![](https://olmaliqhayoti.uz/wp-content/uploads/2022/06/photo_2022-04-10_12-31-16.jpg)
Президентнинг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан бутун мамлакат миқёсида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси тадбиқ этилмоқда.
Хусусан, ушбу жараён шаҳримизда ҳам жадаллик билан олиб борилаётган бўлиб, жорий йил бошидан маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчиларининг ҳар бири ўз маҳаллалари ҳудудига «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 200 тупдан дарахт кўчатлари экишди.
![](https://olmaliqhayoti.uz/wp-content/uploads/2022/06/photo_2022-04-11_12-48-42.jpg)
19 февраль куни эса шаҳар ҳокими Қобил Хамдамов бошчилигида «Олмалиқсой» маҳалласидаги ер майдонига ҳар бир ташкилот 20 турдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишиб, боғ яратишди. Сектор раҳбарлари ҳам бу борада ўз ташаббусларини кўрсатишмоқда. Хусусан, 23 февралда 3-сектор раҳбари, ИИБ бошлиғи Жамолиддин Маназаров бошчилигида ҳоким ёрдамчилари билан ҳудудга жами 400 туп мевали ва манзарали кўчатлар экилди.
Куни кеча Пискент туманидан Олмалиқ шаҳри таркибига ўтган ерларда ҳам «яшил макон» ташкил этиш бўйича ободонлаштириш жараёнлари олиб борилиб, ерлар ағдарилиб, текисланди ҳамда чиқинди ва тошлардан тозаланди. Ушбу ерларга 10 000 туп терак кўчатлари экиш ишлари бажарилди.
Шунингдек, дарахтларни суғориш учун табиий суғориш тизими ҳам йўлга қўйилди.
![](https://olmaliqhayoti.uz/wp-content/uploads/2022/06/photo_2022-04-08_14-03-10.jpg)
Оила ва хотин-қизлар Давлат қўмитаси ташаббуси билан мамлакатимиз ҳудудларида «Яшил макон» умуммилий лойиҳаси асосида «Оналар боғи» барпо этиляпти. Жумладан, шаҳримизнинг Сўфи Оллоёр МФЙ, «Тотувлик» кўчасидаги кўп қаватли уй олдида «Оналар боғи» барпо этилди. Ушбу кўп қаватли уйда яшовчи ҳар бир она эзгу ниятлар билан фарзандлари билан лойиҳада фаол бўлишди.
«Яшил макон» умуммиллий тадбири доирасида Олмалиқ шаҳри «Эвалак» ҳудудига ёндош бўш ер майдонига шаҳар сектор раҳбарлари бошчиликларида ҳоким ёрдамчилари, Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан 270 туп павловния ҳамда 1000 туп терак дарахти кўчатлари ўтқазилди. Вилоят ҳокимининг шаҳримиздаги манзилли ўрганишлари давомида мазкур ҳудуд атрофида сайилгоҳ бунёд этилиши бўйича мутасаддиларга қўшимча кўрсатмалар ҳам берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда шаҳримизнинг ҳар бир гўшасида бирдамлик асосида олиб борилаётган “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишларда ҳар бир ташкилот ўз фаолликларини кўрсатишмоқда.
Бу эса алоҳида таҳсинга лойиқ.