Image default
Жамият

ҚУРБОНЛИК АЛЛОҲНИНГ ШАФҚАТИДИР

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фарзандини, яъни Исмоил алайҳиссаломни сўйишни, қурбонлик қилишни амр қилди.

Иброҳим алайҳиссалом бу имтиҳондан тўлиқ ва чиройли суратда ўтдилар. Кўзларининг нури бўлмиш фарзандларини қурбонлик қилиш учун сўймоқчи бўлдилар.

Аммо Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига жаннатдан бир қўчқор юборди. Бу Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига бўлган шафқати, меҳрибончилиги эди.

Одам алайҳиссаломдан то Исо алайҳиссаломгача бўлган умматларга қурбонлик гўштини ейиш жоиз бўлмаган. Уларнинг даврларида қурбонлик Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул бўлса, бир олов келиб, уни куйдириб юборар эди. Уммати Муҳаммадияга эса Аллоҳ таоло қурбонлик қилувчига ўзи қурбонликка сўйган ҳайвон гўштини ейишни ҳалол қилди. Қурбонлик қилишда бола-чақа, фақиру мискинлар учун умумий манфаат бордир. Яъни улар қурбонлик гўштидан баҳраманд бўладилар.
Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига бўлган шафқати, меҳрибончилиги эди.
Хўш, ўз ўзидан савол туғилади миллионлаб ҳайвонларни сўйиш, қурбон қилиш уларга нисбатан зулм эмасми? Албатта йўқ! Чунки сўйилган жонлиқлар эгаси учун қиёмат кунида уловлик қиладилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий салаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки, улар (қиёмат куни) сирот кўприги устидаги уловларингиздир”. Бошқа бир ҳадисда: “Қурбонликни катта қилинглар, чунки Сирот кўпригидан ўтаётганингизда у сизларга уловлик вазифасини бажаради”, — дедилар.
Шунингдек бу жонлиқлар шаръий усулда, шариат кўрсатмаларига риоя қилинган ҳолда сўйилади. Шаръий усулда сўйиш улар учун енгилликдир. Шу ўринда эътиборингизга биз билан замондош йирик олим, диний аллома, даватчи, Исломий тадқиқотлар фонди президенти Доктор Закир Наикнинг «Жониворларни шаръий сўйиш бераҳмлик эмас» деб номланган мақоласидан парча келтириб ўтамиз.
«Шаръий усулда сўйилган ҳайвон оғриқни сезмайди. Бўйин томирлари биттада кесиб юборилса, миянинг оғриқ сезувчи асаб толаларига қон бормай қолади. Натижада ҳайвон оғриқни сезишдан дарҳол тўхтайди. Шариъй усулда сўйилган ҳайвоннинг оёқларини типирчилатиб, бор кучи билан зўриқиши оғриқ туфайли эмас, балки мушакларининг тез-тез қисқариб, бўшашиши, танадан қоннинг шитоб билан оқиб чиқиши туфайли юз беради».
Доктор Закир Наик, Исломий тадқиқотлар фонди президенти.
Хулоса қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло барча маҳлуқотлар учун бирдек меҳрибон ва шафқатли бўлган зотдир. Унинг меҳрибонлиги ва шафқати қурбонлик ибодатида ҳам яққол намоён бўлади. Шундай экан, Аллоҳ таолодан бутун дунё мусулмонларига қурбонлик ибодатини адо қилиш насиб қилишини ҳамда Аллоҳ таолодан бутун дунё мусулмонларига ийди Қурбон ҳайити айёмини муборак бўлишини сўраймиз.

Бекзод Сотиболдиев,
шаҳар «Рамазони Шариф»
жоме масжиди имом ноиби.

МАВЗУГА ОИД

Тошкент вилоятининг халқ депутатлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари, тадбиркорлар, агрокластерлар раҳбарлари ва фермерларнинг вилоят аҳолисигаМУРОЖААТИ

admin

ШАҲРИМИЗГА ЭКИЛГАН ДАРАХТЛАР ҚАНДАЙ СУҒОРИЛМОҚДА?

admin

ШУНЧАКИ ГАПНИ ЭМАС, ИШНИ ҲАМ БИЛИШ КЕРАК

admin

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ 66-СЕССИЯСИ

admin