Image default
Ҳикоя

Оператор жавобини кутинг!..

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фатво бўлимининг Рамазон рўзаси масалалари бўйича қўнғироқ марказидаги (call-center’даги) бир оператор айтиб берди:
Навбатчилигимда бир опахон телефон қилиб сўради:
— «23 ёшли ногирон ўғлим бор. Қўл-оёғи, хуллас бутун танаси ишламайди. Ҳатто гапиролмайди ҳам. Овқатни ҳам чайнолмайди. Ўзим чайнаб бераман, фақат юта олади. Рамазон бошланганига уч кун бўлдики рўзани қолдирмай тутяпман, алҳамдулиллаҳ. Кундузлари оғзим ёпиқ бўлгани учун ўғлимга ҳар хил бўтқалар — кашалар пишириб беряпман».
Гапи шу ерга етганда опанинг тиниқ овози хиралашди. Бундан кейинги гапларини фақат йиғлаб гапирди:
— «Лекин ҳадеб бўтқа егиси келмаяпти. Оғзига солсам чиқариб ташлаяпти. Бошқа овқат егиси келяпти. Бошқасини эса чайнаб беришим керак. Болажонимнинг олдида ҳали ҳеч бунақа ожиз бўлиб қолмагандим. Бир ёқда ибодатим чала бўлмасин деб куйиняпман, бошқа ёқдан эса болам бояқиш очликдан азоблан…»
Опа ҳўнграб йиғлаб юборди. Ўзига келишини кутиб турдим, яна давом этди:
— «Хуллас ҳолат шундай. Энди айтсангиз, илтимос, оғзим ёпиқлида овқатни чайнаб берсам рўзам бузилмайдими?»
Аслида бу оддий масаланинг жавобини билардим. Лекин ҳозир эшитганларим хаёлимни бутунлай банд қилганидан, тилим у жавобга айланмай қолди. Неъматлар ҳақидаги, инсоннинг ношукрлиги ҳақидаги оят ва ҳадисларни шу сонияда англай бошладим. Опа сўраган масаланинг ҳукмини эса унутиб қўйдим. Айтолганим шу бўлдики:
«Масалани аниқлаб, сизга қўнғироқ қиламиз. Илтимос, оператор жавобини кутинг!!»

Икром Шариф.

МАВЗУГА ОИД

Онамдан қолган ғалати эсдалик

admin

ҲИММАТ

admin

ТАҚДИР ТУШИ

admin

«ФОРД ФОКУС»

admin