Image default
Жамият

АГАР ЖЎЖА КУЗДА САНАЛСА…

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг “Open budget” ахборот портали 2019 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлади.
Ушбу қарорнинг 6-бандига асосан фуқаролар томонидан шаҳар маҳаллий бюджети қўшимча манбаларидан камида 10 фоизини портал орқали ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида белгиланган тадбирларга молиялаштириш учун имкон яратилди.

Шаҳримизда ушбу жараён 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида илк бора бошланган бўлиб, шаҳар маҳаллий бюджетидан фуқаролар ташаббусига асосан жами 950.0 млн сўм пул маблағи ўтказилган. Шунингдек, Республика бюджетидан шаҳар фуқаролар ташаббуси жамғармасига 550.0 млн сўм пул маблағи ўтказилиб, жамғармада 1 млрд 500.0 млн сўм пул маблағи шакллантирилди.
“Open budget” ахборот порталида етарли овоз тўплаб, ғолиб бўлган мактабгача таълим ташкилоти тасарруфидаги 3-сонли МТТ, ХТБ тасарруфидаги 7-мактаб, “Дўстлик” МФЙ Тансиқбоев кўчаси ҳамда “Бўстон” МФЙ “Тинчлик” кўчаларига бугунги кунда маблағ ажратилиб, ишлар деярли якунига етказилган.
Хусусан, 3-сонли МТТ 2401 та овоз билан Очиқ бюджет портали орқали қурилиш ишлари учун 950 млн сўм ютиб олган. МТТ биринчи босқичида 603 млн сўмини эълонга жойлаштириши натижасида «Firdavs Invest Building» МЧЖ танловда ғолиб деб топилиб, 527.0 млн сўмга шартнома тузилган. Корхона томонидан қурилиш ишлари тўлиқ бажарилган бўлиб, иш бажарилишига нисбатан 95 фоиз пул маблағи, яъни 500.6 млн сўм пул маблағ ўтказиб берилган.

Иккинчи босқич танловида ҳам «Firdavs Invest Building» МЧЖ ғолиб бўлиб, МТТ билан 339.5 млн сўмлик шартнома тузилиб, қурилиш ишлари учун 60 фоиз, яъни 212.3 млн сўм маблағ ўтказиб берилган. Ҳозирги кунда ошхона, омборхона ва фасад қисми таъмирланмоқда.
Халқ таълими бўлимига қарашли 7-сонли умумтаълим мактаби спорт майдонини замонавий спорт майдонига қайта реканструкция қилиш таклифи учун 1136 та овоз тўплаб, портал орқали қурилиш ишлари учун 300.0 млн сўм маблағ ютиб олди. «Shuxrat Building» МЧЖ билан 292.0 млн сўмга шартнома тузилиб, ҳозирда ишлар якунига етказилган.

“Бўстон” МФЙ “Тинчлик” кўчаси фуқаролари 494 та овоз билан Очиқ бюджет портали орқали қурилиш ишлари учун 118,5 млн сўм маблағга эга бўлиб, маҳалладаги таъмирлаш ишлари учун «Гулистон ободон транс» МЧЖ билан 94.5 млн сўмга шартнома тузилди. Ишлар якунига етгач, 95 фоиз пул маблағи, яъни 90 млн сўм қурувчига ўтказиб берилган.
“Дўстлик” МФЙ Тансиқбоев кўчаси 152 та овоз билан қурилиш ишлари учун 131,5 млн сўм маблағга эга бўлишди ҳамда кўча таъмири «Гулистон ободон транс» МЧЖ томонидан якунига етказилиб, 125.0 млн сўм қурувчига ўтказиб берилган.

Бугунги кунга келиб жами ажратилган маблағдан 36.7 млн сўм пул маблағи иқтисод қилинди ва фуқаролар ташаббуси жамғармасига тикланди.
Шаҳар молия бўлими томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тайёрланган ушбу материалда келтирилган суммалар кичик эмас. Бу дегани суммага яраша масъулият бўлиши талаб этилади. Юқорида келтириб ўтилган маълумотлар шуни кўрсатаяптики, биринчидан, эшикма-эшик муаммоларни санаб юришдан тийилиб, Очиқ бюджет портали орқали молиявий ечим топишга ҳаракат қилиш ва энг асосийси маблағларга эга бўлгач, қурувчи ташкилотнинг ишини назорат қилиб бориш лозим.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, бизда доим ҳужжатлар аъло кўрсаткичларни бериб келади. Лекин манаман деган қурувчининг иш натижаси узоғи 3 йилда (шунда ҳам энг сифатлиси) яққол намоён бўлади. Қурилишнинг сифат кўрсаткичи пастми, демак назорат суст бўлган.
Ҳар бир иш фойда кўзланилган ҳолда амалга оширилади, лекин бу виждон масаласи фойдадан юқори ўринга қўйилса, эртага оддий халқ бундан жабр кўрмайди, деган яхши гумондамиз.

МАВЗУГА ОИД

ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ЙЎЛИДА

admin

МАҲАЛЛА РАИСЛИГИ САЙЛОВЛАРИ ЯКУНИГА ЕТДИ

admin

ГЕРМАНИЯ ФЕДЕРАЛ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ БОШЧИЛИГИДАГИ ДЕЛЕГАЦИЯ ОКМКГА ТАШРИФ БУЮРДИ

admin

МФЙ раислари сайловини ўтказиш бўйича тайёргарлик бошланди

admin