15 апрель – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан Маданият вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокими вилоятимизнинг энг фаол маданият ва санъат ходимларининг меҳнатларини муносиб тарзда эътироф этди.
Эътироф этилганлар орасида Олмалиқ шаҳар Маданият бўлими раҳбари Шахноза Норматованинг борлиги қувонарли. Ш.Норматова маданият бошқармаси тизимидаги самарали меҳнати, ёшларни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда эришган муваффақиятлари, шунингдек, ўзининг ёрқин истеъдоди, билим ва маҳорати, фидокорона меҳнати билан жамиятимизнинг маданий-маърифий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётганлиги учун вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони билан мукофотланди.
Эслатма тарзида шуни айтиб ўтиш керакки, ҳозирда Шахноза Норматова раҳбарлик қилиб келаётган шаҳар Маданият бўлими 2012 йил 17 сенябрда шаҳар ҳокиминг 335-сонли қарори асосида қайта ташкил этилиб, ўз биносига эга бўлган. Бугунги кунда Маданият бўлимида жами 33 нафар ходимлар фаолият юритиб келишади. Бундан ташқари 13 турдаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.
2021 йил апрель ойида Ёшлар дастури бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан Маданият бўлимига “ISUZU” автобуси сотиб олинган бўлиб, шу кунга қадар бўлимдаги барча бадиий жамоалар Республика, вилоят ва шаҳар миқёсида ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.