Image default
Саломатлик

АФСУС-НАДОМАТ САЛОМАТЛИКНИ ҚАЙТАРИБ БЕРАДИМИ?

Яқинда Республикамизнинг узоқ қишлоқларининг биридан Тошкент шаҳрига ишлаб пул топиш мақсадида келган бир ватандошимиз Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш марказига ОИВ инфекцияси бўйича маълумот олиш ва ўзида ушбу инфекция бор йўқлигини билиш тўғрисида мурожаат билан келди.

Ёш йигит, ўзи яшаб турган қишлоқда уйланиб, 2 нафар фарзандли бўлган. Қишлоқда оиласи, кекса ота-онасини боқиш, укасини уйлантириш учун кўпроқ пул топиш мақсадида шаҳри азим Тошкентга йўл олган. Шаҳарга келиб жойлашгач, қурилиш компанияларидан бирига ишга кирган. Кунлардан бир куни шаҳарда бир аёл билан танишиб қолади ва келишув асосида шу аёл билан бирга яшай бошлайди. Йигитга ўйин кулгу, олди қочдиларга тўла шаҳар ҳаёти ёқиб қолиб, бирга яшаётган аёлнинг никоҳдан ўтиш таклифи маъқул келиб, узоқ овулда қолган оиласи, ота-онаси, 2 нафар фарзанди ҳам кўзига кўринмай қолди. Аёл шаръий никоҳ ўқилиб, расмий никоҳдан ўтишни талаб қила бошлайди. Ўзбекистон Республикаси қонунларига асосан никоҳланувчилар мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтишлари талаб этилади ва ОИВ инфекцияси билан яшаётган шахслар билиб туриб, бошқа шахсларга юқтиришса жиноий жавобгарликка тортилишини билганлиги сабабли аёл никоҳдан ўтишдан олдин ўзида ОИВ инфекцияси борлиги, анчадан буён тиббий назоратда турганлигини айтади. Буни эшитган йигит ваҳимага тушиб қолади ва охир-оқибат ўз статусини билиш учун вилоят ОИТСга қарши курашиш марказига келиб, қон намунасини топширади. Таҳлил натижалари мусбат эканлигини эшитиб, янада қаттиқ ташвишга тушади ва кўз олдига ота-онаси, турмуш ўртоғи, гулдай фарзандлари келиб, йиғлаб юборади, қилиб қўйган ишига пушаймон бўлиб, Аллоҳга ёлвориб гуноҳларини кечиришини сўрайди. Лекин, “Кейинги пушаймон ўзингга душман”- дейди доно халқимиз. Энди ҳаётни орқага қайтариб бўлмайди.
Тиббиёт масканида врачлар ОИВ инфекцияси аниқланганлиги бу ”ҳаёт тугади” дегани эмаслиги, ҳозирги пайтда касалликка қарши махсус дорилар борлиги, ушбу дорилар касалликни бутунлай даволай олмасада, беморнинг фаол умрини бироз узайтира олиши мумкинлиги ҳақида тушунча берилади. Бу касаллик билан касалланган бемор билиб туриб, бошқа шахсларга юқтириши жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади. Юқоридаги аёл билан бўлган воқеа бўйича ҳам аёлни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида ички ишлар органларига билдиришнома киритилди.
Қиссадан ҳисса шуки, аслида Аллоҳ таоло инсон зотини табиатан соғлом, мукаммал яратади. Лекин, афсуски, аввало одам боласининг ўзи, қолаверса, носоғлом муҳит бу мукаммалликни бузади.
Соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилиш, тасодифий жинсий муносабатлардан сақланиш албатта соғлом юришингизнинг кафолатидир!

Ҳ.Латипов,
Тошкент вилояти ОИТСга
қарши курашиш маркази
мутахассиси.

МАВЗУГА ОИД

НИМА УЧУН АЁЛЛАРГА ТИББИЙ КЎРИК КЕРАК?

admin

ЛЕЙШМАНИОЗ қандай касаллик?

admin

МИОКАРД ИНФАРКТИ

admin

КАМҚОНЛИК БИЛАН ҚАНДАЙ КУРАШИШ МУМКИН: САБАБЛАРИ, АЛОМАТЛАРИ, ДАРАЖАЛАРИ ВА ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ

admin