Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 9 июндаги “Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларни давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан шаҳримизда ҳам Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳузурида тегишли идора ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларидан иборат ишчи гуруҳ таркиби тузилди.
Жорий йил 20 июндан 30 июнга қадар Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳузуридаги ишчи гуруҳга шаҳримизда фаолият олиб бораётган 310 нафар талабгорлар мурожаат қилиб, ўз ҳужжатларини тақдим этишди. Белгиланган тартиб ва талабларга мувофиқ талабгорлар ҳужжатлари ўрганиб чиқилиб, 166 нафар талабгор хотин-қизларнинг онлайн аризалари Xotin_qizlar.uz платформасига киритилди.
Xotin-qizlar.uz платформа базасига қуйидаги талабларга жавоб берувчи хотин-қизларнинг онлайн аризалари қабул қилинди:
- ўрта махсус ёки профессионал дипломда келтирилган мутахассислик ва йўналишда;
- давлат ташкилот, корхона ва муассасаларида фаолият юритиб, камида 5 йил, яъни 60 ойлик меҳнат стажига эга бўлганлар;
- илгари ҳеч қайси ОТМга қабул қилинмаганлар.
Талабгорларнинг мавжуд диплом мутахассислиги ва меҳнат стажига эга бўлган ихтисослигига асосан ОТМга қабул қилиниш йўналиши Xotin-qizlar.uz платформаси томонидан белгиланди.
Республика бўйича юқоридаги тавсияномага эга 500 нафар хотин-қизлар ОТМларга тўлов-контракти асосида қабул қилинади, яъни тавсияномага эга хотин-қизлар барча абитуриентлар қаторида dtm.uz va my.gov.uz сайтлари орқали онлайн рўйхатдан ўтиб, белгиланган куни имтиҳон топширишади. Тавсияномага эга хотин-қизлар ОТМга қабул қилиниш учун давлат тестларидан йиқилганларидан сўнг, ОТМ учун ажратилган квоталар кесимида тавсияномага эга хотин-қизларнинг энг юқори баллнинг 30 фоизини тўплаган абитуриентлар тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссиясининг 2022 йил 2 июлдаги 1 -сон баёни 9-иловасининг камида беш йил иш стажига эга бўлган хотин-қизлар учун ажратилган тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларининг олий таълим муассасалари кесимидаги тақсимотига кўра энг юқори балл тўплаган хотин-қизлар талабага айланади.
Мисол учун, тақсимотга кўра Тошкент тиббиёт академиясига 8 нафар Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияномасига эга хотин-қизлар қабул қилинади, мазкур тавсияномага эга 120 нафар абитуриент давлат имтиҳонларидан йиқилиши мумкин, лекин уларнинг орасида энг юқори балл тўплаган 8 нафаригина талабаликка қабул қилинади.
Тавсиянома фақатгина Xotin-qizlar.uz платформаси томонидан белгиланган талабгорнинг ўрта махсус дипломи ва иш стажига мутаносиб ОТМ йўналишидаги қўлланилади. Абитуриентнинг тавсияномасида ОТМ йўналиши сифатида “даволаш иши” (60910200) таълим йўналиши белгиланган бўлса, абитуриент айнан шу йўналишда ОТМга ҳужжат топширгандагина тавсиянома ўз таъсир кучига эга бўлади.
Олмалиқ шаҳридан тавсиянома берилган талабгорларнинг ОТМ учун таълим йўналишлари орасида бошланғич таълим-30 та, Мактабгача таълим -25 та, даволаш иши бўйича — 20 та, бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналишида — 16 та, кончилик иши — 12 тани ташкил этди.
Ҳар қандай имтиёз ўз навбатида етарлича билимлар базасига эга абитуриентга қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилади.
Мухлиса Умаркулова,
шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими мутахассиси.