Image default
Суҳбат

МЕҲНАТИДАН БАХТ ТОПГАН АЁЛ

Аёл деган ҳилқатни яратган Эгам,
Момо бувиларимиз бўлган Мукаррам.
Ҳавога интилиб яшаган Одам,
Таъзим қилган Аёлга шоҳ-у гадо ҳам.

Сиз Она, сиз Опа, Сиз сингил, Сиз қиз.
Дилларни яйратар кулгингиз нафис.
Чулғар кўнглимни ажойиб бир ҳис
Таърифингиз битмоққа қаламим ожиз.

Аёлни қадрлар ҳар бир фасл ҳам,
Гулларга бурканар қиру-адир ҳам.
Аёл учун очилиб гул бўлур ғунча
Аёл учун нур сочар Ойу-Қуёш ҳам.

Ҳур, обод юртимда Аёллар азиз,
Муқаддас дурлар дунёда тенгсиз.
Гўзал бўла олмасди бу олам Сизсиз
Ҳурмату-эъзозга лойиқсиз тенгсиз!

Аёл нафосат ва гўзаллик тимсоли. Келин бўлиб тушган хонадоннинг саранжом-сариштаси, файзу-тароватини оширувчи фариштаси. Аёл суюкли ёр, турмуш ўртоғининг қалб соҳибаси. Аёл меҳрибон она, фарзандлари учун ўз оромидан кечиб тунларни бедор ўтказадиган нозик жуссага, метин иродага эга, қалби гулдек нозик, фаҳм-фаросатли жозибали ширинзабон бир ҳилқат.
Биз шундай аёллардан бири, замон билан ҳамнафас яшаётган изланувчан, ижодкор, ўз касби ва лавозимида ўта масъулиятли, ўз иш фаолиятини мактабда жажжи болажонларга таълим-тарбия беришдан бошлаб, ҳанузгача эл хизматида фаолият юритиб келаётган инсон Тошкент вилояти, Пискент туманида оддий ишчи оиласида таваллуд топган Саломат Холиқулова ҳақида сўз юритмоқчимиз.
С.Холиқулова Хотин-қизлар педагогика билим юртининг бошланғич таълим мутахассислиги бўйича ўқишга кириб, бошланғич синф ўқитувчиси мутахассислиги бўйича битирган. Илк иш фаолиятини мактабда бошланғич синф ўқувчиларига таълим-тарбия беришдан бошлаган. Кейинчалик Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих факультетини тамомлаб, шаҳримиздаги 9-сонли мактабда тарих фанидан дарс бериб келган.

Бир неча йиллик фаолияти давомида 7-умумий ўрта таълим мактабига ўқув ишлари бўйича илмий мудири, “Ўзбекистон” МФЙда маҳалла котибаси, 8-сонли мактабда директор лавозимларида фаолият юритиб келди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра 2018-2020 йилларда “Ўзбекистон” МФЙда Оила ва хотин-қизларни ижтимоий-маънавий масалалари бўйича раис ўринбосари вазифасида ишлаб келди. Бу даврда маҳалланинг фаол хотин-қизлари билан биргаликда “Ўзбекистон” МФЙда яшаётган хотин-қизларнинг турмуш шароитлари, оилалардаги келишмовчилик ва оилавий низоларни, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни тотувликка чақириб, ажримларнинг олдини олиш учун маънавий-маърифий тадбирлар уюштириб, маҳалла тинчлиги учун катта ҳисса қўшган аёлдир.
Турмуш ўртоғи Абдукарим Холиқулов билан 3 ўғилни тарбиялаб, уйли-жойли қилиб, 3 келиннинг севимли қайнонаси ва 9 нафар набиранинг бобо-бувиси бўлиб умргузаронлик қилиб яшаб келишмоқда. 45 йиллик тинч-тотув ҳаёти давомида “Оила” деган муқаддас қўрғонни барпо этишда, тинч-тотув бошқаришда оила бошлиғи эркак киши билан биргаликда аёл кишининг ҳам ўз ўрни, вазифаси ва жуда катта ҳиссаси бўлишини ўзининг бахтли оиласи мисолида кўрсата олган. Самимийлиги билан суҳбатдошининг эътиборини торта оладиган оддий ўқитувчиликдан мактаб директорлигигача кўтарилиб, ўз билими, ғайрати билан 2008 йилда нафақага чиқишига қарамай, 2022 йилдан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Туризм ва Маданий мерос агентлиги тасарруфида фаолият юритиб келаётган шаҳримиздаги “Ўлкашунослик” музейида раҳбарлик лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
“Қаерники ўтмиши, бугуни ва келажаги сени қизиқтирса, ўтмиш ва бугунни боғлаб турувчи жонли кўприк бўлмиш музейни ўрган” деб бежизга айтилмаган. Ушбу ақидага амал қилган ҳолда музейда бир қанча учрашув, тадбирлар, кўргазмалар ўтказиб келинмоқда. Бу эса ёш авлодни ўз ватанига, ўз юрти тарихига бўлган қизиқишларини, яшаб ўтган авлод-аждодлар ҳаётига бўлган қизиқишларини янада кучайтириб келмоқда.
Саломат Холиқулова мисолида бу ҳаётда бахтли бўлиш учун кўп нарса керак эмаслиги, бу дунёнинг энг яхши дамларига ҳамроҳ бўлишни истаган одам фақат ва фақат ҳаракат қилиши, ўз устида тинмай ишлаши ва албатта ўзини ожиза санамаслигини кўрсатиб беришни мақсад қилган эдик. Озми-кўпми бунга эришдик деб ўйлаймиз. Соддалик ва камтарликни ўзига либос билган аёллар камида Саломат Холиқуловадек бахтга эришиши муқаррар.

Чаманой Ахмедова,
“Ўзбекистон” МФЙ
“Оқила аёллар” сардори.

МАВЗУГА ОИД

Ютуқларимга устозим ва ота-онам сабаб

admin

ЙИРТҚИЧЛАР БИЛАН ТИЛЛАШАОЛГАН ОТАБЕК

admin

ТАДБИРКОР АКАНИНГ НОМДОР УКАЛАРИ

admin

ХИТОЙДАГИ ТАЪЛИМ: ЮТУҚЛИ ВА ЮТУҚСИЗТОМОНЛАРИ НИМАДА?

admin