
Қизиқ, инсон зоти шунчалар ожизки, оддий бир хатоликни ўйламай қилиб, сўнг минг бир афсуслар чекади. Жаҳли ақлидан устун турадиган айрим йигитлар эса била туриб қилаётган ҳаракатларининг оқибатлари энг аввало ўзи ва етти наслига таъсир қилишини наҳот англамаса?
Оҳангаронлик бўлган Б.Азизов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2021 йил 8 июль куни шаҳримизда жойлашган “Ойдин деҳқон” бозорига укаси И.Азизов ҳамда таниши Х.Туроновлар билан келиб, арзимаган сабаб туфайли олмалиқлик Қ.Бозоров ва Б.Соиповлар билан бозорда ўзаро жанжаллашиб кетди.
Бу жанжалдан сал аввал эса Б.Азизов, Қ.Бозоров ва Б.Соиповлар йўл талашган бўлиб, ўзаро айтишиб қолиши натижасида, Б.Азизов укаси ва танишини етаклаб улар билан уришгани келади.
Натижада улар бир-бирларига бозордаги оммани ўзларига жалб қилган ҳолда жисмоний куч ишлатиб, кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган таёқни қўллаб, бир-бирларига енгил тан жароҳати етказган. И.Азизов ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, жанжал вақтида Қ.Бозоровни қасддан ўлдириш мақсадида, бозордаги тарвуз растасидан ошхона пичоғи билан қуролланиб, Қ.Бозоровни ўнг курак соҳасига пичоқни уриб, санчилиб кесилган тан жароҳати етказди.
Жанжал давомида бир-бирларига шикаст етказишда давом этаётган йигитларнинг қонли тўқнашуви Қ.Бозоровнинг ўлими билан якун топди. И.Азизов Қ.Бозоровнинг олд ўнг кўкрак соҳасига ҳам пичоқ уриб, уни жароҳатлашда давом этди.
Натижада Қ.Бозоров шаҳар Марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, олган тан жароҳатлари натижасида вафот этди.
Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Қ.Бобоевнинг танасида кўкрак қафасини олди ўнг томони санчилган-кесилган яраси, ўрта ўмров чизиғи бўйлаб 4-5 қовурғалар орасидан кўкрак бўшлиғига кириб 5 қовурғани тўлиқ кесилиши ва тўш суягини шикастланиши, ўпка тўқималарининг юрак халтаси ва юрак тўқимасининг жароҳатланиши, асорати ўткир қон кетиши аниқланиб, ушбу жароҳатлар унинг ўлимига сабаб бўлганлигини қайд этди.
Суд судланувчилар И.Азизов, Б.Азизов ва Б.Соиповлар қилган ишларидан пушаймонда бўлсада, қонуний ҳукм ўз ишини қилиши лозимлиги тушунтирилди ҳамда И.Азизовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра узил-кесил ўташ учун 16 (ўн олти) йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини, Б.Азизов ва Б.Соиповга эса 1 (бир) йил 6 (олти) ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
М.Туйчиев,
жиноят ишлари бўйича
шаҳар суди раиси.