Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – малакали ва замонавий билимга эга кадрлар тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари билан халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу орқали юртимиздаги олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимларининг хорижий университетлар, илмий тадқиқот муассасаларида илмий ва академик тажрибасини орттириши учун имконият яратиш ишларига катта аҳамият қаратилмоқда.
ТДТУ Олмалиқ филиалига Россия Федерациясининг етакчи олий ўқув юрти Урал федерал университети ректори В.А.Кокшаров бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Ташриф жараёнида делегация вакиллари томонидан катта илмий мактаб салоҳиятига эга Урал федерал университетининг илмий, ўқув, амалий фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, университетнинг Янги материал ва технологиялар институти рангли металлар металлургияси кафедраси профессори Д.А.Рогожников филиал талабаларига дарс маъруза ўтди.
Ташрифнинг асосий мақсади сифатида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали аниқ тизим асосида магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг стажировка ўташларини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, республикамизнинг етакчи металлургия корхонаси “Олмалиқ КМК” АЖ базасидаги мавжуд тоғ-кон саноати муаммоларини уч томонлама ҳамкорлик асосида ўрганиш ишлари амалга оширилади. Бунинг учун жорий йилнинг июнь-июль ойларида УрФУ ҳамда ТДТУ Олмалиқ филиали илмий тадқиқотчиларининг ўзаро ташрифини амалга ошириш режалаштирилди.