Ҳар бир байрам арафасида “Олмалиқ КМК” АЖ раҳбарияти ва комбинат ходимлари касаба уюшмаси ташаббуси билан бир қатор хайрли ишлар амалга ошириб келинади. Жумладан, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ОКМК ходимлари касаба уюшмаси томонидан 163 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож пенсионерларга, 35 нафар боқувчисини йўқотган оилаларга озиқ-овқат жамланмалари тақдим этилди.
Шунингдек, ОКМК томонидан 3 нафар иккинчи жаҳон уруши ва 34 нафар меҳнат фронти фахрийлар, 2 нафар Ўзбекистон қаҳрамони, 57 нафар афғон уруши қатнашчилари ҳамда Чернобиль АЭСи ҳалокатини бартараф этишда иштирок этганларга ҳам 9 хил озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат жамланмалар топширилди.
Яна бир аҳамиятга молик жиҳат комбинат ходимлари касаба уюшмаси фаоллари ҳамда ёшлар томонидан иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларининг хонадонларида хайрия ҳашарлари ҳам ташкил этилди. Ушбу ҳашарлар давомида фаоллар нуронийларнинг хонодонларини тартибга келтириб, уй юмушларига ёрдам беришди.
Бу каби эзгу амаллар ва ғамхўрликлардан хурсанд бўлган нуронийлар ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдириб, Яратгандан юрт тинчлигини сўраб, дуо қилишди.
Бундан ташқари, ОКМК бошқаруви раиси буйруғига кўра, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари, афғон уруши қатнашчилари ҳамда Чернобиль АЭС ҳалокатини бартараф этишда иштирок этганлар рағбатлантирилади.
Унга кўра, иккинчи жаҳон уруши фахрийларига (3 нафар) 5 млн сўмдан, меҳнат фронти фахрийларига (34 нафар) 3,5 млн сўмдан, афғон уруши қатнашчилари (257 нафар) ҳамда Чернобил АЭС ҳалокатини бартараф этишда иштирок этганлар (14 нафар)га 1,5 млн сўмдан пул маблағлари топширилмоқда.
Аждодларимизнинг сўнмас жасоратини хотирамизда мангу сақлаш, кексаларимизни тириклигида қадрига етишимиз барчамиз учун ҳам қарз ҳам фарздир.
Феруза Базарова,
ОКМК ходимлари касаба уюшмаси
ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассис.