Image default
Биласизми?

КАДАСТР ПАСПОРТИ ЭНДИ ЭЛЕКТРОН ФОРМАТДА

Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти белгиланди.

Ушбу Регламент юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.
Кўчмас мулк объектини кадастр ҳисобига олиш ва кадастр йиғмажилдини шакллантириш натижасида кўчмас мулк объекти бўйича электрон шаклда кадастр паспорти расмийлаштирилади.
Кадастр паспортида мулкдор ва ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар ҳақидаги маълумотлар акс эттирилмайди.
Кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келганда, бошқа шахсга ўтганда, бекор бўлганда ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш ёки қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича мурожаат қилинганда, ариза берувчининг ихтиёрига кўра қоғоз ёки пластик шаклдаги кадастр паспорти берилади.
Ариза берувчи кадастр паспортини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида, давлат хизматидан электрон тарзда аризани юборади. Сўровномага кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Янги намунадаги кадастр паспортининг афзаллиги шундаки, аввало, барча кадастр маълумотлари бир жойда ягона маълумотлар базасида сақланади. Смарт карта ичидаги маълумотлар онлайн равишда базага уланган ҳолда кўрилади. Уй-жой билан боғлиқ барча кадастр ишлари доимий равишда электрон тарзда қайд этиб борилади ҳамда электрон кадастр тарихи вужудга келади. У йўқолиб қолса ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган вазиятларда масофадан туриб блокланади ва қисқа вақт ичида янги кадастр паспорти тақдим этилади. Геопортал билан интеграция натижасида уй-жойнинг географик майдони ва чегараси тўғрисида ўта аниқ маълумот смарт картадан жой олади. Махсус мобил илова орқали кадастр паспорти маълумотларини кўриш имкони яратилади. Бунинг учун смарт картани телефонга яқинлаштириш кифоя.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, янги намунадаги кадастр паспортида QR-код тизими мавжуд. Ушбу тизим орқали мулкдорлар ваколатли ташкилотларга мурожаат этмасдан туриб, кўчмас мулк тўғрисидаги барча маълумотларни исталган вақтларида “QR scanner” мобиль иловаси орқали олишлари мумкин.

Қаҳрамон Халкузиев,
шаҳар Адлия бўлими
давлат хизматлар маркази
директори.

МАВЗУГА ОИД

ПЕНСИЯ ВА НАФАҚА ПУЛЛАРИГА НИМА УЧУН 1 ФОИЗ ҚЎШИМЧА ТЎЛОВ БЕРИЛАЯПТИ?

admin

ҚУРБОНЛИК ФАЗИЛАТИ ВА УНИНГ ҲУКМЛАРИ

admin

«КЎРПАСОЙ»
МАҲАЛЛАСИНИНГ НОМИ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

admin

Савол беринг, жавоб берамиз

admin