Катта тезликда келаётган машина «ғийқ» этиб тўхтади.
— Нима бўлди, одамнинг юрагини ёрдингиз? — сўради аёл эрига қараб.
— Йўлимдан нимадир чиққандек бўлди…
Эркак аста машинадан тушиб, олд тарафга юрди. Хотини ҳам ортидан борди.
Машина ғилдираклари тагида кичкина кучук боласи инграб ётарди. Оёғини босиб кетган кўринади… Эркак ах деди-да, хотинига нима қилдик, дегандек боқди.
— Хайрият одам эмас экан, — ёқасига туфлади аёл. — Юринг кетдик, кечикяпмиз…
Шу пайт йўл четида катта ит кўринди. Лўкиллаб улар томонга чопди. Аёл кўрққанидан машина эшигига суянди ва эрини шоширди. Аммо ит одамларга қиё боқмай, кучукчани искади. Сўнг аламли бир алфозда увлади.
— Боласи, шекилли… — бошини қашлади эркак ва аранг нафас олаётган лайчага қўлини теккизди.
— Дилноз, қара, ҳали тирик… балки, шу атрофда бирор мол дўхтири…
— Эй, бунча кўнгилчан бўлмасангиз! Битта итга шунчами? Бўлсангиз-чи, ота-онам кутиб қолишди!
Ҳомиладор аёлини бетоқат қилмаслик учун эркак мажбур машинага ўтирди. Кетаркан, кўзгу орқали орқага қолиб кетган маҳзун она ит ва кучукчадан кўзини узолмади.
— Ишқилиб, омон қолсин…
Ўша воқеа анчагача эсидан чиқмади эркакнинг. Орадан беш ой ўтиб хотини ўғил туққач эса унутиб ҳам юборди… Аммо тўрт йилдан кейинги бир мудҳиш воқеа унга ўша кунни эслатди.
Кўчада ўйнаб юрган ўғилчасини машина уриб кетибди. Ҳайдовчи қўрққанидан қочиб қолибди. Бир киши уни шошилинч касалхонага олиб борибди. Ота-она жон ҳолатда жонлантириш бўлимига келишди.
— Ўғлингизнинг жони омон, фақат… бир оёғи… ногирон бўлиб қолиши мумкин.
Она аюҳаннос солди, ота эса бошини чангаллаб ерга чўкди. Боши гир айланиб, кўз олдига инграб ётган кучукча келди.
— Бахтингга ўша кучукча омон қолган бўлса керак, йўқса… — дод солаётган хотинига пичирлади у.
Аёл ҳам бирдан сергакланди ва ўзини эрининг оёқлари тагига ташлади.