Ҳаётий эҳтиёжлар айрим иймони суст инсонларни кўп ҳолларда хато йўлга бошлайди, оқибати маълум бўлса ҳам. Бу каби инсонлар доим пул топишнинг осон йўлини излашади.
А.Мирзаев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам худди шу йўлни танлади. Яъни асли Намангандан бўлган бу фуқаро фойдали меҳнат билан шуғулланишнинг ўрнига алдов йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни мақсад қилди.
Ўзига олдиндан таниш бўлган Ш.Атаевнинг акасига ёрдам бера олишини айтиб, катта миқдордаги пулга эга чиқмоқчи бўлади. Ш.Атаевнинг акаси “Zamon Plyus Zamin” МЧЖ таъсисчиси А.Атаев ўзига нисбатан жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судида кўриб чиқилаётган жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми айнан А.Мирзаев ёрдами билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганини эшитиб, унга яна бир бор ишонч билдирмоқчи бўлди. А.Мирзаев келгусида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини бекор қилдириб беришини ҳамда судланганлик ҳолатини олиб ташлаб бера олишини ҳам айтиб, эвазига судда ишловчи танишларига 4000 АҚШ доллари бериш кераклигини тушунтирди. Мазкур масалани ижобий ҳал қилиш учун мансабдор шахсга қонунга хилоф эканлигини била туриб моддий қимматликларни беришга қизиқтириб, пора беришга кўндирди. А.Мирзаев 2021 йил 6 ноябрь куни Ш.Атаевдан Оҳангарон тумани, Ялпоқтепа маҳалласи, Нурафшон кўчасида жойлашган сомсахона олдида 4000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида Ш.Атаевнинг аризасига асосан Тошкент вилоят прокуратураси ҳамда Департаментнинг Олмалиқ шаҳар бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланди.
Суд А.Мирзаевнинг айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, унинг шахси, оилавий ва моддий шароити, муқаддам судланмаганлиги, қарамоғида бўлган 3 нафар фарзандлари борлигини, юрак хасталиги ва гипертоник касаллиги билан касаллангани ҳамда турмуш ўртоғи ҳеч қаерда ишламаслиги ва оилани боқувчиси фақат ўзи эканлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалри билан 3 (уч) йил 2 (икки) ой 5 (беш) кун озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Дилшод Облоқулов,
Депаратаментнинг шаҳар бўлими
катта инспектори.