Image default
Жамият

ЯНГИ ЗАМОН –ЯНГИЧА ҚАРАШ

Янги Ўзбекистон – бу тушунча бугун ҳар бир фуқаро тилида айтилмоқда. Кимдир юртимизни бу ном билан аталишида катта ҳаётни, эртанги кунга ишончни, ривожланган давлатлар сафида ўз юртимизни кўра олаётгани ҳамда кучли ислоҳотлар сари одимлаётган қадамларни кўриб, бунга улар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишдан бахтли эканлигини таъкидласа, бошқа бир инсон бунинг мутлақо аксини гапирмоқда. Инсонларда фикрлар хилма-хил, қарашлар турлича, ёндашувлари ҳам ўзгача. Лекин юртимизнинг 30 йиллик мустақиллик даври, босиб ўтган қадамлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар салбий фикрларга қарши фикр билдира олиш, ҳар қандай мавзуда ривожланишни рад этиш фикрига қарама-қарши жавоб бериш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Бу эса сўз эркинлигидир…

Бежизга сўз эркинлигига алоҳида урғу бермадик. Бугун одамлар ўз фикрини, қўрқмасдан айта бошлади. Сўз эркинлиги ҳаётимизга кириб келди. Охирги йилларда нафақат ОАВ, балки ўзини саводли (саводсиз бўлса ҳам) деб билган, ижтимоий тармоққа тушунган, ҳатто тушунмагани ҳам бу эркинликдан жуда яхши фойдаланишмоқда. Доим ижобий фикрлар салбий фикрлар билан бирга шаклланади. Қачонки, фақат мақтовлар ёғилаётган жараёнларда камчиликларни кўра олаётган ва уни айта олаётган инсонлар бор экан, демак ўша жойда эркин фикр шаклланган бўлади. Биз бунга фақат салбий фикр дея қарамаслигимиз, аксинча, хатолар айтилганда уни тан олиш ва тўғирлаш, бундан тўғри хулоса чиқара олишни ўрганмоғимиз лозим, деярли ўрганаяпмиз ҳам.

Ижтимоий тармоқлар майдонида журналист сўзи билан биргаликда блогер тушунчаси жуда тез тарқалиб, ўз сўзига эга инсонлар бу борада ўзларига жуда катта аудиторияни жалб эта олишди. Умуман давлат ташкилотида ишлайдиган инсонлар ҳам ўз блогларини яратишиб, юртимиздаги бўлаётган ҳар бир воқеликка муносабатларини билдиришмоқда. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бўйича ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига ҳам эга. Бироқ амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкинлиги Конституцияда ўз ифодасини топган. Шунинг учун ҳам идора, ташкилот ва муассасаларнинг халқ билан мулоқотини узвий йўлга қўйишида нафақат раҳбариятнинг ўзлари, балки жамият тараққиётида жамоатчилик билан алоқалар – халқ билан мулоқот қилишларини йўлга қўйишда уларга кўмакчи сифатида Ахборот хизмати котиби лавозими тасдиқланиб, улар орқали халқ билан мулоқот гуруҳлари ташкил этилди.

Мақсад – халқпарвар давлат

Аслида бу эркинлик ҳақида саҳифа-саҳифа ёзсанг бўладиган тафсилотлари бор, лекин бу жараённи халқпарвар давлат барпо этиш борасидаги ислоҳотларнинг бир кўриниши дея эътироф этиб кетиш жоиз. Келинг буни биргина шаҳримиз мисолида кўриб чиқамиз. Шаҳар ҳокими халқ билан доим мулоқотда, ОАВ воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали юборилган мурожаатларни ҳам эътиборсиз қолдирмаслик ҳаракатида. Нима учун халқпарвар деётган бўлсангиз, ҳар бир амалга оширилаётган жараёнлар, ўзгаришлар фуқаролар фикрлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб шаклланмоқда. Яъни инсон қадри учун тамойили асосида. Шунингдек, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”ини юритиш бўйича ҳукуматнинг вақтинчалик тасдиқлаган тартиби жорий этилиб, бу борада ҳам минглаб ҳамшаҳарларимиз жамиятда ўзларининг муносиб ўринларига эга бўлишмоқда. Яъники, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ҳамда иштиёқи бор, шунингдек, бандлиги таъминланиши керак бўлган барча фуқароларнинг муаммолари белгиланган тартибда ҳал этилмоқда.

