Image default
Жамият

«МИЖОЗЛАР ҚАРЗДАН ҚЎРҚИШМАЙДИ»

Бугун кредит тушунчаси ҳеч кимга янгилик эмас, бу сўз деярли ҳар бир хонадонга “меҳмон”. Кредит олиш ва ундириш ҳолатлари бўйича эса бугун ижтимоий тармоқларда минглаб ахборотга эга бўлиш мумкин. Лекин шаҳримизда фаолият юритаётган банкларда қандай кредитлар мавжуд, олиш ва ундириш тартиблари, аҳолига яратилаётган қулайликлар ва ундирувлардаги банк ходимларининг оғриқли нуқталари ҳақида фақат бизнинг саҳифаларимиз орқали билиб олишингиз мумкин.

Бу сонимизда “Ўзсаноатқурилишбанк” шаҳар филиали, жисмоний шахсларни кредитлаш бўлими бошлиғи Зуҳра Мансурова ҳамда Ҳамкорбанк шаҳар филиали чакана бизнес бўлим бошлиғи, бошқарувчи ўринбосари Жаҳонгир Мадаминов билан шаҳримиз аҳолисини қизиқтирган айрим саволлар юзасидан суҳбатда бўлдик.

  1. Жисмоний шахслар учун бугунги кунда қандай кредит турлари амалда ва неча фоизлик кредитлар мавжуд?
  • Жисмоний шахслар учун қуйидаги кредитлар мавжуд, микроқарз: бир йилга 26,9 фоиз, 2 йилга 27,9, 3 йилга 28,9 фоиз. Микроқарз 30 млнгача битта жисмоний шахс кафиллиги билан, 30 млн. сўмдан 50 млн. сўмгача эса гаровга мулк қўйган ҳолда берилади. Маълумот учун мулкка ишлаб чиқарилган муддати 5 йилдан кам бўлмаган автомашина, нотурар жой биноси, агар турар жой биноси квартира ё ҳовли уй олинадиган бўлса, ҳеч ким яшамайдиган, рўйхатда ҳам ҳеч ким турмайдиган уй олинади.
    Бундан ташқари бирламчи бозор, янги уйга ипотека кредити — 18 фоиз, муддати 20 йил, бошланғич тўлов 15 фоиз ҳамда уй қуришга ва реконструкцияга ипотека кредити — 18 фоиз, муддати 20 йил, бошланғич тўлов 15 фоиз, пул нақдсиз кўринишда дўконга қурилиш моллари учун ўтказиб берилади.
    Таълим кредити — 14 фоиз, муддати талабалик муддати +6 ой, имтиёзли даври +7йил.
    “Ҳамкорбанк”: жисмоний шахслар учун микроқарз кредити мавжуд бўлиб, бир йилга 27,99 фоиз, 2 йилга 33 фоиз, 3 йилга 36 фоизга берилади. Кредит нақд пул кўринишида ёки пул ўтказиш йўли билан пластик картага 30 млн. сўмгача кафил асосида тушириб берилади. Агар фуқаро 30 млн. сўмдан кўпроқ миқдорда кредит оладиган бўлса, гаровга мулк қўяди (нотурар жой ёки автотранспорт). Бундан ташқари автокредитлар ҳам 48 ойга 600 млн сўм миқдорида 28 фоизга берилади.
  1. Ҳозирда кредит бериш тартибида аҳоли учун қандай қулайликлар яратилмоқда?
  • Банкимизда алоҳида имтиёзли кредитлар мавжуд эмас.
    “Ҳамкорбанк”: Фуқаролар ўзлари ишлаб топган пулларига уй ёки автомашина олишлари қийин, лекин айнан кредит олиш орқали улар орзуларига эртароқ ва осонроқ эришади, шунинг ўзи ҳам аҳоли учун яратилган энг яхши қулайликдир.
  1. Кредит ундирувлари масаласи қандай амалга оширилаяпти?
  • Ҳозирги кунда банкимизда муаммоли кредит қарздорлигини ундириш учун қарздор ва кафил иш ҳақи, пластик карточкаси ва автотуловга уланмоқда.
    “Ҳамкорбанк”: Кредит ундирувлари тартиби мижоз билан банк ўртасида тузилган шартномада кўрсатилган. Муддат бўйича тўловлар ойдан ойга ўтса, тартиб бўйича мижозларга огоҳлантириш хати юборилади. Шунда ҳам мижоз кредит тўловини амалга оширмаса суд орқали ҳал қилинади.
  1. Кредит тўловини амалга оширмаётган фуқароларга нисбатан қандай чоралар амалда?
  • Кредит тўловларини амалга оширмаётган мижозлар бўйича ижро ҳужжатлари МИБ орқали иш ҳақидан ундирилади.
