Image default
Жамият

ТАҲЛИЛДАН ТАНҚИДГАЧА ЁХУД МАСЪУЛЛАР ҲАМ НАЗОРАТДА

Жорий йил 1 август куни шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг навбатдаги 56-сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибига 11 та масала қўйилган бўлиб, шундан биринчи масала Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг бўшаб қолган 3-,8-,11-,28-сайлов округлари депутатлигига бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи шаҳар сайлов комиссияси раиси Баҳодир Дўсимбетовнинг ҳисоботи тингланди. Сўнгра сайловда ғолиб бўлган номзодлар Қудрат Раҳимов, Севар Қодирова ҳамда Шавкат Раимжоновларга депутатлик гувоҳномалари тақдим этилди.
Шаҳар Кенгаши айрим доимий комиссиялари таркибига ўзгартириш киритиш бўйича Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши раиси Қобил Хамдамовнинг ҳисоботи ўқиб эшиттирилди. Кенгаш котибияти мудири Э.Абдурайимовга йиллик меҳнат таътилини бериш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган бўлиб, депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Шундан сўнг шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими раҳбари томонидан шаҳардаги мавжуд экологик муаммолар хусусида тўхталди. «Яшил макон» доирасида экилган кўчатлар тақдири қониқарсиз аҳволда эканлиги, суғориш тизими тўғри йўлга қўйилмаганлиги, бу борада барча ташкилотлар эътиборли бўлишлари кераклиги айтиб ўтилди. Шаҳар Ободонлаштириш бўлими раҳбари Қудрат Раҳимов ҳам суғориш тизими тўғрисида қисқача маълумот берди.

Сессия давомида шаҳар Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Акром Нишоновнинг ҳоким ёрдамчилари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда субсидия масаласидаги мавжуд муаммолар тўғрисидаги ахбороти тингланди.
ИИБ ўринбосари томонидан Шаҳарда жиноятчиликнинг ошиб кетгани ва 51 та маҳалладан 20 тасида жиноят содир этиш ҳолатлари ошиб кетгани боис «қизил ҳудуд»га киритилгани айтиб ўтилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Президентининг Олмалиқ шаҳридаги Халқ қабулхонасининг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан қабулхона мутахассиси Гулнора Балтаева ҳисобот чоғида икки нафар ташкилотга тақдимнома киритгани ҳамда ташкилотларда мурожаатлар билан ишлаш бўйича аниқ битта масъул бириктирилмагани ва сусткашликка йўл қўйилгани борасида танқидий фикрларини билдириб ўтди.
Сессия кун тартибидаги бошқа масалалар комиссия томонидан чуқур таҳлил қилиб ўрганилиб, кўриб чиқилгани боис, улар бўйича сессия сўнгида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қуйида сессияда кўрилган ҳисоботларнинг қисқача таҳлили билан танишишингиз мумкин.

Экологик назорат


Бугунги кунда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир қонун талаблари ижроси устидан давлат назоратини амалга ошириш мақсадида шаҳримизда 4 нафар давлат инспекторлари фаолият олиб бормоқда.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида инспекторлар томонидан ўтказилган назорат тадбирлари ва рейдлар давомида жами 167 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, 55 млн. 255 минг сўм жарима солинди. Шундан “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш йўналиши” бўйича 41 та ҳолат юзасидан жами 4 855 000 сўм; “Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш” йўналиши бўйича 114 та ҳолат аниқланиб, 31 890 000 сўм; “Сув, ер ресурслари ва ер ости бойликларини муҳофазаси ва назорат қилиш” йўналиши бўйича 2 та қонун бузилиш ҳолати аниқланиб, 3 510 000 сўм ва “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш” йўналиши бўйича 10 та қонун бузилиш ҳолати аниқланиб, 15 000 000 сўм жарима ва табиатга етказилган зарарни қоплаш мақсадида 8 та шахсга нисбатан жами 76 134 000 сўм товон пули учун жарималар солинган.
Тошкент вилояти “Сувоқава” ДУК Олмалиқ шаҳар филиали оқава сувларни тозалаш иншооти 1982 йилда ташкил топган бўлиб, Пискент тумани, И.Хайдаров ф/х. ҳудудида жойлашган. Ҳозирги кунда суткасига ўртача 80 000 – 90 000 куб оқава сув қабул қилиб олади. Баҳор, куз ва қиш мавсумида оқава сувларга ёғингарчилик сувлари қўшилиши натижасида тозалаш иншооти юклама билан ишлаши оқибатида иншоотнинг иш самарадорлиги пасаяди.
Шунингдек, бўлимда кимёвий таҳлил олиш лабораторияси мавжуд бўлиб, лаборатория томонидан 10 та ингредиент бўйича таҳлил намуналари олинади. Таҳлил натижаларига кўра муаллақ моддалар, нитрат ва сульфат миқдори рухсат этилган миқдордан ошиш ҳолатлари кузатилган.
Тозалаш иншоотидан ўтган сувлар лаборатория томонидан қолдиқ хлор таҳлили ўтказилгандан кейин очиқ сув ҳавзасига, яъни “Таначи-Бўка” каналига ташланади. Ҳозирги кунда тозалаш иншоотининг самарадорлиги 7,89 фоиз бўлиб, мукаммал таъмирга муҳтож.
Ҳозирги кунда дунё миқёсида ҳал қилиниши лозим бўлган энг муҳим муаммолардан бири чиқиндилар муаммосидир. Шаҳримизда бир йилда ўрта ҳисобда 17578,44 тоннадан ортиқ қаттиқ ва маиший чиқиндилар ҳосил бўлмоқда. Чиқиндиларни махсус чиқиндихоналарга жойлаштириш, шунингдек аҳолига санитар тозалаш хизматларини кўрсатиш бўйича тегишли ташкилотлар томонидан ишлар амалга оширилаётганига қарамай, шаҳар ҳудудида белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш ҳолатлари кузатилмоқда. Хусусан қурилиш чиқиндиларини тўпланиб қолиши, белгиланмаган жойларга ташлаш ҳолатлари кўп учрамоқда.

