Image default
Ҳикоя

АРМОН БЎЛГАН ОРЗУ

– Ҳали-ҳали ёдимда. Бир сафар эмлангани бордик, роса йиғлаяпман. Дадам эса “Қўрқма, қизим, мен шу ердаман”, деб мени онамга бериб юбориб, кўчага отилиб чиқиб кетдилар. Жуда-жуда яхши кўрардилар – укол олаётганимда қараб туришга кўнгиллари бўлмаган. Мен эса отамнинг сўнгги кунларида томирига тушолмасдан билакларини илма-тешик қилиб ташлаётган ҳамшираларнинг қалтироқ қўлларини жимгина кузатишга мажбур қолдим…
Мактабда аъло баҳоларга ўқирдим. Дадам келажакда дўхтир бўлишимни истар, мен эса табиий фанларга қизиқмасдим. Иқтисодиёт йўналишига тайёрлана бошладим, аммо шароитимиз оғирлашиб репетиторга пул тополмай қийналдик. Таваккал қилиб, Жаҳон тиллари университетига ҳужжат топширдим. Киролмадим.
Дадам хафа бўлдилар мендан. Ўқитолмадим деб эзилардилар. Иккинчи йили ҳам шу, учинчи йил ҳам… Депрессияга тушиб қолгандим. Уйга қамалиб йиғлаб ўтирардим. 2012 йил 171 балл билан ўқишга кирдим. Дадамнинг хурсандчилигини кўрсангиз эди! Ҳаммага қўнғироқ қилиб, “Қизим ўқишга кирди, контракт бўлсаям ўқитаман”, деб хурсанд бўлиб гапирарди. Ҳатто тузукроқ кийим олишга пули бўлмаса ҳам, мени ўқитишни истарди.
Уйимизда бир сўм пул йўқ. Бошни қайси деворга уришни билмаймиз. Мен айб иш қилиб қўйган боладек ўзимни ҳаммадан олиб қочаман. Дадамнинг кўзига қаролмайман. Онамга тўлов-шартнома асосида ўқимайман, дейман-у, ич-ичимдан ўқигим келади…
Шукр, ўқидик ҳам. Лекин жуда катта қийинчиликлар, қарз-ҳаволалар, дадамнинг азоблари, онамнинг кўзёшлари эвазига. Мени деб ҳатто бир бурда нонга ҳам зор бўлишганини кейинчалик эшитдим. Шаҳардаги ижарам, харажатларим учун бобом пул берарди, лекин контракт тўлаш вақти келаверса ёки тўламаганлар рўйхати фақат мендан иборат бўлса, ота-онамнинг уйқуларини қочирган айнан мен бўламан.
Шуларнинг ҳаммасини кўра-била туриб, дадамнинг раъйини қайтара олмасдим – тўйга розилик бердим. Лекин барибир кўнглим адашмаган экан – узоқ яшай олмадим. Бир нарсани билишингизни истардим, ҳеч бир қиз ота-онасининг уйига қайтиб бориш учун турмушга чиқишни орзу қилмайди.
Тошкентга келдим, мактабда иш бошладим. Тўйимдан кейин дадамнинг кўп тоби қочган экан, даволанишга пули йўқ, кимгадир суянай деса, суянадигани бўлмаган. Бир куни дадамнинг шифохонага тушганини айтишди, чунки уч-тўрт кунки қўнғироқларим жавобсиз эди. Кўнглим жуда ғаш.
Сўнгги тун тонггача қўлларини қўйиб юбормадим. Мени хафа бўлмасин деб гапиришга уринадилар. Эҳ, дадам-а! Ичгиси келмаса ҳам, қўлимни қайтармаслик учун сутдан аранг ҳўплайди. Лекин ютолмайди, менга қараб қўяди. Тамомлар бўлдим. Кўз ёшимни кўрмасин деб йиғимни ичимга ютаман. Афсуски, биринчи маошим дадамнинг жанозасига ишлатилди…
Ота-она дуоси бепарда қабул бўлади, деган гап ҳақ экан – Ўзбекистонда герман филологиясини тугатгандим, Германияда эса дадам истаган тиббиёт соҳасида, имконияти чекланганлар билан ишлаш институтида ўқиш насиб этди. Яна кўп-кўп орзуларим ушалди. Шеърий китобларим, немис тилидан таржималарим чоп этиб келинмоқда. Ҳар доим ортга қараганимда отам “Олға, қизим! Орзуларинг йўлида давом эт!” дегандек бўлаверади.

Нодира Назар,
Германиядаги “Caritas Fortbildungsinstitut” талабаси, таржимон.

МАВЗУГА ОИД

«Алдоқчи»

admin

ҚАЙТАР ДУНЁ

admin

ДУМ

admin

Оператор жавобини кутинг!..

admin