Сўнг-ги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда. Шу ўринда давлат раҳбарининг Олий Мажлис Сенатидаги нутқидан иқтибос келтириш ўринлидир:
“Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.
Бу гапларни бежиз келтирмадик. Бугунги ҳаётимизда чиндан-да аёлларимизга бир қатор имтиёзлар берилмоқда. Шаҳримиз мисолида қарайдиган бўлсак, бунга бир қанча мисоллар келтириш мумкин. Аёл раҳбарларнинг кўпайиб бораётгани ва эркаклар билан ёнма-ён автомобиль бошқариб бораётган аёллар бугун кўпчиликни ҳайратлантирмай қўйган. Демократик ўзгаришларда фаол ва жамиятда ўз ўрнига эга бўлган шундай аёллардан бири билан суҳбатда бўлдик.
Суҳбатдошимиз автомобил ҳайдовчиси. Ҳайрон бўлманг, ҳамма ҳам ҳайдайверадику деб, чунки у аёл киши. Оддий, камсуқум, соддалиги ўзига безак бўлиб турган бу аёл ортиқча ҳашаматга бурканган сохта гўзалликдан ҳоли ўзбек аёли. Ўзини Мўмина Очилова деб таништирган бу қаҳрамонимиз асли Бухоро вилоятидан бўлиб, бугунги кунда шаҳримиздаги Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» Олмалиқ автомобил мактабида йўриқчиси (инструктор) бўлиб фаолият юритиб келмоқда.
Нима учун айнан шу соҳани танлагансиз?
Биз оилада 10 нафар фарзандмиз. 2 нафар ўғил ва 8 нафар қиз фарзандга бош-қош бўлиб, таълим-тарбия берган дадам мени доим ўзлари билан олиб юрганлар (балким кенжатой бўлганим учундир). Ўзлари ҳайдовчи бўлганлари боис автомашина билан боғлиқ кўп нарсаларни ўша вақтда дадам орқали ўрганганман. Кейинчалик шу йўналишда касб-ҳунар коллежида таҳсил олдим. Дадам билан бирга кўп юрган бўлсамда, машина ҳайдашни коллежда устозлардан ўрганганман. 3-босқични битирганимдан сўнг дадам бошқаришим учун машина олиб бердилар. Биласизми, шифокор ё ўқитувчи эмас, айнан автомобиллар бўйича мутахассис бўлиш учун ҳатто Тошкент автомобиль йўллари институтининг “Автотранспортларга ташиш ва ташишни ташкил қилиш назорати” йўналишида ўқишга ҳужжат топширдим ва ҳозирда 3-босқич талабасиман.
Қайси касб эгаларига кўпроқ ҳавас қиласиз?
— Ўқитувчи. Ҳозирда ниятим ҳам кейинчалик ўқитувчи сифатида айнан автотранспорт воситалари бўйича яхши мутахассис бўлиб, шу йўналишда ўрганувчиларга таҳсил беришдир.
Аёлларнинг машина бошқаришни тез ўрганишидаги асосий мезон?
— Аввало одамнинг ўзида бўлиши керак. Ҳаракат ва қизиқиши юқори бўлган аёллар автомобиль бошқаришни тез ўрганадилар. Айримларга ойлаб дарс ўтсангиз ҳам қабул қилмаслиги, ўрганмаслиги мумкин. Лекин мени ўрганувчиларим орасида деярли ҳаммаси машина ҳайдашни тез ўрганишган.
Охирги йилларда аёл ҳайдовчиларимиз сони ортиб бормоқда, лекин айрим эркаклар бу нарсани қабул қилишлари оғир кечаяпти. Бу ҳолатга сизнинг муносабатингиз…
— Тўғри, оила боши бўлган эркакларнинг кўпчилиги бу ҳолатга салбий қарашади. Лекин шаҳар шароитида бу нарсага урғу берилса, аёлларнинг автомобиль бошқаришини уларга ёрдамчи омил сифатида кўриш мумкин. Масалан, менга келаётган аёлларнинг эрлари ОКМК АЖда ё бошқа жойда ишлашади. Эрлари ишда бўлишганда аёллари фарзандларини ўқишга, қўшимча дарсларга ва спортга олиб боришда қийналмасликлари учун ҳам уларни ҳайдовчиликка ўқитишмоқда. Тадбиркор аёллар ҳам бор, улар ҳам мажбурият юзасидан, яъни, товар олиб келишда қийналмасликлари учун ҳам ҳайдовчиликка ўқишмоқда.
Аёллар транспорт ҳайдашни ўрганишга келгандаги биринчи берадиган саволи?
— Мен ўргана оламанми? Мана шу саволни кўп беришади. Лекин шуни ишонч билан айта олманки, битта гуруҳда битта шогирдим энг камида 70 фоиз машина бошқаришни ўрганса, қолганлари дарсни тўлиқ ўзлаштирадилар. Аёл киши бўлганим боис, аёлларни яхши тушунаман ва яхши ҳис этаман. Шунга қараб ҳар бир аёл ўқувчига сабоқ беришда индивидуал ёндашаман. Ўқувчи амалий машғулотларни ўзи қийналиб ўрганса, тез қабул қилади. Ўрганиш давомида 20-25 кун қийналамиз. Кейин эса бемалол эплаб кетишади.
Сиз билан ЙТҲ (авария) содир бўлганми?
— Аллоҳга шукур, ўзим 10 йилдан ортиқроқ машина бошқарган бўлсам, бирор марта авария ҳолатлари бўлмаган, ҳатто машғулотлар давомида ҳам. ДАН ходимларига ҳам тушиб қолмаганман. Одатда аёл киши камдан кам ҳолатларда қоидани бузади. Қоидабузарлар ё қоидани билмайди ёки амал қилмайди.
Аёл киши машина бошқаришни қайси русумдаги автомобилдан бошлагани маъқул?
— Аёл кишида сезги кучли бўлса, ҳар қандай машинани бошқара олади. Муҳими, ўзига ишонч, қатъият ва масъулият.
Қайси автомобиллар аёлларга кўпроқ мос деб ўйлайсиз?
— Шароитдан келиб чиқиб ҳар қандай машинага ҳам мослашаверди. Лекин негадир мен кўпроқ «Спарк» мос деб ўйлайман.
Рулга ўтирган аёллар ўзгаради(ми?)
— Менингча, бу ҳар кимнинг характерига, олган тарбиясига боғлиқ. Характер касб танламайди. Агар аёл рулда ўзини катта олишни бошладими, бунга машина ё ҳайдовчиликни билгани эмас, ўзи айбдор. Худбин, фақат ўзи учун яшайдиган аёллар рулда ҳам ўзгаришга мойил бўлишади.
Ўрганувчи аёллардан сўрайдиган биринчи нарсангиз…
— Қўрққан одам машина ҳайдай олмайди. Шунинг учун биринчи ҳайдовчиликни ўрганаётган аёллардан сўрайдиган нарсам, уларнинг ишончлари. Ўрганувчи аёллар орасида турли ёш тоифалари бор, мендан катталари ҳам бор. Уларга доим айтадиган биринчи гапим, кичик ёшда бўлсамда, сизга устозман, қачонки мени устоз билиб, айтганларимни айтганимдек бажарсангиз, мақсадга эришасиз, дейман.
Ўрганувчиларнинг сиз ҳурмат қиладиган жиҳатлари…
— Биринчи галда ўзи жуда хоҳлаб келган, бир ишга киришганда астойдил киришадиганларни ҳурмат қиламан. Чунки ўрганишда ҳаракат 50*50 бўлмаса, ўрганиш қийин кечади. Касбимиз жуда машаққатли. Ўрганишга ҳаракат қилганларга, мен ҳам астойдил ўргатишга ҳаракат қиламан. Ўрганаётганда овқатингиз ўхшамаса қайта тайёрлаш мумкин, кийим ҳам ўхшамаса қайта бичиш ё тикиш мумкин. Лекин автомобиль бошқариш бу кийим тикиш, овқат қилиш эмас. Йўлда секундлар ҳам рол ўйнайди. Шунинг учун диққатли бўлган ҳайдовчини биринчи галда ҳурмат қиламан. Ўқув курсимизни муддати афсуски оз, агар 4 ой бўлганда ҳам ўрганувчиларни бемалол тўлиқ ҳайдовчиликка ўргатиш мумкин.
Машина бошқараётган аёллар учун қандай кийимлар қулай?
— Автомобилни энди ўрганаётган аёллар ўзига қулай бўлган, паст пошнали оёқ кийими ва иложи бўлса шимда бўлишса, ўрганиш қулайроқ. Лекин тажриба ортиб борган сари кийимни аҳамияти йўқ. Баланд пошнада ҳам бемалол машина бошқариш мумкин. Ўзим ҳеч қачон баланд пошнада автомобиль бошқармайман. Бирорта тадбирга борадиган бўлсам ҳам баланд пошнани алоҳида олиб юраман. Ҳамма нарсада меъёр бўлгани яхши. Баланд пошнада юришдан қўрқмайман, бу нарсага масъулият деб қарайман.
Қайси ёш тоифадаги аёллар ҳайдашни тез ўрганадилар?
— Мажбур бўлган, қизиққан ёки эри машина олиб бераман деган аёллар.
Йўлларимиздаги қайси ҳолатлар сизни ранжитади?
— Йўлда ҳайдовчи ҳам, йўловчи ҳам доим тенгдан айбдор, кўп ҳолларда улар биргаликда, қоидани бузишади. Мумкин бўлмаган жойда йўловчи турса, ҳайдовчи ҳам унга қараб қоидани бузиб, ўша ерда тўхтайди. Огоҳлантирувчи белгилардан ҳайдовчилар кўп ҳолларда фойдаланишмайди. Бу аварияни юзага келтириши мумкин.
Сизнингча, яхши ҳайдовчи…
— Йўл қоидаларини яхши уққани, ўқигани эмас. Мен учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан ҳам бурун қоидаларни яхши уқиб, унга амал қилса, у яхши ҳайдовчи.
Сиз ишлаётган ташкилотнинг бошқа автомактаблардан афзалликлари нимада деб ўйлайсиз?
— Афзалликлари талайгина. Ҳозирги кунда хайдовчилик гувоҳномасини олиш ҳам қийин бўлиб қолди. Яъни, ҳар томонлама билими бор одам гувоҳномага эга бўлади. Ташкилотимизда тажрибали, олий маълумотли ўқитувчилар дарс беради, замон талабидек автодром мавжуд, техникаларимиз янги, таълим олувчилар электрон база “Е-платформа” орқали рўйхатга олинган ва албатта, ташкилотимизнинг номи «Ватанпарвар» бўлгани ҳам мени руҳлантиради.
Суҳбатдош Дилдора
Абдураҳмонова.