Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан шаҳримиздаги 9-умумтаълим мактабининг 9-синф битирувчи ўқувчилари ўртасида давра суҳбати ташкил қилиниб, унда “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи, топшириладиган ҳужжат турлари ва имтиёзлар ҳақида ўқувчиларга маълумотлар бериб ўтилди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тизимида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи ташкил этилганлиги ҳамда ўқув масканининг асосий вазифалари, кимлар у ерда таълим олиши мумкинлиги ҳам тушунтирилди.
Хусусан, лицейнинг асосий вазифалари ўқувчиларда халқимизнинг маънавий-маърифий қадриятларига ҳурматни шакллантириш, уларда ҳалоллик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик каби шахсий хислатларни шакллантириш, халқимизнинг бой тарихи ва маданияти, буюк аждодларимизнинг, энг аввало, Амир Темурнинг бебеҳо мероси, Ватан озодлиги ва фаровонлиги йўлида ўзини қурбон қилган замондош ватандошларимизнинг қаҳрамонлиги асосида Ўзбекистон халқига содиқ, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ўқувчиларни тарбиялаш кабилар киришлиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, нотиқлик ва етакчилик хислатларига эга, жисмонан ривожланган, чидамли, мард ва жасур Ватан ҳимоячиларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун муносиб номзодларни тайёрлаш ушбу лицейнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Суҳбат сўнгида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоб олишди.