Image default
Жамият

КАСБИДАН БАРАКА ТОПГАНЛАР

Маълумки, шаҳримиз икки гигант корхонаси билан танилган бўлиб, ишлаб чиқариш тармоғи кенг ёйилгани учун ҳам саноатлашган шаҳар номини олган. Эътиборлиси эса, ҳар икки корхона ОКМК ва “Аммафос-Максам” ходимлари ўз касб байрамларини айнан май ойида нишонлайди.

Май ойининг охирги якшанбаси юртимизда ва ҳамдўстлик мамлакатларида кимё соҳаси мутахассисларининг касб байрами сифатида кенг нишонланади. Байрам муносабати билан бу сонимизда бир неча йиллардан буён “Аммафос-Максам” корхонаси ривожи йўлида муносиб ҳисса қўшиб келаётган икки инсон ҳақида ёзмоқчимиз. Тўғри, корхонада минглаб инсонлар ишлайди, лекин ўша ишчи-ходимлар меҳнатини ва ишга садоқатини айнан шу икки қаҳрамон мисолида очиб бермоқчимиз.
Анвар Норматов ҳамда Рисқул Жўраев кўп йиллардан буён “Аммафос-Максам”да ҳалол меҳнат қилиб, бугунги кунда меҳнати орқасидан роҳатини кўраётган ишчилардан. Касбларига бўлган меҳри ва садоқати туфайли бугун кўплаб ёшларга устозлик қилиб келмоқда. Ҳамкасблари бу иккала ходимни ҳам ишга талабчан, оқкўнгил, энг фаол ходимлардан дея эътироф этишди. Анвар Норматов ҳамда Рисқул Жўраев билан бўлиб ўтган суҳбатимиз давомида қуйидаги саволларимизга жавоб олдик:

  1. Неча йилдан бери корхонада фаолият юритасиз ва айнан қайси соҳада?
  2. Касбингизни қийинчилиги нимада?

3.
Касб ва ҳаётингизда эришган ютуқларингиз ёхуд армонингиз…

4.
Иш жараёнида кўнгилхираликлар бўлиб турадими?

5.
Салкам 30 йиллик тажриба, шунча йиллар давомида қандай ўзгаришлар бўлди?

6.
Ойлик маошлар охирги йилларда неча марта ошди?

7.
Кеча ва бугуннинг ишчи-ходимлари ўртасида фарқ сезиладими?

Рисқул Жўраев – Донадорлаш ускунаси бошқарувчиси:

  1. 1995 йилдан буён корхонада Донадорлаш ускунаси бошқарувчиси сифатида фаолият юритиб келаман.
  2. Касбимнинг қийинчилик тарафини сезмаганман-у, лекин биз доим юқори ҳароратда ишлаймиз, аппаратнинг ўзини қолдириб бўлмайди, доим назорат қилиб турилиши лозим. Ишимиздаги энг асосий талаблардан бири ишга вақтида келиш ҳамда смена алмашаётган вақтда ускуналарни кўрикдан ўтказиб, текшириб олишдир.
    Ишга кирган йилларим корхонага йўловчи ташувчи транспорт кам эди, ишга Пискент туманидан пиёда қатнаган вақтларим бўлган. Кейинчалик велосипед, ҳозир эса автомашинада ишга келиб кетаман.
  3. Армоним йўқ. Шукур қиламан, айрим ишсиз инсонлар билан таққослаганда, доимий ишим ва яхши кўрган касбим бор. Ҳаётда эришганларимнинг ярмидан кўпи шу касбим туфайли. Лекин бошқа жойдан даромад келадиган тармоқларим ҳам бор. Масалан, боғдорчилик, чорвачилик. Лекин алоҳида айтишим керак, доимий келадиган моддий манба бу касбим орқали оладиган ойлик маошим.
    Ҳаётнинг менга берган энг катта бойлиги бу — оилам ва 3 нафар фарзандим. 2 нафар қиз, бир нафар ўғил ва 2 нафар неварам бор. Катта қизим отаси каби кимёгар, яъни у ҳам менинг соҳамни танлаган.
  4. Ишхонада асосий нарса сергаклик ва ҳушёрлик, қатъий режим жараёнини меъёрда ушласак, қийинчилик бўлмайди. Агар шу вазият бузилса, хатолик кетади. Айнан иш жараёнда кўнгилхираликлар бўлмаслиги учун ҳам доимий равишда ҳушёрлик талаб этилади.
  5. Муҳими, корхона бир жойда қотиб қолмаган, яъники, йилдан йилга ўзгариш, ўсишни сезиш мумкин. Муддати тугаб яроқсиз ҳолга келган ускуналар замон талабларига жавоб берадиган янги ускуналарга алмаштирилмоқда. Ҳар бир жараён босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.
  6. Ойлик маошдан нолимаймиз. Тирикчиликка етиб турибди (ҳазил). Пул топишга битта ақл керак бўлса, сарфлашга 10 та ақл керак бўлади. Шунинг учун пул топиш эмас, уни сарфлаш муҳим деб ўйлайман.
  7. Вақтида биз ҳам ёш бўлганмиз. Ҳозирги ёшларни ҳам йиллар давомида тажрибаси ошиб бориб, биз эришган марраларни забт этади. Тажриба инсонни чархлайди. Шунинг учун бирдан баҳо бериш нотўғри.
  • Барча кимёгарларга касб байрамлари муборак бўлсин. Орзу-ҳаваслари ушалсин.

