Image default
Жамият

“ХАЛҚПАРВАР” КОМИССИЯСИ НИМА ИШЛАР БИЛАН БАНД?

“Халқпарвар” комиссиясининг асосий мақсади маҳаллий ҳокимликлар ҳамда масъул давлат идораларининг уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ажратиш, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш борасидаги ишлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборатдир. Улар қурувчига ерни адолатли ажратилиши, имтиёз оладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхатининг шаклланиши ва қурилишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади.

Хўш, шаҳримизда бу комиссия аъзолари нималар билан банд? Уй-жойлар қурилиши масалалари бўйича қанчалик маълумотга эга? Субсидия масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида ахборотга эгами?
Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан ташкил этилган “Халқпарвар комиссия” раислигига ТДТУ Олмалиқ филиали раҳбари Алишер Самадов сайланган бўлиб, 2021 йилдан буён шаҳримизда ташкил этилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш жараёнларини депутат, жамоат фаоллари ва ОАВ ходимларидан иборат Халқпарвар комиссияси аъзолари билан биргаликда ўрганиб келишмоқда. Шунингдек, субсидия берилаётган фуқароларнинг шакллантирилган рўйхатлари асосида маҳаллаларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, куни кеча шаҳар Кенгаши қошидаги Халқпарвар комиссияси раиси Алишер Самадов бошчилигида навбатдаги комиссия йиғилиши ўтказилди. Кун тартибидаги биринчи масала субсидия масаласи бўлиб, комиссия аъзолари томонидан шаҳар иқтисодиёт бўлими бош мутахассиси Ойбек Маргазиевнинг субсидия берилиши юзасидан олиб борилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди ва бир неча саволларга жавоблар олинди.
Хусусан, фуқаролар томонидан Давлат хизматлари маркази орқали келиб тушган аризалар жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар жами 439 тани ташкил этиб, шундан 84 та ариза масъул ташкилотлар томонидан ўрганиш жараёнида эканлиги ва ишчи комиссия томонидан кўриб чиқилган аризалар сони 355 тани ташкил этиши айтиб ўтилди. Шундан рад этилганлар 273 та ҳамда ижобий деб топилган аризалар сони 82 та бўлиб, ҳозирга қадар бу фуқароларга субсидия учун сертификатлар тақдим этилган.
64 нафар фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганлиги, нотўғри маълумотлар мавжудлиги аниқланганлиги сабабли комиссия ариза берувчиларга субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш имконияти мавжуд бўлганлиги сабабли такроран ариза топшириш мумкин бўлган муддати кўрсатилган ҳолда шаҳар Давлат хизматлари марказига юборилган.
Олинган маълумотлар орасида энг муҳим жиҳати шундаки, ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрларига асосан дастлабки бадални шакллантиришга ажратилган 97.2 млрд сўм эвазига шаҳримизнинг 183 нафар фуқароси уй-жой сотиб олиш учун субсидияга эга бўла оладилар.
Комиссия аъзолари томонидан субсидия олиш тартиби қанчалик шаффоф дея берилган саволга Ойбек Маргазиев бу платформада инсон омили иштирок этмаслиги ва тегишли идоралар билан интеграция қилинганлигини таъкидлаб ўтди.
Афсуски, субсидия масаласини биргина рақамлар билан ифодалаб бўлмайди. Ҳужжатлар ва платформа орқали бажарилаётган ишларга разм соладиган бўлсак, ҳамма жараён холис олиб борилаётгандек гўё. Ойбек Маргазиев томонидан комиссияга тақдим этилган маълумотлар худди нуқсонсиздек. Шу боис комиссия томонидан субсидияга эга бўлаётган фуқаролар рўйхат асосида ўрганилиши кераклиги ва хулосалар сессия кун тартибида кўриб чиқилиши юзасидан келишиб олинди.
Шунингдек, «8 март» кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг тўхтаб қолиши сабаблари ўрганилиши юзасидан ҳам аъзоларга топшириқлар юклатилди.
Субсидия масалалари бўйича ўтказилган йиғилишдан сўнг комиссия аъзолари И.Каримов МФЙ, «Мутақилликнинг 27 йиллиги» даҳасида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишишди. Ўрганишлар давомида “LIGHT NEW FUTURE” МЧЖ томонидан 9 қаватли, 36 хонадонли, 2-3 хонали турар-жой биносининг қурилиш жараёни билан яқиндан танишдилар.
Эслатма ўрнида, субсидия олган фуқаролар Тошкент вилоятининг исталган ҳудудидан уй-жойга эга бўлишлари мумкин.

Дилдора АБДУРАҲМОНОВА.

МАВЗУГА ОИД

ҚОНЛИ СУВ ҚАЕРДАНПАЙДО БЎЛДИ?

admin

“АММОФОС-МАКСАМ” АЖ БОШҚАРУВ РАИСИ АКОБИР ТУРСУНОВНИНГ КИМЁГАРЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ
БИЛАН СОҲА ИШЧИ-ХОДИМЛАРИГА ЙЎЛЛАГАН
БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin

ФЛОТАЦИЯ МАЛИКАСИ

admin

Ҳужжат йўқолса жазоси жаримами ёхуд..?

admin