Бугун одамлар ўртасидаги муносабатлар мансаб, лавозим билан ўлчанаётгандек гўё. Кимгадир наф келтирмасанг салом-аликдан кейинги суҳбатда маъни бўлмайди. Аммо, ҳар доим бундай бўлмаганку!
Нега болалик йилларида эвазига ҳеч нарса кутилмаган? Нега ўша оқиб кетган сувлар бунчалар тиниқ эди? Нима ўзгарди ўзи? Вазнига вазн, бўйига бўй, ақлига ақл, нуфузига мансаб қўшилган одамларнинг ботинида нима ўзгарди, деган саволлар ўтади баъзан қалбимдан.
Ёдимда, бола эдим, ҳеч ким мени ажратмас, мен ҳам одам танламасдим. Аммо, йиллар ўтгани сайин худди бир ғалвирдан ўтгандекман. Ғалвирдан сара дон бўлиб ўтдимми ёки ҳас бўлиб, билмайман. Бу менинг бировга қандай боқишимга эмас, бошқаларнинг менга баҳосига боғлиқ. Яшириб нима қилдим, мени хушламас давралар кўп, балки уларнинг салафида бўлиш учун чин дилдан урингандирман ёки ҳамон уринаётгандирман. Аммо, мени истар давралар борлиги ёдимдан фаромуш бўлаётгандир, бир чашмадан сув ичган баъзи дўстларимни унутиб қўйгандирман.
Гоҳ-гоҳида қишлоқдаги қариндошларим билан кўришиб тураман. Улар эса, ёшликдаги дўстим мени кўп сўрашини айтишади. Яқинда ҳам салом айтиб юборибди. Эслашга кўп уриндим. Кейин хотирам ойнасида хира бир сиймо гавдаланди. Узоқ йиллар кўришмаганман, кўздан нари – меҳрдан узоқ, деганлари шу бўлса керакда. Суриштирсам ҳали ҳам ўша-ўша қора меҳнатда ҳаёт кечирар экан… Нима ҳам дердим, ҳаммаси табиий.
Ҳаётимда унутиб бўлмас кунларни у билан баҳам кўрмадим, ҳатто тўйимга ҳам айтмаганман. Эсдан чиқиб қолгандир, деб ўзимни овутаман. У ҳам айтмаган «барибир келмайди» деб. Ёшлигимда мактабдан таътил олиб, онамнинг қишлоғига борган вақтларим у билан кўришардик. Жиззах вилоятидаги ҳозирги Даштобод шаҳарчаси: олдинлари Обирчоп, Улянова каби номлар билан аталган… Мирзачўл десам аниқроқ ва соддароқ бўлади?
Беғубор болаликда у билан бирга ўйнар эдик. Далага олиб чиқар, қўйларни, молларни тонгда подага ҳайдаш, ковул териш, пилла қурти… аслида мен учун экзотик юмушлар эди. Ҳатто эшшак минишни ҳам ўша дўстим ўргатган. Ўшанда шаҳарлик бола учун ҳаммаси ғайриоддий юмушлар эди-да.
Мен пойтахтда катта бўлдим, ўқидим, улғайдим… Касб эгаси бўлиш-оила қуриш каби ҳаёт юмушлари билан умр ўтмоқда. Лекин юрагингнинг бир четида билинар билинмас ҳайқириш эшитилади доим. Айниқса, ёшинг қирққа яқинлашганда. Ёшликни эсласам шу хотиралар жонланади. Баъзан ўзим нима истаётганимни билмай хуноб бўламан. Билсам умрида бирон маротаба мендан ёрдам сўрамаган, бирон марта муаммоларини “муаммо” деб нолимаган, сени борингни ўзига шукр қиладиган дўстим билан кўришиб, суҳбатлашгим келади. Гоҳ-гоҳида телевизорда кўриниб қолсам, бутун қишлоққа жар солар, «кеча телевизорда чиқди кўрдингларми?» деб мақтанар экан.
Ғала-ғовур шаҳардан бориб, у билан суҳбатлашсам, фикрлар номутаносиб бўлиши мумкин. Ёки катталар дунёсида ўша болаликдаги масъумлик бегона бир туйғуга айланиб қолган бўлиши – бир-биримизни тушунмаслигимиз мумкин. Лекин унда самимийлик, соддалик, ишонувчанлик, ростгўйлик каби хислатлар мужассам. Унинг ҳеч кимда йўқ дунёси бор.
Шунинг учун ёдингга тушади, шунинг учун қадрлайсан, керак бўлса соғинасан…
Асқар Исмоилов,
Тошкент вилояти ҳокимлиги
ахборот хизмати бош мутахассиси.