Анвар Норматов — Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ўқчиси:

  1. 1995 йил илк бор ишга кирган бўлсам, шундан бери ушбу корхонанинг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизматида ишлаб келаман.
  2. Ишимни яхши кўрганим боис, қийин тарафлари унчалик сезилмайди. Биздан асосий талаб қилинадигани сергаклик ва огоҳлик. Ҳар қандай вазиятда масъулиятли ва ҳар қандай ҳолатга эътиборли бўлиш талаб этилади. Шиор – ҳушёрлик.
  3. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига ўқишга кирган эдим. Лекин 2-курсда таҳсил олаётган вақтимда отамнинг бир томони ишламай қолгани боис ўқишни ўз хоҳишим билан ташлаб келишга мажбур бўлганман. Ўқишни ташлаганимга афсусланаман, лекин ҳозирги ҳаётимдан нолимайман. Сабаби 4 нафар фарзандим ва 10 нафар неварам ҳаётдаги энг катта ютуқларим. Касбим орқасидан бугун барча фарзандларимни уйли-жойли қилиб, оталик бурчимни адо этаяпман.
  4. Бўлиб туради. Чунки бу иш. Иш эса камчиликлардан ҳоли бўлмайди. Бундан тўғри хулоса чиқариш керак.
  5. Бир нарсани таъкидлаб ўтишим жоизки, йилдан-йилга яхши ўзгаришлар кузатилди. Масалан, Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимлари учун янги турдаги махсус формалар, қўриқлаш тизими ҳам замонавий қурилмалар билан таъминланиб борилмоқда. Корхона ҳудудида ҳам анча-мунча ўзгаришлар бўлган.
  6. Охирги бир йилда маошимиз икки марта оширилди. Бу ҳам инсон қадри учун қилинаётган ишлардан бири деб ўйлайман.
  7. Ҳа, албатта. Юриш-туриш, кийиниш ва гапириш маданиятида фарқланади. Замонига яраша. Лекин салом-алик масаласи ва одоб-ахлоқ масаласида тафовут анча сезилади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимни касб байрамлари билан муборакбод этаман.

МАВЗУГА ОИД

“ОКМК” АЖДА БЕШ ОЙЛИК ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

admin

БУГУННИНГ ЕТАКЧИСИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

admin

118.282 М3 ҲАЖМДАГИ 118,2 МЛН. СЎМЛИК ТАБИИЙ ГАЗ НОҚОНУНИЙ ИШЛАТИЛГАНИ ФОШ БЎЛДИ

admin

КАСАБАЧИЛАРНИНГ КАСБ ФАОЛИЯТИ

admin