Шаҳримизда фаолият олиб бораётган 51 та маҳалладаги тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари ҳар бири ўз услубига эга, тажрибаси бор мутахассислардир. Сабаби мазкур лавозимга шаҳардаги иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, молия, ғазначилик, бандлик, пенсия, статистика, инвестициялар ва ташқи савдо, давлат солиқ, тижорат банклари, хусусан, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва қурилиш комплексларига кирувчи бошқа идораларининг масъул лавозимларида фаолият олиб борувчи раҳбар ходимлар тайинланган.
Уларнинг ораларида ҳуқуқшунослар ҳам бор. Муҳими, қайси касб эгаси бўлмасин, қисқа вақт мобайнида кўп йиллардан бери тўпланиб қолган аҳоли муаммоларини бартараф қилиш, уларни тадбиркорликка ўргатиш орқали фаровон ҳаёт кечиришига замин яратиш ва том маънода халқ таянчига айланишни уддалашлари лозим. Шуни қувонч билан айтиш лозимки, шаҳримиз ҳоким ёрдамчилари орасида тизим янги бўлишига қарамай, ўз ишини масъулият билан бажариб, яхшигина натижаларга эришаётган ҳоким ёрдамчилари ҳам бор. Хусусан, шундай инсонлардан бири Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Рўзимбетовдир.
Асли касби юрист бўлган бу инсон илк иш фаолиятини 21 ёшида шаҳар ҳокимлигида юрист вазифасидан бошлаган. Сўнг ОКМК АЖ бошқармаси ҳамда ўқув марказларида фаолиятини давом эттирди. Халқ таълими вазирлигида ҳам масъул лавозимларда ишини олиб борган.
Улуғбек Рўзимбетов МТТ йўналиши ва қурилиш йўналишларида, сўнг тадбиркорлик фаолиятида ҳам ўзини синаб кўрган. Ҳозирда ўзининг хусусий стоматологияси мавжуд бўлиб, оилавий тадбиркорлик асосида бу ишни ҳам ҳоким ёрдамчиси иши билан параллел равишда олиб бормоқда.
Ҳоким ёрдамчилиги фаолиятини маҳаллада хатлов ўтказиш билан бошлаган Улуғбек Рўзимбетов бугунги кунда бир нечта тадбиркорлик йўналишларини йўлга қўя олди.
Мақсад — олға юриш, олдинга интилиш
Ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Рўзимбетов олиб борган ишлар хусусида фикрларини рақамлар орқали ифодалаб, фаолияти ҳақида қисқача гапириб берди:
— Маълумки, ҳар бир хонадонга кириб бориш, хонадонбай сўровлар ўтказиш, маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида кредит, субсидия, моддий ёрдам ва нафақалар ажратиш бўйича хулосалар бериш ҳоким ёрдамчисининг асосий вазифасига айланди.
Мен ҳам илк ишимни маҳаллада хатлов ўтказишдан бошладим. Алишер Навоийда 2064 та аҳоли яшайди, шундан 776 та оила, 736 та хонадон ва 48 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб, улардан 35 нафар фуқаро ишсиз деб топилган. Ҳозир 27 нафар фуқаро ишга жойланган.
Ишимни бошлагунга қадар, А.Навоий МФЙда 38 та тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 47 тага кўпайган. Яъни, фаолиятим давомида яна 9 та кичик тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди.
Ҳозирда фармацевтика йўналишида дорихона, аёллар учун тикув цехи ташкил қилинди. Ишлаб чиқариш ва аҳолига хизмат кўрсатиш драйвери асосида 3 нафар фуқаро оилавий тадбиркорлиги йўлга қўйилди. Ҳар бир тадбиркорлик йўналишида камида 3 нафардан фуқаро иш билан таъминланмоқда.
Бундан ташқари тадбиркор Матлабхон Маматқулова 10 нафар қизни қандолатчиликка ўқитаётган бўлса, жой масаласини ҳал қилишда кўмак берганим тадбиркор Моҳидил Зокирова тикувчилик билан шуғулланиб, бир неча аёлларни иш билан таъминлаган.
«Шунчаки гапни эмас, ишни ҳам билиш керак»
Биласизми, ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаш учун шу йўналишда мутахассис бўлиши шарт эмас, муҳими, тадбиркорлик йўналишида амалий билим ва тажрибага эга бўлиш, мотиватор-психолог бўлиш керак. Яъни, тадбиркорлик истагида бўлган фуқароларга мотивация бера олиш, уларни ўзига ишончини ошириб, тадбиркорлик ишини йўлга қўя билишда кўмак бера олиш лозим. Буни биргина мисол ёрдамида тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.
