Лейшманиоз – жониворлардан юқувчи трансмиссив касаллик бўлиб, икки хил тури висцериал лейшманиоз ва тери лейшманиози оғир асоратлар билан кечувчи юқумли касалликдир.
Лейшманиоз касаллиги ўтган асрнинг 1960 йилларгача кенг тарқалиб, 1965 йилда батамом тугатилган эди, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган статистик маълумотларга кўра, 350 миллион аҳоли яшовчи 88та давлатларда лейшманиоз касаллиги учрайди. Ҳар йили 12 миллионгача одам лейшманиоз касаллигидан азият чекади. Ҳозирги кунда Афғонистон Республикасидан қўшни Тожикистон Республикаси орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келиб, маҳаллий ўчоқлар пайдо бўлган.
Лейшманиялар асосан касалланган беморларнинг ички органлари жигар, талоқ, лимфа тугунларида, суяк кумигидаги хужайраларни зарарлаб, оддий бўлиниш йўли билан ривожланади ва кўпаяди.
Касаллик манбаи: касалланган итлар, чиябўри, тулки ва юмронқозиқлар ва кемирувчилар бўлиб, касалликни ўтказувчи қон сўрувчи ҳашоратлар туркумига кирувчи искабтопарлар ҳисобланади. Улар касалланган кемирувчилар қонини сўриб, одамларни чаққан вақтда, лейшманиялар соғлом одамга юқади.
Висцериал лейшманиоз касаллиги билан кўпроқ болалар касалланади. Касалликнинг яширин даври бир неча ҳафтадан бир неча ойгача бўлади.
Касаллик белгилари: тана ҳароратининг 39-40 даражагача кўтарилиши, иштаҳанинг кескин пасайиши, ҳолсизлик, тери ранги оқариши, қориннинг таранглашиб, шишиб кетиши, жигар ва талок катталашиши ҳисобига аниқ намоён бўлади.
Касалликни ўз вақтида аниқлаб даволатмаса, худди зотилжам, диспепсия, йирингли инфекциялар асорати билан оғриётгандай кузатилиб, висцериал лейшманиоз оғир ҳолатларда ўлим билан тугаши мумкин.
Тери лейшманиози касаллиги асосан искабтопарлар кемирувчиларни чақиб кейин одамларни чақиши натижасида юқади касаллик, тери дўмбоқча яра ҳосил бўлиши билан бошланади. Беморни фақатгина дерматолог шифокорлар тавсия этган махсус дори препаратлари билан даволангандан сўнггина тузалиш бошланади.
Тери лейшманиози ёш танламайди катталар ва болаларда бир хилда чивинлардан ҳимояланмай ухлаган пайтларида асосан кечқурун искаптопарлар чақиши натижасида юқади.
Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган маъқул.
Бунинг учун одамлар томонидан боқилаётган итларни ўз вақтида ветеринар назоратига рўйхатга қўйиш, итларида касаллик аломатларига гумон қилинганда дарҳол шаҳар ветеринария хизматига мурожаат қилиш, керакли маслаҳатларга амал қилиш, болаларни итлар билан ўйнашига рухсат бермаслик, искабтопар учрайдиган жойларда пашшахона ва турли хил реппилентлардан фойдаланиш, хонадонларда кемирувчилар кўпайишига йўл қўймаслик, хонадонларда қорамол гўнгларини йиғмаслик ва кўп қаватли уйлар атрофида чиқиндиларни фақат махсус чиқиндихоналарга тўкиш лозим.
Шаҳар Санитария эпидемиология осойишталик
ва жамоат саломатлиги бўлими.