Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни бериш, уларга эгалик қилишнинг талаблари ва шартларига бир қатор ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.
Жумладан, жавобгарлик тўғрисидаги Жиноят ва Маъмурий кодексининг айрим моддаларига ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар киритилиб, ўқотар бўлмаган қуроллар (пневматик, газли, сигнал берувчи, улоқтириш ва тиғли совуқ қурол ҳамда электрошок қурилмалари) ва ўқотар қуролнинг асосий қисмлари билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилди.
Қурол эгалари ва уларнинг яқин қариндошларини қуролга эгалик қилишига монелик қиладиган ҳолатларни аниқлаш мақсадида, қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, шу жумладан, қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхати тасдиқланди.
Ов қуролига эгалик қилишнинг энг кам ёши 21 дан 25 ёшга оширилди. Бундай қуролларга ғайриқонуний мақсадларда маълум техник шароитлар ва кўникмалар ёрдамида қайта жанговар ҳолатга келтирилиши мумкин бўлган “паҳлавон”, ўқув ва вазн-габаритли қуролнинг муомаласи тақиқланди.
Барча турдаги пневматик қуролга эгалик қилишни фақат ички ишлар органларининг рухсатномаси асосида амалга ошириш ҳамда фуқаро эгалигида бўлиши мумкин бўлган бундай қуроллар сони 3 дона билан чекланди.
Пневматик калта стволли қуролнинг муомаласи тақиқланди. Фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланиб, фуқаровий ов қуроли дўконинининг рухсат этилган сиғими 10 донадан 5 донагача камайтирилди.
Қуйидаги ҳолларда қуролни зудлик билан олиб қўйиш механизми белгиланганди. Яъни, биринчидан, қасддан жиноят содир этилганлик учун судланганлик ҳолати тугалланган ёки судланганлиги олиб ташланганлигидан қатъий назар (10 йил давомида), иккинчидан қурол эгаси ёки қуролга эгалик қилиш истагини билдирган фуқаро ва у билан бирга яшовчиларга нисбатан қораловчи маълумотлар мавжуд бўлганда.
Ноқонуний ов қилган фуқаролар учун жарима миқдори 1,3 (бир миллион уч юз минг) сўмдан 9 (тўққиз миллион)сўмга оширилди.
Ноқонуний ов қилган мансабдор шахслар учун жарима миқдори 2,7 (икки миллион етти юз минг) сўмдан 15 (ўн беш миллион)сўмга оширилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур Қонун жорий 2022 йилнинг 2 сентябридан, жавобгарлик тартиби эса 2 декабрь кунидан кучга киради.
Бекзод Абдуллаев,
Тошкент вилояти ИИББ 2-Минтақавий ҳудуд
НЛГ инспектори.