Image default
Ҳикоя

Онамдан қолган ғалати эсдалик

Баҳор келди. Ҳар гал баҳорда мени виждон азоби қийнайверади, ўзимни қўйгани жой тополмайман. Чунки ўшанда ҳам баҳор эди.
– Ойи, дам олишга бормасангиз бўлмайдими, уйда маза қилиб ўтирсангиз-чи?
Онамнинг дам олиш масканига кетаётгани менга ёқмаётганди.
– Болам, йўлланманинг пулини аллақачон нафақа пулимдан тўлаб қўйганман, сен фақат олиб бориб, олиб келиб қўйсанг бўлди, – ойимнинг овозида илтижо бор эди.
– Э, гап пулдамас, дадамни ёлғиз қўйманг, деяпман-да, — дедим сохта кулгу билан.
– Даданг нега ёлғиз бўларкан, сизлар борсизлар-ку. Бу йил ўтган йилги ўртоқларим билан келишиб йўлланма олганмиз. Насиб қилса, ўртоқларим билан бирга дам оламан.

Ҳар йили, онам дам олишга бораркан, албатта, менинг болаларимдан бирини ўзига хамроҳ қилиб олади. «Ўзингиз маза қилиб дам олинг» десак ҳам «менга оғири йўқ» деб ёнида олиб кетади. Мана шу гал йўлга чиқиши олдидан нимагадир шайтоннинг гапига кирдим. Ота-онамдан алоҳида яшайман. Йўлга чиқишидан бир кун олдин ҳам уларникига бориб хабар олмадим.
– Ҳар йили онангиз кетишларига сиз харажат қилиб берасиз, бирор сафар бундоқ укангиз ҳам харажат қилсин, уям ўғил, – хотинимнинг жағи очилди.
– Кел, қўй, майдалашма, кетса, юз минг кетар, – аёлимни инсофга чақирмоқчи бўлдим.
– Келинг, шу сафар сиз ҳеч нарса олманг, кўрайлик, укангиз нима олиб бера оларкан?
Ростдан ҳам нимага ҳар сафар мен харажат қилишим, онамни мен машинада олиб бориб, олиб келиб қўйишим керак? Энг каттаси индамайди, деб мени эшак қилиб миниб олдику булар, деб ичимда шайтон ғалаён қиларди.
– Гапингда жон бор, онаси, шу сафар олиб бораман-у, пул ҳам бермайман, харажат ҳам қилмайман.
– Эртасига онамни машинада олиб кетарканман, ишим юришмаётганлиги, пул топишга қийналаётганлигимни бот-бот такрорлардим.
– Ойнадан онамга ўғринча қарарканман, унинг юз ифодасида ҳеч қандай ўзгариш йўқ, фақат аҳён-аҳёнда тоғларнинг чиройлилигини қара болам, деб қўярди.
– Онам билан бирга борган боламга ҳам ҳеч нарса бермадим. Онам ҳеч нарса билмагандек хайрлашди. Бизга рўпарадан келган машинадан тушаётган одамлар катта бозорлик қилиб олган мен эса тўрттагина патир ҳам олмагандим. Азбаройи пулим йўқлигидан эмас, балки аёлимнинг кечаги гаплари менга таъсир қилганди. Ҳа, мен олмасам, укам ҳеч нарса ололмабдику, хотинимнинг гапи тўғри деган ўй ўтди хаёлимдан.
Орадан ўн беш кун бир зумда ўтиб кетди. Онамни олиб келадиган вақт бўлганди.
Аксига олиб укамнинг машинаси бузилиб қолибди. Яна ўзим олиб келишимга тўғри келди.
– Машинанг ҳам қачон бузилишни билади ўзи — укамга пичинг қиларканман, онамнинг хизматини қилиш менга тушгани аслида бахтлигини ўша вақтлари билмасдим.
Дам олиш жойида ранги тиниқлашган онам ва фарзандим мени қучоқ очиб кутиб олишаркан, мен куннинг иссиқлиги, ишим кўплигини айтиб, уларни тезроқ кетишга ундардим. Аксига олиб, йўлда машинам бузилиб қолди.
– Ҳа, болам-а, узоқ йўлга чиқардинг, бундоқ машинанинг уёқ-буёғига қараб қўймабсан-да, – ойим танбеҳ бераркан, қўлидаги дастрўмолчаси билан пешонамдаги терни артиб қўйди.
– Мен йўлга чиқмоқчи эмасдим, анави эркатойингиз машинаси бузилиб қолгани учун келдим. Ҳали уям ростдан касалми ёки ёлғон гапирганми?
– Ие, укангнинг машинасига нима бўлди? – ойим ростмана хавотир ола бошлади.
– Э, кўп савол берасиз-да, она, ундан кўра машина тезроқ тузалсин деб дуо қилинг.
– Бахтимга арзимаган нарсаси бузилган экан, дарров тузалди. Лекин мен йўл бўйи шу дам олишингиз бошга бало бўлди-да, нимагаям шу ерга келдим деб онамни силтаб, ғудраниб, борарканман, бу онамнинг сўнгги дам олиши, мен унинг учун бундай хизматни яна хоҳласам ҳам қилолмаслигимни ҳали билмасдим.
Ойим уйга кирди, мен ишларим зарурлигини айтиб хайрлашарканман, битта халта берди.
– Болам, сениям қийнаб қўйдим, майли, хафа бўлма, ма буни ол, машинага керак бўлар, – деди.
– Хўп, хайр, ундан узоқлашарканман, халта ичидаги нондан синдириб еб олдим.

Онамдан қочмасам ҳам Яратганнинг ўзи бизни айро тушираркан… Бу йил дам олишга онамни олиб боришга икки ака-ука шаймиз-у, фақат онам мангуликка юз бурди.

МАВЗУГА ОИД

ОРТИҚЧА МЕҲР

admin

(Фельетон)

admin

Cавобга ундаган воқеа

admin

ДУМ

admin