Халқчилик негизидаги ҳақчиллик

Шунингдек, “Очиқ бюджет” ахборот портали ишга туширилди. Портал орқали фуқаролар нафақат бюджет маълумотлари билан танишиб боришлари, балки бу жараёнда бевосита иштирок этган ҳолда, ўзларини қийнаб келаётган масалаларни ҳал қилиш учун тегишли маблағларни талаб қилиш имконияти яратилди.

Айтмоқчи бўлганимиз, «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтиш жоиз. Чунки бугун бу лойиҳа қисқа муддатда кўплаб инсонлар томонидан муносиб баҳоланиб, фаол фуқаро сифатида ушбу лойиҳага минглаб таклифлар беришиб, овоз тўплаш орқали молиявий харажатга эга бўлишмоқда. Бу эса халқ пулининг қайсидир қисмини халқнинг бевосита иштирокида адолатли тақсимланиши, дея баҳоланмоқда.

Хусусан, жорий йилда Тошкент вилояти Молия бош бошқармаси томонидан вилоятимиз учун 1,5 трлн.сўм маблағ ажратилиб, айнан шаҳримиздаги ташкилотлар томонидан ушбу лойиҳа учун 300 дан ортиқ таклиф келиб тушди. Айтиш жоизки, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида 2021 йил 4123та овоз берилган бўлса, жорий йил ўтказилган босқичда ушбу кўрсаткич 8338 тани ташкил этмоқда. Бу ҳам аҳолининг жамият ривожида қўшаётган ҳиссаларининг қўшишдаги иштироклари ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.

Истакларга муносиб ислоҳотлар

Халқимиз ҳаёти янгиланди, турмуши тубдан яхшиланди. Талаб ва истаклари ортди. Ҳар бир истак эътиборда. Аҳолининг энг катта истаги бу уй-жой билан таъминланишидир. Шаҳримиздаги кўп қаватли уйлар йилдан йилга кўпайиб бормоқда. “Мустақилликнинг 27 йиллиги” даҳасининг ўзида 20 та 7 қаватли уйлар барпо этилиб, айни кунда бу маҳаллада минглаб ҳамшаҳарларимиз истиқомат қилишмоқда. 5/2 кичик ноҳиясидагаи 2 та 7 қаватли бинолардан кейин бунёда этилган янги маҳалла шаҳар кўрки бўлди десак муболаға бўлмайди. Умуман шаҳримизда бундай бунёдкорлик ишларига кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, шаҳримизнинг И.Каримов маҳалласи ҳудудида 2022/2026 йиллар оралиғида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилади. Натижада барча ижтимоий ва муҳандислик-коммуникацияларга эга 63 та 16 қаватли 5040 хонадонли уй, жами 3360 ўринли 2 та умумтаълим мактаби, 720 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 200 қатновли 1 та тиббиёт муассасаси, 1 та текстиль фабрикаси, 1 та йирик савдо мажмуаси, 20 га яқин маиший хизмат ва савдо марказлари ҳамда муз саройи барпо этиш режалаштирилган. Жорий йилда 5 та 9 қаватли, 10 та 16 қаватли, 1140 хонадонли уйлар қурилиши бошланди. Янги уйларнинг барпо этилиши аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.

Умуман олганда кеча ва бугунимизни қиёслар эканмиз, тубдан бўлаётган ўзгаришлар, шиддат билан кечаётган жараёнлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар барчаси сиз ва бизнинг келажагимиз порлоқ бўлиши, ҳақақатда демократик давлатни бунёд этишга қаратилган десак хато бўлмайди.

Дилдора Абдурахмонова

МАВЗУГА ОИД

Mukofot

admin

МАҲАЛЛА РАИСИМАҲАЛЛАНИНГ ҲОКИМИ БЎЛАДИГАН ТИЗИМ ЯРАТИЛДИ

admin

1 январдан нималар ўзгаради?

admin

ҲОКИМ ЁРДАМЧИЛАРИ ФАОЛИЯТИ ҚАЙ ТАРТИБДА БАҲОЛАНАДИ?

admin