Вақт ўтгани сари нафақат ватанимизда, балки бутун дунё бўйлаб содир этиладиган жиноятларнинг янги кўринишлари ва хусусиятлари, жиноят содир этган шахснинг тавсифи, унинг жиноят содир этиш сабаби ва жиноят содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар пайдо бўлмоқда ва айрим ҳолларда жиноят қурбонларининг ҳам жиноят содир этилишидаги иштирокини айтиб ўтиш лозим. Айрим жабрланувчи шахсларнинг шундай хусусиятларига қуйидагиларни мисол тариқасида келтиришимиз мумкин:

• с а л б и й хулқ-атвори;
• ғайри-ижтимоий хатти-ҳаракатлари;
• ў з — ў з и н и жисмонан ҳимоя қила олмаслиги;
• жиноят содир этиши мумкин бўлган шахсни қасддан жиғига тегиши (уни камситиши, шаъни ва қадр-қимматига салбий таъсир қилувчи ҳаракатлар қилиши, унга нисбатан менсимаган ҳолда, яъни ўзини ундан устунроқ қўйиб муносабатга киришиши);
• ҳуқуқбузарлик жабрланувчиларининг ўз вақтида тегишли орган ва муассасаларга мурожаат қилмаслиги.
Юқорида кўрсатиб ўтилган жабрланувчи шахсиятига тегишли хусусиятлар қандай қилиб жиноят содир этилишига олиб келиши мумкин, деган савол туғилиши табиийдир. Жабрланувчининг жиноят қурбони бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларига ушбу ҳолатни мисол сифатида келтирамиз. Фуқаро А. 10-синф ўқувчиси. А. мунтазам равишда спорт билан шуғулланади, бақувват тана тузилишига эга. Ўзининг жисмоний жиҳатдан ўз тенгдошларидан кучлироқ эканлиги сабабли мунтазам равишда ўз синфдошларининг жиғига тегади, уларни менсимасдан муомала қилади, тез- тез кўчада жанжаллашиб туради. Доимий равишда унинг тазйиғидан азият чекаётган фуқаро К. фуқаро А. билан тез-тез жанжаллашганлиги сабабли кўп маротаба уйига кўзи кўкарган, қўллари шилинган ҳолда келади. Фуқаро К.нинг ота-онаси ушбу ҳолатларга “йигитчиликда бўлиб туради, эркак киши шўх бўлади”, каби сўзлар билан баҳо беришади. Бир куни фуқаро К. яна кўзи кўкарган, кийимлари йиртилган ва ифлос ҳолатда уйига кириб келади. Кейинги куни ҳеч кимга билдирмасдан уйидан ошхона пичоғини олиб чиқиб кетади ва фуқаро А.нинг орқа томонидан бориб пичоқни фуқаро А. қорнининг орқа томонига санчади.
Мазкур ғайриижтимоий ҳолатда ким айбдор деб ўйлайсизлар? Криминолог олимларнинг фикрича, ушбу ҳолатга биринчи навбатда фуқаро А. ўзининг салбий хулқ атвори, атрофидагиларни менсимаслиги ва уларга нисбатан доимий равишда тазйиқ ўтказиши сабаб бўлган. Кейинги навбатда фуқаро К.нинг жинояти эса ўзига нисбатан тазйиқ ўтказилаётганлиги ҳақида ҳеч кимга мурожаат қилмаганлиги, фуқаро К. ота-онасининг ўз фарзандларига нисбатан эътиборсиз қарашлари оқибатида келиб чиққан.
Сизларнинг фикрингизча ушбу жиноят содир этилишига қандай ҳолатлар сабабчи бўлди, мазкур ҳолатда ким айбдор, ким асл жабрланувчи? Мазкур ҳолатга ўхшаш мисолларни ҳозирги жамиятимиздан кўплаб топишимиз мумкин. Ушбу жавобгарлик чоралари билан биргаликда уларга нисбатан якка тартибдаги ва виктимологик профилактик чора-тадбирлар қўлланилиши Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 44-моддасида кўрсатиб ўтилган. Шу боис, бу каби жиноятларнинг олдини олишда ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқа давлат органлари ва муассасалари томонидан кенг жамоатчиликка тушунтириб борилиши мақсадга мувофиқ.
Ш.АКБАРАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги
Академияси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти
мутахассислиги 3-ўқув курси 9-гуруҳ курсанти.