Ассалому алайкум, азиз мўмин-мусулмонлар!
Яқиндагина орзиқиб кутилган ойлар султони – Рамазонни катта қувонч, шоду хуррамлик билан қарши олган эдик. Мана, бугун бу улуғ ой поёнига етмоқда.
Бу ойда қилган тоат-ибодатларимизни, хайру саховатлармизни Аллоҳ таоло даргоҳида қабул айласин. Ниятларимизга яраша эзгу ишларимизнинг савобини кўпайтириб берсин. Рамазон – эзгу амаллар, хайру саховат ойи. Бу ойда қилинган ҳар бир хайрли ишга ўн баробардан то етти юз баробаргача ажрлар берилади. Айниқса, эҳтиёжманд, кўнгли ўксик, ночор аҳволда қолган кишиларга ёрдам қўлини чўзишнинг савоби катта.
Бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.
Рамазони шарифнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади.
Иккинчи ўн кунлиги – “мағфират” даҳасида пок ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган.
Охирги ўн кунлиги эса “Итқун минан-нийрон”, яна “Қадр даҳаси” ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажрларини ато этгай.
Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровеҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.
Азизлар, кириб келаётган Рамазон ҳайити муборак бўлсин!
Рамазоннинг шукуҳи, файзи,таровати бир йилга татисин!
Хусниддин Ортиқов,
«Рамазони шариф»
жомеъ масжиди шаҳар
бош имом-хатиби.