Image default
Ҳикоя

ҚАТЛАМА

Саид АҲМАД.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1980).

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1968).

Э, оғайнилар, фельетончига осон тутманглар.
Фельетон ёзиш-ку, унча қийин эмас, аммо кетидан чиқадиган машмашаси ўлгур ёмон.
Ёзилганини айтмай қўя қолай, ёзмай туриб ҳам балога қолган пайтларимиз бўлган.
…Дам олиш куни уйда нима балодир қилаётган эдим, эшик тақиллаб қолди. Чиқсам, тугунча кўтарган бир кампир. Атай узоқдан мени йўқлаб келибди. Қари одам билан остонада гаплашмай, деб уйга таклиф қилдим. У ўтираётганда дуо ўқиганга ўхшаш қироат билан: “Қаламлари ўткир бўлсин!” деб қўйди. Кейин қўлидаги тугунчани очди. Тўртта қатлама экан. Жуда хижолат тортиб кетдим. Назаримда иссиққина пора олаётганга ўхшадим.
– Қўйинг, қўйинг, онажон, очманг.
– Йў-ўқ, болам, ўз қўлим билан пиширганман.
– Қўйинг, ўраб қўйинг.
– Хафа бўламан. Кампирники табаррук бўлади, болам.
У ҳай-ҳайлашимга қарамай, қатламадан иккитасини бурдалаб, олдимга суриб қўйди. Ноилож бир бурдасини эрмак қилиб, кавшаниб ўтирдим. Кампир ана шундан кейин муддаога ўтди:
– Болам, пилятон қиладиган гап топиб келдим. Келиним ўлгурнинг бурнини бир ерга ишқаб бермасангиз, болагинамнинг бўйнига миниб олди.
Оббо, қатлама емай ўлай, энди гапнинг охиригача эшитмасам бўлмайди. Еган оғиз уялар, деб шунга айтадилар-да. Кампир келинининг ўғри томоқлиги борми, эрининг олиб келган моянасини унга кўрсатмаслиги, бир бева опасига рўзғордан у-бу олиб бориб бериши, шаманинг устига чой дамлаши, пиёлани совун билан ювиши, эрига яхши кўриниш учун пахтага атир томизиб бўйнини артиши, ярим кечагача телевизор кўриши, сочининг уламалиги – ҳамма-ҳаммасини тўкиб солди. Гапининг охирида газетага уни бир уриб. Бошини эгиб, қайнанаси гаҳ деса, қўлига қўнадиган қилиб беришимни илтимос қилди.
Кампирга нима дейишимни билмай, ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлдим:
– Онажон, бунақа нарсаларни газетага ёзиб бўлмайди. Маҳаллага комиссиясига айтинг, икковларингизни муросага келтириб қўяди.
Кампирнинг қошлари чимирилди:
– Нега газетага ёзмас экансан? Ёзади! Катталаринг билан ўзим гаплашаман!
Кампирнинг қизишиб гапиришидан, бугун эрталаб келини билан ади-бади айтишиб қолгану, қизиқ усида газета эсига тушиб, бизникига келганини фаҳмладим. Хотин кишини жаҳли чиқса, бир пов этади-ю, яна ўчади. Кампир ҳам бир-икки кундан кейин ҳовуридан тушиб қолар. Бу гаплар шундан кейин эсидан чиқиб кетар, деб ўйладим-да:
– Майли. Ёзаман, бир-икки кундан кейин газетада чиқади, – деб ваъда қилиб юбордим. Кампир ҳам кўпни кўрган, анча йўл биладиган хотин экан.
– Плятон бўладими? -деб сўраб қолди.
– Айтганингиз бўлади, хотиржам бўлинг.
Кампир гапимга унча ишонқирамай чиқиб кетди. Қолган иккита қатламани ўраб қўлига берсам – олмади.
– Йўқ, болам. Бу қатлама экан-ку, худо хоҳласа плятон чиқса чучвара қовуриб келаман. Ҳа, қиёмат қарзи бўйнимда қолиб кетмайди,-деб жаврай-жаврай чиқиб кетди.
Орадан икки-уч кун ўтди. Бу воқеа эсимдан чиқиб кетган экан. Идорада ўтирсам, ўша кампир эшикни очиб кириб келса бўладими!
– Ҳа, қани плятон?
– Э онажон, фельетон тайёр. Бугун-эрта чиқиб қолади.
Кампир у десам – у деди, бу десам-бу. Хуллас, яна ваъдамни олиб кетди.
Икки кундан кейин яна келди. Эшикдан кира солиб, ўдағайлай бошлади:
– Ҳа, қатлама томоғингдан ўтиб кетди-да, а?
– Шу пайт кампирнинг шовқинига қўшни хонадаги адабий ходимлар югуриб чиқишди. Кампир кабинетни бошига кўтариб шовқин соларди:
– Илоё қатламам тешиб чиқсин! Палов қилиб бериш қўлимдан келмайди! Сенларга ёғлиқ палов бўлса, устига қазисини босиб, ёнига яримтагинани қўйиб келганлар келинини газетага урдиради! Бизнинг қатламани назарингизга илмадингизми?
Нима дейишимни билмайман. Қатлама емай ўлай.
Бир бурда қатлама еб қўйиб, маломатга қолдим.
– Ҳой. Ўргилай онажон, ахир келинингизни отини билмасам, фамилиясини билмасам, қандай қилиб газетага ёзаман ахир?
Кампир яна бўш келмади:
– Оти ўчсин! Отини нима қиласан? Фамилиясини нима қиласан? “Анзиратнинг келини” деб ёзсанг бутун дунё билади!
Бу машмашани бошимдан соқит қилиш учун:
– Бунақа жиддий нарсаларни ёзиш учун бош редакторнинг рухсати керак, — деб баҳона қилдим.
Кампир мени қарғай-қарғай бош редакторнинг кабинетига кириб кетди. Асли шу ишим чакки бўлган экан, бош редакторнинг юраги ёмонроқ эди, бирон ишкал бўлмасин-да.
Ҳа, айтганим бўлди. Бир ярим соатдан кейин бош редакторни “тез ёрдам” машинасида олиб кетишди.
Кўрдингизми, сиз бўлса доимо, фельетончиларга мазза, дейсиз. Нимаси мазза?

МАВЗУГА ОИД

«ФОРД ФОКУС»

admin

НОДОНЛИК

admin

ҲАЛОЛ КАСБ БАРОКАТИ

admin

УМРАМНИ АЛЛОҲГА СОТДИМ…

admin