Image default
Ҳикоя

БИР УМР ҲИКОЯТИ

Олмалиқ шаҳрининг «Гулистон» кўчасига йўлингиз тушса 85-уйга кириб ўтинг. Бу ерда юз билан юзлашаётган, икки оёқда юрувчи тарих ва ҳикмат китоби Турдибой Саидқулов яшайди.
Отахон 1926 йил Оҳангарон тумани Телов қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни битирар-битирмас колхозга ишга ўтади. Ўттиз ёшида Олмалиқ шаҳрига кўчиб келгач 1957 йилдан то нафақага чиққунига қадар Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли Марказий таъмирлаш-механик заводида ишлайди.
Меҳнатсеварлиги ва фидойилиги муносиб тақдирланиб Т.Саидқулов 1985 йилда “Меҳнат фахрийси” медали билан тақдирланади. Отахон бундан ташқари турли саналар муносабати билан иккита кўкрак нишони соҳибидир.

Азиз ўқувчилар, келинг, қолган гапни қаҳрамонимизнинг ўзидан билиб оламиз.
‒ Биз жалойир уруғиданмиз. Саидқул ота билан Турон онадан икки ўғил, бир қиз туғилган. Опам Тиниқ 93 ёшида, укам Абдулла 43 ёшида вафот этган. Ўзим 96 га кираман бу йил. Туғилган овулимни Оқ олтин дерди. Ҳозир қадимги номини қайтариб Бекмурод овул дейди. Онам эрта ўтиб кетди. Отам колхозда ишларди. 1942 йилда Иккинчи жаҳон урушига кетиб, ярадор бўлди-да вафот этди. Уйнинг эркаги бўлиб мен қолдим. Опам билан укамни ўйлаб ўзимни меҳнатга урдим. Аслида институтларга кириб ўқимоқчи эдим. Лекин иқтисод тўғри келмай, мактаб маълумотида қолиб кетдим.
Оила қуриб кампирим билан 35 йил аҳил яшабмиз. Ақалли бир марта жанжаллашмабмиз-а! Беш ўғил, икки қизни ўстирдик. Ҳозир 26 невара, 50 чеваранинг бобосиман.
Бировнинг ҳаққини емадим. Фақат ҳалол ишладим. Кимдир келиб “менда қарзинг бор” ёки “менинг ҳаққимни егансан” деёлмайди. Мана шундай яшаб ўтдим. Қўлимдан келса яхшилик қилдим, қўлимдан келмаса ёмонликларга аралашмадим. Ароқ деган балойи азимни оғзимга олмадим. Мана болаларим айтсин, бирон марта маст бўлиб, эшикдан қийшайиб кириб келганимни ёки хотинимни тутиб урганимни кўрган эмас. Ҳалол луқмага қаноат қилдим, мана юзга етай деяпман соғломман. Фақат шу уч йил бўлди кўзим кўрмай қолди. Уям бўлса нотўғри муолажа асорати экан. Аллоҳга шукур, барча берган ва бермагани учун!
Болаликни эсланг дедингиз. Эсимда катта ҳовлимиз бўларди. Кун ора қишлоқ чоллари йиғилиб, достон тингларди. Бизда икки бахши яшарди ‒ Ҳамро бахши билан Усмон бахши. Ў, уларнинг “Гўрўғли”ю “Алпомиш”ни айтишини эшитган одам сел бўлиб кетарди. Ҳозир бахшичиликка катта эътибор бериляпти. Ёш бахшилар чиқяпти. Ҳаммасини радиодан эшитиб ўтираман. Лекин аввалгиларга ўхшамайди-да негадир. Кейинроқ патефон чиқди. Қишлоғимизда фақат Комилхўжа деган одамда патефон бўларди. Ҳар куни кечқурун Ҳалима Носирова, Тамарахоним, Маъмуржон Узоқовлар “концерт” қўярди. Одамлар Комилхўжанинг деворидан қараб, қўшиқ эшитарди. Ҳа ундан кейин радио, телевизор чиқиб ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетди.
Саёҳатга қизиққанман. Таним соғлиги учун санаторияга йўлланма берса олмасдим. Лекин саёҳат учун доим тайёр турганман. Дунёнинг 21 та шаҳрида бўлдим. Қора денгизга шўнғидим, Каспий денгизи соҳилларида гўзалликдан баҳраманд бўлдим. Илло, ўзимизнинг ерга ўхшаш жойни кўрмадим. Ўзбекистон барибир бошқача, болаларим.
Бир ажойиб замонлар келди, бўйларингдан. Бунақа замон бўлган эмас, бунақа раҳбар бўлган эмас. Фақат халқ дейди, халқ билан бўлинглар дейди. Буни шукрини адо этиш керак. Ўқиб қолинглар, ўзларингни кўрсатиб ишлаб қолинглар.
Сизларга икки оғиз насиҳатим бор. Қариндош-уруғчиликни маҳкам ушланглар. Болаларни меҳрибон, шафқатли қилиб тарбияланглар. Оила аъзоларингдан ширин гапни аяманглар. Неъматларнинг қадрига етинглар.
Уруш даврини биз кўрдик. Жабрини биз тортдик. Сизлар кўрманг ҳам, куйманг ҳам. Фақат илм олиб, ҳалол меҳнат қилинг. Юзга қараб кетаётган отангизнинг гаплари шулар, болаларим,” ‒ дейди Турдибой ота Саидқулов.
Нуронийларимиз ғаниматларимиз. Уларни йўқлаб, суҳбатларини тингласак, дуосини олсак асло кам бўлмаймиз. Улардан тарихнинг қоғозларга тушмаган сатрларини, одамлар қалбида қолиб кетган орзу-армонларини тинглаймиз. Асосийси, ибрат олсак, тўғри хулоса чиқара олсак бўлгани. Биз ҳали Турдибой отанинг суҳбатларига яна қайтамиз, газетхонлар. “Хотира ва қадрлаш куни” арафасида Олмалиқ шаҳрининг «Гулистон» кўчасига йўлингиз тушса Турдибой отани йўқлаб ўтинг…

Рустам ҲУНАРОВ.

МАВЗУГА ОИД

ҲИММАТ

admin

Оператор жавобини кутинг!..

admin

УМРАМНИ АЛЛОҲГА СОТДИМ…

admin

ДУМ

admin