Image default
Суҳбат

МАРДОНАГА ХОС МАРДОНАВОРЛИК

Юртимизда ёшларни бирлаштириб, бир ташкилот остида ҳамфикр бўлиб, турли тадбирлар, танловларда фаол ёшлар иштирокини таъминлаб келаётган аввалига “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, кейинчалик эса “Ёшлар иттифоқи” ва “Ёшлар ишлари агентлиги” номи билан ватанимиз учун энг шижоатли ёш кадрларни саралашда қайсидир маънода ёрдам бериб келаётган ташкилотлар бугун бир майдонда энг иқтидорлиларни жамламоқда, десак муболаға бўлмайди.

Ҳар уччала ташкилот вакиллари билан ишлаган, бугун эса Ёшлар парламенти вакиллари мактаби котиби вазифасида фаолият юритиб келаётган Мардонабону Пардабоева ташкилотнинг ҳақиқий жонкуяр аъзоларидан. У билан суҳбатимиз бир дунё таассуротларга бой бўлди.

  • Ёшлар ташкилотига қандай кириб келгансиз?
  • Шаҳримиздаги 18-умумтаълим мактабида таҳсил олган йилларим, тадбирларда етакчилик қилганман. Мактаб даврларида айнан ташкилотчилик ва етакчилик борасидаги қизиқишларим уйғонишига ўша вақтларда мактабда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати бош сардори Даврон Санақулов ҳамда Сарвиноз Юнусованинг ҳиссалари беқиёс.
    Илк иштирок этган «Янги авлод» кўрик танлови орқали эса ташкилотга 2010 йилда биринчи марта кириб келганман ва ёшлар ташкилотидаги 1-фахрий ёрлиқни ҳам айнан шу танловда олганман.
    Шу кундан бошлаб ташкилот ҳаётимнинг кичик бир бўғинига айланди. Мактабга бориб шунчаки 5-6 соат дарс ўтиб қайтиш эмас, аксинча, турли тадбирлар, танловларга тайёргарлик кўриш, тинимсиз турли лойиҳалар устида ишлаш учун ҳам ташкилотнинг чин маънодаги аъзосига айландим.
  • Бу йўлдаги қаршиликлар ёки аксинча қўллаб-қувватловлар…
  • Аниқ фанларга нўноқ бўлганим учун шу фан устозларим тўғри йўлга солган ҳолда мени кўп қийнашмаган, аксинча, улар мендаги ижодкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаган ҳолда танлаган йўлимдан воз кечмаслигимни айтганлар.
    «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатига янги раис бўлиб келган Эргаш Абдурайимов ҳамда шаҳар ҳокимлиги томонидан мактабни битирар йилим ота-онамга биринчи ташаккурнома берилган вақтда мен ўзимни ташкилотнинг бир бўлаги сифатида кўрганман. Ота-онам учун ютуқларим бир олам қувонч бағишларди. Ҳеч қачон монелик қилишмаган. Ҳаётда бувим ва отамга ўхшаганман. 22 неваралари орасида олий таълимда ўқиётган ҳамда уларга ўхшаган ташкилотчилик қобилияти ҳам айнан менда борлиги учунми, мени доим қўллашади.
    Мактабда ўқиб юрган вақтларим ўқитувчиларим жуда кўп уришарди. Билсам, улар мени юлдузлик касаллидан асраган эканлар.
  • Ташкилот ёшларга нима беради?
  • Йиллар давомида шу нарсага гувоҳ бўлдимки, ёшлар ташкилоти энг қони қайноқ, креатив фикрлайдиган ва ватанпарвар раҳбарларни тайёрлаб берар экан. Бугунги кунда Дониёр Каримов, Эргаш Абдурайимов, Жасур Сафарматов, Акром Нишонов, Умид Умиркулов, Муҳаммадсодиқ Мўминов ва Муҳриддин Ҳамзаевлар айнан ташкилотнинг фаол ёшлари бўлишган.
  • Сиз олган кўникма… Мотивация
  • Касб-ҳунар коллежини битириб 3 йилча ўқишга киролмаганман. Бу орада бекор юрмаслик учун жуда кўп ташкилотларда ишлаб ҳам ҳаётий, ҳам касбий тажриба орттириб борганман.
    Ўқишга киролмагач, шаҳарда кўпчиликка таниш бўлганим ва қаерда ўқияпсан деган саволлар оғир ботганлиги, энг муҳими эса ўзимнинг қанчалик даражада сабрли эканлигимни билиш мақсадида Оҳангарон туман ҳокимлигига иш сўраб борганман. Лекин нима учун айнан ҳокимликка бориш сабабини билмаганман, билганим у ерда иш жараёни қайноқ ва доимий равишда у ернинг одамлари банд бўлишади. Хуллас ҳокимиятда иш ўрганиб, энди мослашган вақтим ҳоким бошқа ишга ўтиб кетди ва мен ҳам яна ўз шаҳримга қайтишга мажбур бўлдим. Орадан оз вақт шаҳар Архитектура бўлимида ҳам ишлаганман. Иш жараёнида ҳақ, ноҳақ жараёнлар гувоҳи бўлганман.
    Кейинчалик Муҳаммадсодиқ Мўминов Ёшлар иттифоқида раҳбар бўлиб ишлаганларида, уларга ёрдамчи сифатида фаолият олиб бордим. Ёшлар иттифоқи шаҳар бўлимидаги фаолиятим энг катта мактаб вазифасини ўтаган.
    Ташкилотдан ўрганганим битта нарса бўлди, шаҳар бизники, биз ёшларники (Эргаш Абдурайимов бу сўзни бизга жуда кўп бора таъкидлаганлар). Демак, ўз уйимиздек бўлган шаҳримиз учун ҳам биз ёшлар нимадир қилишимиз, бу шаҳарни гуллаб-яшнаши учун ҳисса қўшишимиз керак.
    Яна бир нарсага урғу бериб ўтишим керак, бу ташкилотдан чиққан ёшлар иш изламайди, иш уларни излайди. Демоқчиманки, биздаги ҳаракат сабаб, бугун барча муассасалар бизни очиқ чеҳра билан кутиб олишади. Шахсан мен иш топишда шу вақтгача умуман қийналмаганман.
  • Бугун Мардона…
  • 11-мактабда оз вақт ёшлар етакчиси бўлиб ишлаган вақтимда битирувчи ўқувчиларимга қизиқиб, Санъат ва маданият институтига ҳужжат топширдим. Омадим келиб ўқишга кириб кетдим. Бундан ташқари Ёшлар парламенти вакиллари мактаби котиби, Сенат қошидаги Гендер адолат лидери сифатида фаолият юритиб келаман. Ёшлар парламентидаги иш фаолиятимга йиллар мобайнидаги ташкилотларда юриб келган йўлимнинг давоми сифатида қарайман. Болалигимда етакчим, устозим ва раҳбарим бўлган инсонлар билан бугун бир сафда ҳамкасб сифатида фаолият олиб бораяпман. Бу мен учун энг катта фахр ва рағбатдир.

МАВЗУГА ОИД

ЙИРТҚИЧЛАР БИЛАН ТИЛЛАШАОЛГАН ОТАБЕК

admin

ГАЗЕТА ЎҚИШ НИМА УЧУН КЕРАК?

admin

ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ ЁҲУД ҚАХРАМОНГА ЧИЗГИЛАР

admin

МОҲИР ҚЎЛЛАР ЭГАСИ …

admin