Image default
Саломатлик

НИМА УЧУН АЁЛЛАРГА ТИББИЙ КЎРИК КЕРАК?

Бачадон бўйни эрозияси – фертил ёшдаги, яъни туғиш ёшидаги аёлларнинг 15 фоизида учрайди, баъзан ўсмир қизларда ва туғмаган аёлларда ҳам учраши кузатилади.

Эрозиянинг давомли, консерватив муолажалардан сўнг ҳам тузалмайдиган хили, яъни микроскопик кўринишда дисплазия белгиларини бериши — бу ўсма касалликлардан олдинги ҳолат деб баҳоланади.
Бачадон бўйни эрозиясининг пайдо бўлишига сабабчи бўладиган омиллар:
-яллиғланиш, яъни жинсий йўл билан юқувчи касалликлар. Ҳозирги кунда ТОРЧ инфекцияси десак хато бўлмайди. ТОРЧ инфекцияси натижасида бачадон бўйни шиллиқ қавати шикастланиб, яллиғланиш процессини бошлайди;
-гормонал, яъни организмдаги мувозанатнинг бузилиши ҳисобига пайдо бўлади. Бунга мисол эрозиянинг ҳомиладорлик вақтида аниқланиши ва туғруқдан сўнг бу ҳолатнинг йўқолиши;
-травма ёки шикастланиш натижасида пайдо бўлиши. Асоратли туғруқ ва тиббий абортдан сўнг кузатилади. Эктропион деб ҳам аталади.
Туғма эрозия камдан кам ҳолларда учрайди. Ҳомиладорлик вақтида ҳомилада жинсий аъзоларнинг ривожланиш даврида хужайравий ўзгаришлар сабабли ҳосил бўлади.
Асл, чин эрозия қин соҳасидаги бачадон бўйнининг жароҳатланишидир.
Бачадон бўйни эрозияси диагностикаси кечикишига сабаб аёлни деярли ҳеч нима безовта қилмайди, шикояти ҳам бўлмайди. Агар яллиғланиш процесси бошланган бўлса, қинда ажралмалар кўплиги, баъзан қонли ажралмалар келиши безовта қилади. Эрозия фақат гинекологик кўрик вақтида аниқланади: асл эрозия қизғиш рангда, қонталаш бўлади.
Бачадон бўйни эрозиясини даволашда қуйидагиларга эътиборли бўлиш керак. Туғма эрозия даволанишга муҳтож эмас. Асл, чин эрозиялар эктропионлар сабабчиси билан, яъни инфекция чақирувчиси билан даволанади. Бачадон бўйни эрозиясининг актив ҳолатида даво процедураси авайлаб, ортиқча шикаст етказмай қилинади. Қинга таркибида антибиотиклари бор малҳамлар билан тампон қўйилади, аэрозоллар, эмульсиялар билан ювилади. Бундан ташқари диатермокоагуляция, криотерапия, лазертерапиялар бажарилаяпти.
Давлатимиз томонидан қизлар, аёллар соғлигини мустаҳкамлаш учун ҳар йили тиббий кўриклар мунтазам равишда ўтказиляпти.
Фертил ёшдаги аёллар гинеколог кўригидан ўтишлари зарур. Кўрик вақтида ушбу касаллик аниқланса, аёл «Диспансер назорати»га олинади, зарурий текширувлардан ўтади. Аёлда бачадон бўйни ҳолатига қараб кольпоскопия, қин суртмасининг цитологик текширувлари, онкомаркерларни аниқлаш учун қон таҳлиллари буюрилади. Агарда ушбу текширувлар натижасидан шифокор қониқиш ҳосил қилмаса, аёлни чуқур текширув учун мутахассисга -онкогинекологга юборади.
Ҳурматли аёллар! Ўз соғлигингизга бефарқ бўлманг. Тиббий кўрикдан ўтинг, шунда сиз бачадон бўйни ўсма касалликларини пайдо бўлишини олдини оласиз. Бу эса узоқ умр кўришингизга кафолат.

Дилшода Бўриева,
шаҳар туғруқ комплекси
акушер гинекологи.

МАВЗУГА ОИД

ЎТРОҚ ҲАЁТ ТАРЗИНИНГ 5ТА АСОСИЙ САЛБИЙ АСОРАТИ

admin

Безгак – насл сурадими?

admin

Ботулизм — овқатдан заҳарланиш

admin

Коронавирусга қарши бустер доза билан эмлаш

admin