Маҳаллада яшовчи ишсиз фуқаро Баҳромжон Дадахонов тадбиркорлик йўналишида ўзини синаб кўриш истаги борлигини айтиб, савдо-сотиқ қилиш учун кредит сўради. Лекин фуқарога кредит тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилишини тушунтириб, бу борада унга бир нечта кўрсатмалар берилди. Яъни унга ишлаб чиқаришни тавсия қилиб, бунинг учун жой ва қандолатчи ҳам тайёрлигини айтганимдан сўнг, фуқаро рози бўлди. Бу орада яна бир ишсиз фуқаро Айкул Ералиева қандолатчилик бўйича ишлаш ниятида эканлиги, лекин кредит олишни хоҳламаётганини билдирган. Бошқа фуқародаги бўш турган бинони ижарага олиб, Баҳром Дадахоновга кредит олишда ёрдам берилиб, қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ишлар йўлга қўйилди. Ҳам бино эгаси, ҳам Баҳромжон Дадахонов, ҳам қандолатчи опа даромадга эга бўла бошлади.
Ишончсиз ишинг битмас, пулсиз эса кунинг ўтмас
Фаолиятим давомида шу кунга қадар 3 нафар фуқарога кредит чиқаришда кўмаклашдим. Лекин шундай вазиятлар ҳам бўлдики, кредит олиш учун таъминотчига банкдан пулни чиқаргунга қадар ўз машинамни гаров эвазига қўйишга ҳам тўғри келди. Чунки банк тадбиркор ўзи учун керакли барча ускуналарни сотиб олиб ўрнатгандан сўнг унга пул ажратади.
Яна бир фуқаро учун печлар сотиб олишда кредит чиққунга қадар, тилхат ёзган ҳолда 1000 доллар миқдордаги пулларни гаровга қўйиб, тадбиркорлигини бошлашга ёрдам бердим. Оз муддатдан сўнг банк орқали таъминотчига кредит пуллари ўтказилиб берилди. Мен эса гаровга қўйилган нарсаларимни қайтариб олдим.
Тадбиркорликни яхши йўлга қўйиш учун албатта, молиявий жиҳатдан ҳам “бақувват” бўлишингиз керак экан. Фуқароларни ишонтириш учун сизда албатта таржиба бўлиши, улар сизга ишонишлари учун қандайдир натижаларингиз билан уларни ишонтиришингиз лозим.
Ҳамкор ва ҳамжиҳатлик — яхши натижа демак
Алишер Навоий маҳалла раиси Хусниддин Нуралиев билан ҳамкорликда ишлаймиз. Мен одамларни шунчаки хатловдан ўтказганим, уларни яхши ўргандим дегани эмас. Лекин раис бир неча йиллик фаолиятиҳамда оиласи ҳақида батафсил биладиган одам сифатида менга жуда катта ёрдам бериб келмоқда. Маҳалладаги ҳар бир ходим, раисдан тортиб ёшлар агентлиги ходимигача ҳамкорликда, баҳамжиҳат бирга фаолият олиб боришмаса, иш юрмайди. Қачонки, бирга ҳаракат қилишса, натижаси албатта бўлади. Биз доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзимни ўзим танқид қилиб яшайман
Мен доим ишларимни таҳлил қилиб бораман. Бугун нима қилдим, эртага нима қила оламан? Бир нарсани ишонч билан айта олманки, ҳозирги кунда ўзимга ёққан ишни қилганим учун чарчаш нималигини билмайман. Доим фаолиятим доирасида жавоб бериш лозим бўлган раҳбарият олдида бошим тик ҳолда бораман. Чунки ҳар кунимдан натижа олишга ҳаракат қиламан ва жавоб берганда ҳам нимадир ишимни охирига етказиб, унинг натижаси хусусида албатта, айтиб бера оламан. Ҳаракат қилган инсонда қўрқув бўлмайди, жавобсизсав о л лар бўлмайди. Муҳими, ўзига ишонч ва ҳаракат.
Келгусидаги режалар
Тадбиркор Файзулла Каримов ёрдами билан Алишер Навоий маҳалласида ёшлар гузарини қуриш режалаштирилган. Шунингдек, гузарда кутубхона ва IT йўналишида курсларни йўлга қўйиб ёшларни жалб қилиш мақсад қилинган. Бундан ташқари нодавлат МТТ, тиббий кўрик маркази қуриш ҳам режада бор.
Ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Рўзимбетов билан суҳбатимиз якунига етар экан, бу тизимдаги эришилаётган натижалар қанчалик ҳаётимиз учун аҳамиятли эканлигини англаш қийин эмас. Биз эса ҳоким ёрдамчиларидан бунданда каттароқ натижалар кутиб қоламиз.