Саломатликни ҳеч қачон моддий бойлик ва маблағ эвазига сотиб олиб бўлмайди. Инсон соғлом юргандагина бахтли яшаши мумкин. Ҳар бир киши кундалик ҳаёт меъёрини сақлай билиш керак. Ўқиганда, ухлаганда, юрганда, чопганда, дам олганда, кулганда, йўталганда ҳам шундай бир чегара, меъёр борки, шу меъёрнинг бузилиши, албатта саломатликка зарар етказади.
Саломатликни мустаҳкамлаш сирларини чуқур билиш ва саломатликни асрашнинг ягона йўли соғлом турмуш тарзи эканлигини чуқур англаб етишимиз лозим. Сиз пул сарфлаб эмас, аксинча оддий соғлом турмуш тарзини ўзингизнинг ҳаётий қоидаларингиз сафига киритсангиз, соғлом ва бахтли ҳаёт кечирасиз.
Соғлом турмуш тарзининг асосий йўналишлари қуйидагилар:
- энг аввало, ўзингиздаги зарарли одатлардан қутулишга ҳаракат қилинг. Бунинг учун уларнинг зарари ва оқибатини ҳар доим тасаввур қилинг ҳамда танқидий баҳолаб боринг. Ножўя одатлардан қутулиш услубларини қулланг;
- овқатланишда меъёрийлик, хилма-хилликка одат қилинг. Тана оғирлиги меъёрида бўлишига эришинг. Ортиқча ва режимсиз, пала-партиш овқатланишга чек қўйинг;
- жисмоний фаол бўлинг. Бунинг учун биринчи галда бўғимларни ҳаракатга келтирувчи машқлар мажмуини белгиланг. Уни уй шароитида бажариладиган машқлардан бошлаш мумкин. Эрталаб туриб сайр қилиш, юриш, югуришга одатланинг. Кундалик ҳаракат оз бўлса ҳам, доимий бажариладиган машғулотлардан иборат бўлсин;
- Ҳар куни эрта уйқуга ётиб, эрта туришга одатланинг. Ўқишда танаффуслар вақтида очиқ ҳавога чиқинг, ўзаро муомала муносабатларига риоя қилинг. Руҳий саломатликни асранг;
- озодаликни одат қилинг. Тозалик масалаларини билиш ва малакаларини мустаҳкамлаб бориш, шахсий гигиена қоидалари, қўл тозалиги, оғиз бўшлиғи гигиенаси, соч ва тери гигиенасига риоя қилиш соғлом ҳаёт кечиришнинг асосий омилидир;
- келажакда соғлом фарзандлар туғилишини таъминлаш учун оилавий турмуш қуришга шайланаётган йигит ва қизлар никоҳ гигиенаси ва жинсий ҳаёт ҳамда соғлом турмуш тарзи ҳақидаги билимлардан хабардор бўлиши лозим;
- шифокор ҳузурида бўлиб, йилига камида 1 маротаба тиббий кўрикдан ўтинг. Чунки касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш осонроқ ва муҳимроқ;
- салбий руҳий ҳолатлар кўпинча хасталикларга жумладан, қон босими, невроз, ошқозон яраси, ўсма, қандли диабет сингари касалликларни келтириб чиқаради.
Соғлом турмуш тарзини ўзимизда шакллантириш учун тиббий саводхонликни ошириб бориш лозим бўлади.
Юлдуз Абдуллаева,
умумий амалиёт шифокори.