик нима учун йўқолганлигини тушунгандек бўляпман. Шоир Хванг Донг Гюнинг шеър тўпламидаги «Севги қўшиғи»да шундай сатрлар бор:


Гулдек тоза севгисин менга бағишлаб,
Қип-қизил олма каби беғубор ёрим.
Жавобан идиш-товоқ ювишга ташлаб,
Севгингни оёқости қилган мен – золим.

Энди ҳар хил совғалар олиб беришлар-у муҳаббатга тўла иссиқ нигоҳлар ўрнини оддий оилавий ҳаёт эгаллади. Шеър ёзишлар ва ёмғир томчиларини авайлаб тутадиган нозик қўллари энди кир буюмлар-у идиш товоқ ёғларидан сал хиралашиб қолгандек гўё. Назаримда, сал ҳуснини йўқотгандек. Лекин барибир у мен учун ҳақиқий фариштанинг ўзи – болаларимнинг онаси.
Ёшликдаги романтикани ортга қайтариш учун дераза ёнида ўтириб ёмғир томоша қилиш учун бир яхши кресло сотиб олсаммикин-а?!

Чонг Ёнг Чеол,
корейс тилидан
Отабек Йўлдошев, таржимаси
.

МАВЗУГА ОИД

БИР УМР ҲИКОЯТИ

admin

Cавобга ундаган воқеа

admin

ДЎСТИМНИ ЭСЛАБ…

admin

Оператор жавобини кутинг!..

admin