А.Айматов,
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш бўлими раҳбари.

Мурожаатлар: кимга, қаерга қанча?

Жорий йилнинг ўтган 6 ой давомида шаҳар аҳолисидан Президент виртуал қабулхонасига жами 4113 та (2021/5289) мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 3693 таси кўриб чиқилган, 420 таси жараёнда.
Мурожаатларнинг 2962 таси ишонч телефонлари орқали, 264 таси веб сайт, 11 таси Халқ қабулхонаси веб сайти, 48 таси Президент почтаси, 104 таси Президент Халқ қабулхонаси, 109 таси сайёр қабул орқали, 332 таси сектор сайёр қабуллари орқали, 248 таси Олмалиқ шаҳар Халқ қабулхонасига тўғридан-тўғри мурожаат қилган мурожаатлардир.
Мурожаатларнинг 66 таси шаҳар ҳокимлигига, 32 та прокуратурага, ИИБга 12 та, Бандлик марказига 29 та, МИБга 13 та, ДСИга 4 та, кадастрга 2 та, банк филиалларига 6 та, мактабгача таълим бўлимига 6 та, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига 22 та, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига 6 та, ХТБга 3 та, Тиббиёт бирлашмасига 4 та, сув таъминотига 3 та, электр таъминоти 4 та, транспорт масаласида 1 та, тиббий ижтимоий хизматга 1 та, ОКМКга ишга жойлашиш бўйича 41 та, ҳудудгаз корхонаси бўйича 15 та, “Аммафос Максам”га 5 та, Ахборот технологиялари ва 2 таси коммуникацияларини ривожлантиришга тегишли.
Мурожаатларнинг 550 таси такрорий мурожаатларни ташкил этди. Такрорий мурожаатларнинг ошиб кетишининг сабаби, мурожаатнинг тўлиқ ўрганиб чиқилмай уларга ижобий ёки ҳуқуқий маълумот берилди деб нотўғри ёпиб юборилишидир. Келгусида бу ҳолатлар қаттиқ назоратга олинади ва мурожаатлар чуқур ўрганилиб асосли ва реал жавоблар берилиши талаб этилади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш ҳолати шаҳарнинг айрим корхона, ташкилот ва муассасаларда жойларга чиқиш орқали ўрганилганида, баъзи корхоналарда мурожаат этувчилар учун қонун ва қонун ости норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда етарли шарт-шароитлар яратилмаганлиги, мурожаатлар билан ишловчи ходим корхонада ўз хизмат вазифасидан ажралмаган ҳолда ишлаши натижасида мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва ҳал этишда қонун талаблари бузилиши ҳолатлари юзага келмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда мавжуд мурожаатларнинг асосий қисмини бандликни таъминлаш ҳамда моддий ёрдам масаласидаги мурожаатлардир.

Гулнора Балтаева,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олмалиқ шаҳридаги
Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.

МАВЗУГА ОИД

Келгуси 5 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тасдиқланди

admin

ДАВЛАТ ХИЗМАТЧИЛАРИ ВА ТАДБИРКОРЛАР ТАҚДИРЛАНДИ!

admin

ИПОТЕКА КРЕДИТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШДА ИМТИЁЗ БОРМИ?

admin

КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАРКУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРМИ?

admin