Эрта тонг. Ёруғ кун бошланди. Эрталабдан майдалаб ёмғир ёғяпти. Ойнадан маъюс боқарканман, кўчадаги инсонларга кўзим тушди. Улар устилари ҳўл бўлмаслик учун ўзларини панага олишарди. Тавба, бу ҳаётда яшар эканмиз, ҳаётимиз давомида кўплаб синовларни бошимиздан ўтказамиз. Баъзан кун бўйи яхши кайфиятда юрсак, баъзан эса умуман бошқача бўлади. Ёмғир ҳам худди ҳаёт ташвишларига ўхшайди. Гўё осмондан бир дунё ғам, ташвиш тушяпти-ю инсонлар бу ташвиш томчилари бошларига тушмаслиги учун ўзларини четга олаётгандек эди. Худди бу томчилар уларнинг устиларига тушса қандайдир муаммоларга ўралиб қоладигандек. Инсон бошига иш тушса ҳаммаси ёпирилиб келади, ёмғир ҳам шу каби. Аввалига майдалаб, сўнг эса шариллатиб қуяди. Бир пастда ер ҳам ҳўл бўлди, кўчада эса деярли ҳеч ким қолмади. Зерикканимданми ё ёмғирнинг майин шитирлашиданми уйқум кела бошлади. Аравачамни тўғирлаб, хонам томон йўл олдим. Тушликка бормай уҳлаб қолибман ва бир туш кўрибман.
Тушимда эса оёқларим юрар эмиш, ҳа рост ҳақиқатдан ҳам оёқларим юрар эмиш. Югуриб зиналардан тушиб кетаётгн эканман. Осмон, осмон жуда чиройли эди, қуёш заррин нурларини ҳар ёққа сочиб, табиат кўркига кўрк қўшиб турарди. Кейин эса кўзим ям–яшил майсаларга тушди. Боя ёмғир ёғганигами усти шудрингларга тўлган эди. Хурсандчиликданми билмайман, аммо юрагим жудаям тез уряпти, ҳатто нафасим бўғзимга келяпти. Наҳотки, наҳотки энди юролсам. Секин асталик билан ўт-ўланлар устидан юра бошладим. Оёғимга битта битта шудринглар урилиб, урилиб ҳар ёққа думалаб кетаётгандек эди.
Шитирлаган шамол сочларим билан ўйнар, ҳар ёққа соч толаларимни тўзғатарди. Юравердим, юравердим оёқларим ҳеч ҳам тўхтагиси келмасди. Худди тўхтаса бошқа юра олмайдигандек. Кўзим болалар хиёбонига тушди югуриб бориб арғимчоққа ўтирдим. Ўтирибману аммо кўзларимни осмондан уза олмасдим, табиатга қараб тўймасдим. Бирин-кетин одамлар хиёбон атрофидан ҳаракатлана бошладилар. Гоҳ у ёққа, гоҳ эса бу ёққа ўтишар эди. Улар энди менга бошқача назар ила қарашмас, қўлларини пахса қилиб кўрсатиб, ия қара, ногирон экан, деб пичирлашмасди.
Ҳаттоки мен билан ишлари ҳам йўқ эди. Шунчаки йўловчилар сингари йўлларида давом этарди. Ичимда эса шундай туғёнлар жўш урардики буни ҳатто тасаввур ҳам қилолмасдим.
Мен энди ногирон эмасман мен ҳам энди юра оламан.
Энди менга ҳеч ким ногирон деб қарамайди деб ўзимни ўзим овутардим. Лекин бу тушим ва хурсандчилигим узоққа бормади. Қулоқларим тагида ойимнинг майин овозда, Шукрона қизим, турақол, овқатланиб ол, — деб чақириб қолдилар.
Бундай туш кўрганимгами яхши кайфиятда уйғондим ва ҳозир чиқаман ойижон, — деб жавоб бердим.
Менинг қадрдон дўстимга ва қадрдонимга айланган аравачамга ўтириб ошхона томон йўл олдим. Ич-ичимдан бир кўрган тушим ҳақида ўйласам бир тарафдан ҳозирги аҳволим ҳақида ўйлаб қоламан. Ҳа майли, бу ҳам бир синовда деб ўзимга ўзим таскин бераман. Аммо шуни айтиб ўтишим жоизки, жамиятимиздаги айрим инсонлар соғлом таналаридан нолишади. Қандайдир кино юлдузларига орзу қилиб ўзларини ўзликларини унутиб қўйишади. Лекин бир нарсани ҳеч ўйлаб кўришмайдики бу дунёда барча инсонларнинг ҳам тўрт мучаси соғ эмас. Кимнингдир кўзи ожиз кимнингдир ақли заиф. Ўша соғлом таналаридан нолиётган инсонларда шундай ҳодиса рўй берганда нима бўларди. Майли шукурки, кўпчилик инсонларнинг тани жони соғ, тўрт мучаси бутун, аммо шунга қарамай улар шукур қилмайдилар.
Биласизми мен ҳозир ҳеч нарсадан афсусланмаяпман. Чунки шу ҳаётда яшаяпман, нафас оляпман, кўзларим ёруғ дунёни кўряпти. Тўғри, оёқларим юрмайди, лекин бу дегани ҳаёт тўхтади дегани эмаску. Айтишадику, бу дунё бир ками тўлмаган дунё деб. Бу дунёда интилган инсон ғалабага эришади. Агар инсон ҳар битта камчилигини ўйлаб топадиган бўлса у ўзига ўзи бора — бора ёқмай қолади. Ундан кўра эса борига шукур, йўғига эса сабр қилишимиз керак.
Ҳозир кўрган тушимдан эса ҳеч ҳам афсусланмайман, чунки оз бўлсада юра олишдек бахтни ҳис эта олдим ва энг муҳими бу менга армон бўлиб қолмади. Тўғри бу туш эди, аммо барибир мен бахтлиман, негаки шу ёруғ дунёда турли орзу умидлар ила яшаётган бир қизман.
Гулҳаё Ҳакимова,
9-синф ўқувчиси.