Шаҳримизда фаолият олиб борувчи бир гуруҳ журналист ва блогерлар иштирокида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш шаҳар бўлими ҳамкорлигида «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати доирасида шаҳримизга экилган дарахтларни сақлаш ва парваришлаш ҳолати» мавзусида матбуот анжумани ва экотур ташкил этилди.
Дастлаб шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими 1-даражали давлат инспектори Дилшод Алиқулов томонидан журналист ва блогерларга мавзу юзасидан маълумот бериб ўтилди.
Хусусан, жорий йилда экилган кўчатлар қуриб қолишининг олдини олиш ва уларни сақлаб қолиш учун яратилган ҳар бир боғ учун масъул ташкилотлар бириктирилган. Кўчатларни сақлаб қолиш ва суғориш тизимларига жавоб беришини ҳамда дарахт кўчатларини суғориш учун “Тошкент”, Ҳамза МФЙларида 2 та дренаж қудуғи, “Олмалиқсой” МФЙ «Бинокор», Ф.Хўжаев кўчаларидаги янги барпо этилган «Оналар боғи»да ҳам битта дренаж қудуғи ташкил этилгани таъкидлаб ўтилди.
Шаҳримизда қуриб қолган дарахтларни кесиш тартиби юзасидан берилган саволга Д.Алиқулов жорий йилда манзарали дарахтлардан клеон, қайрағоч ва чинор дарахтларида табиий омиллар таъсирида касалланиш, яъни, қуриб қолиш ҳолатлари кузатилгани ва бу ҳолат юзасидан Ободонлаштириш бошқармаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ҳамда шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида қуриб қолган дарахтларни кесиш учун карантин қўллаш ва қолганларини кимёвий воситалар ёрдамида сақлаб қолиш тадбирлари амалга оширилаётгани ҳамда жойларга чиққан ҳолда қуриган дарахтларни ўрганиб, уларни кесиш ишлари олиб борилаётганини айтиб ўтди.
Ташкилотлар ҳудудидаги қуриб қолган дарахтлар экология бўлимининг рухсатномасисиз кесиб ташланса тегишли тартибда жавобгарликка тортилади.
Шундан сўнг ОАВ вакиллари амалга оширилган ишларнинг исботи сифатида яратилган боғларда бўлди.
Энг қизиғи, айнан ўзимиз кўчат экиш жараёнида иштирок этган боғ бугун таниб бўлмас даражада гўзалликни акс этиб турибди. Экилаётган вақтда сўлиган ҳолатда бўлган дарахтнинг кўкариб кетишига ҳатто мутахассислар ҳам ўша вақтда иккиланиб жавоб беришган эди. Бугун бу боғ «Оналар боғи»га айлантирилиб, кўркам сайилгоҳ бунёд бўлган. Эътиборлиси, боғдаги йўлга қўйилган суғориш тизими, ичимлик суви эмас, аксинча, сойлардан оқиб келаётган сувлар ҳисобига ташкил этилган. Бу боғдаги дренаж сув қудуғи ва суғориш тармоқларини тортиш учун 227,0 млн. сўм ажратилган.
Кейинги манзил ОКМК АЖ томонидан У.Носир ва Увайсий МФЙларидаги қаровсиз ер майдонларига экилган дарахт кўчатларидан яратилган боғ бўлди. У.Носир маҳалласидаги 3 гектардан ортиқроқ ер майдонидаги ташландиқ жой ҳам боғга айлантирилган бўлиб, 2-Мис бойитиш фабрикаси умумий масалалар бўйича раҳбар ўринбосари Саидазим Қувондиқов берган маълумотларга кўра, бу боғнинг эни 25 м, узунлиги 1150 м бўлиб, сайилгоҳга 1700 дан ортиқ манзарали дарахт, қарағай, павлония ва арча кўчатлари экилган.
Увайсий маҳалласидаги тошлоқ ер майдонига Мис бойитиш фабрикаси томонидан ташкил этилган арчазор орасида бир дона ҳам қуриган кўчатнинг йўқлиги корхона томонидан боғга жуда катта эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Бугунги кунда боғ шланглар орқали боғга бириктирилган икки нафар ходим томонидан ҳар бир кўчат алоҳида суғорилмоқда. Намликни ушлаб туриш учун ҳар бир кўчат тагига арпа уруғлари экилган. Боғни ўрганиш давомида мунтазам суғориш тизимини йўлга қўйиш мақсадида арчазорга бурғулаш асосида сув чиқариш тизими йўлга қўйилаётганига гувоҳ бўлдик. Раҳбариятнинг маълум қилишича, кейинчалик бу жойлар аҳоли учун сайлгоҳга айлантирилиши, ҳатто сув станциясидан аҳоли ҳам фойдаланиш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди.
Экотурнинг якуний манзили «Тошкент» МФЙ «Металлург» кўчаси бўлиб, у ерда ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилганлиги, асосийси, ушбу боғ «Таначи-Бўка» канали орқали чархпалак ёрдамида суғорилишига гувоҳ бўлдик. Кўзни қувонтиргани, бугун табиий сув билан суғорилаётган боғда райҳону, турли гуллар ҳам гуркираб ётибди.
Қисқасини айтганда, юртбошимиз ташаббуси билан бўлаётган бу каби ободонлшатириш ишлари Янги Ўзбекистоннинг энг катта ва эзгу ислоҳотларидан биридир. Бу ишларга аҳоли ҳам катта масъулият билан қараса, шаҳримизда яқин йилларда кўркам боғлар сони янада ортади.
Д.Абдураҳмонова.