Йўтал кишига нафақат ноқулайлик туғдириши, балки унинг ҳаётига хавф ҳам солиши мумкин. Кўпинча касалликка «ҳамроҳлик» қилувчи бурун оқиши ва иситма кабилардан қутулиш осон бўлади, йўтал эса узоқ вақт давомида сақланиб қолиши мумкин.
Йўтал — одам организмининг кимёвий ёки бактерияли безовталикка (қичишишга) жавобан табиий реакциясидир. Одам димоғида ҳар суткада нормал равишда нафас олиш учун зарур бўлган 2-2,5 мл шиллиқ ажратувчи кичик безлар жойлашган. Аллергик реакция ёки юқори ҳарорат натижасида ушбу шиллиқ қуюқлашиб, намликка айланади. Намлик ёпишқоқ бўлгани учун нафас олиш йўлларидан эркин чиқиб кета олмайди. Шу сабабли рефлекс ишлаб кетиб, организм бронхларни ортиқча шилимшиқдан тозаламоқчи бўлади. Шу рефлекс йўталдир.
Йўтал ҳўл ва қуруқ бўлиши мумкин. Бронхит, фарингит, бронхиал астмага, одатда қуруқ йўтал ҳамроҳлик қилади, яъни намлик ажралиб чиқмайди.
Қуруқ йўтални даволашда илиқ ишқорли ингаляциялар, қизилмия, туятовон ва гулхайри дамламалари ёрдам беради. Дамлама ва қайнатмаларни суткада бир неча марта ярим стакандан ичиш лозим.
Йўтал ҳўл бўлганида эса намликни суюлтириш зарур бўлади, шунда у нафас йўлларини осонроқ ва тезроқ тарк этади. Ўткир нафас йўллари касалликларида йўталга қарши дорилар тайинланади, бронхит ёки пневмонияда эса биринчи ўринда антибиотиклар билан даволаш керак бўлади.
Бундан ташқари, халқ табобатида йўтални даволашнинг кўплаб усуллари бор. Уларнинг баъзилари билан қуйида таништириб ўтамиз:
• Турпни қирғичдан чиқариб, сувини дока орқали сузиб олинг. Уни асал билан аралаштириб, кечқурун ухлашдан олдин ва овқат олдидан 2 ош қошиқдан истеъмол қилинг.
• Икки бош пиёзни майда тўғраб, 1 стакан сутга солиб қайнатинг. 4 соатча тиндириб қўйгач, сузиб олинг. Уни ҳар 3-4 соатда 1 ош қошиқдан ичиб туринг.
• Бир бош саримсоқ пиёз ва оддий пиёзни майда тўғраб, сутда қайнатинг, сўнг асал қўшинг. Қайнатмани қуруқ йўтал қийнаганда ҳар соатда 1 ош қошиқдан истеъмол қилиш зарур.
Олтиной Абдурахмонова,
мутахассислик фани олий тоифали ўқитувчиси.