Image default
Ҳикоя

ОНА ИФОРИ

Онасининг тер ҳиди аралаш тутун иси келиб турган кийимлари қизининг жаҳлини чиқарди. Балки иккиқатлиги учун ёқмаётгандир бу ҳид. «Ҳеч кирни тоза ювмайди-да. «Ичида келинини ёзғирди. Дарров кийимларингизни ювиб берай демади. Онаси ёш боладек бўлиб қолган. Сал нарсага хафа бўлади. Эртаси куни эрталаб атайлаб бир-иккита кир олиб чиқди.

  • Келинг, она. Кийимларингизни ювиб бераман.
    Она кулимсираб, кийимларини ечиб берди. Ахир шаҳарлик бўлиб кетган қизининг нозик таъблигини билади-да.
    Қиз кийимларни хушбўй кукунларга солиб ювди. Яхшилаб чайди. «Ана энди бу бошқа гап», — деб ўйлади ўзича. Онаси бир ҳафта туриб қишлоққа қайтди.
    Бир ой ўтиб хабар келдики, онаси юрак хуружидан вафот этибди. Аёл йиғлаганча, онасиникига йўл олди. Барча маъракалар ўтгач, уйга қайтди. Юраги бўм-бўш, эгаси ташлаб кетган ҳовлига ўхшаб қолди. Болалари-ю, эри бир томон, онасининг ўзи бир дунё экан. Орадан қанча вақт ўтса ҳам онасини соғинаверди. Ўша тутун ҳиди аралаш тер иси келиб турган кўйлак уйида қолган экан. Уни кўриб қолганда, тилла топган тентакдек қувониб кетди. Унинг ҳолатини онасини йўқотганлар, типратикан игнасидек минглаб соғинч игналари юрагига азоб берганлар, энди онасини ҳеч қачон кўрмаслик, сочларини силамаслик, ҳидларига тўймаслик ҳиссини юрак-юрагидан туйганлар тушунарди. Зинҳор онаси ёнида юрганлар эмас.
    У кўйлакни бағрига босди. Ўпкасини тўлдириб ҳидлади. Бироқ димоғига онасининг ифори эмас, қайсидир гулларни эслатувчи сунъий бир ҳид урилди. Аёл кўйлакни бағрига босганча йиғлаб юборди.Чунки болалигидан онасининг тутун ҳиди аралаш ифори унга жуда ёқарди…

Саида Ибодинова

МАВЗУГА ОИД

ЮК ТАШУВЧИНИНГ ҚАРЗИ

admin

СИНОВ

admin

КИМ БИЛАН ГАПЛАШAЁТГАНИНГИЗНИ БИЛИНГ

admin

У ЕТМИШ ЙИЛ ОНАСИНИ КУТДИ…

admin