Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан биридир.
Эл-юртнинг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларга, жанг майдонларида жонини фидо қилган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмун билан бойиди.

Шу боисдан, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан, мазкур улуғ сана арафасида Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва шаҳримизнинг Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани раҳбарлари ҳамкорлигида шаҳримизда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олинди ва уларга турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди.

Жумладан, А.Темур кўчасида яшовчи урушнинг қийин кунларини бошидан ўтказган 88 ёшли Брюховецкая Марина Ивановна, шунингдек, урушда ўзининг матонати ва жасорати билан муносиб қатнашиб, ҳозирги кунда 98 ёшни қоралаган Сидарюк Анна Игнатевналарнинг ҳолларидан хабар олиниб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.