    “Ҳамкорбанк”: Кредитни вақтида амалга оширмаган мижознинг кредит тарихи «қора» рўйхатга олинади ва у 5 йилгача кредит ололмайди. Масалан, бизнинг банк орқали қора рўйхатга тушган бўлса, мижоз бошқа банкдан кредит олмоқчи бўлса, барибир мижознинг кредит тарихини ўрганиши натижасида мижоз қайта кредит ола олмаслиги мумкин. Шу ўринда айтиш жоизки, кафил доим кредит олувчи билан баробар жавобгар бўлади.
  1. Одамларда охирги 2-3 йилларда кредит тушунчаси қанчалик шаклланган?
  • Аҳолида кредит, асосан микроқарзга бўлган тушунча ўсган, мижоз битта паспорт орқали банкка мурожаат қилиб, қанча миқдорда кредит олиши мумкинлигини, қарз юки миқдори иш ҳақидан қанча фоизни ташкил этиш кераклигини тушунишмоқда.
  1. Онлайн кредит билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш борасида банк томонидан қандай чоралар кўрилмоқда?
  • Онлайн кредит билан боғлиқ фирибгарлик йўлининг олдини олиш мақсадида онлайн кредит фақат иш ҳақи пластик карталарига, шахсини фейс идентификация қилган ҳолда ажратилмоқда.
    “Ҳамкорбанк”: Фуқароларда кредит тушунчаси шаклланган. Лекин одамларда кундан-кунга кредит тўлови бўйича қўрқув ҳисси йўқ бўлиб бормоқда. Бугунги кунда тўловни амалга оширмай юрган фуқаролар жуда ҳам кўп. Уларнинг мақсадлари фақат кредит олиш, лекин тўловларни амалга оширмайдилар. Охир-оқибат энг катта зарарни ҳам ўзлари кўради. Ўзларига ёмон бўлади. Айниқса, бизда тўй арафасида қудалар ўртасида олинаётган кредитлар ёшлар ҳаётига таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун биз доим улар билан тушунтириш ишларини олиб борамиз.
  1. Кимларга кредит берилмайди?
  • Кредит олиб, 3 марта 90 кундан ортиқ кредитни тўламаган, МИБ орқали блокка қўйилган шахслар кредит ололмайди.
    “Ҳамкорбанк”: Онлайн кредит олмоқчи бўлган фуқаронинг шахсан ўзи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни олиб келади ва расмга тушади, фуқаро шахси идентификация қилингандан кейингина унга онлайн кредит берилади. Шунинг учун бировнинг номига биров онлайн кредит ола олмайди. Сабаби кредит олувчи фуқаро бир марта бўлса ҳам банкка келиши шарт бизда.
  1. Кредит олишдаги қоғозбозликлар неча фоизга қисқарган?
  • Мижоз учун кредит олишда қоғозбозлик қисқарган, яъни мижоз банкка фақат битта паспорт тақдим қилиш орқали кредит олмоқда.
    “Ҳамкорбанк”: 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган шахслар кредит олишлари мумкин, 60 ёшдан юқори бўлган шахсларга кредит берилмайди. Бундан ташқари доимий даромадга эга бўлмаган шахсларга кредит берилмайди.
  1. Кредит ундирувларида банк ходимини қийнайдиган энг оғриқли нуқта…
  • Мижозлардан кредит ундируви бўйича манзилга чиққанда, мижоз у манзилда яшамайди, иш жойини ҳам ўзгартирган, яшаш жойида ҳам бўлмайди. Кўпинча иш жойига бориб бошлиқларидан ундирувда амалий ёрдам сўрасак, кредит берилганда биздан сўрамагансизлар, деб ёрдам беришмайди. Карантин сабабли аксарият мижозларда тўлов интизоми йўқолди, баҳонаси карантин бўляпти. Мижозлар қарздан қўрқмайдиган бўлиб кетишган, қарз масъулиятини ҳис қилишмайди.
    “Ҳамкорбанк”: Қоғозбозликлар 60 фоизга қисқарган.
  1. Кредит олмоқчи бўлган фуқароларга қанақа тавсиялар бера оласизлар?
  • Мижозларга тавсиямиз, кредит олишгандан кейин тўлов интизомига риоя қилишсин, кредитларни тўлов графигига амал қилган ҳолда ўз вақтида тўлашса, кредит олишларида муаммоларга дуч келишмайди.
    “Ҳамкорбанк”: Банклар сайти орқали кредитлар бўйича бемалол маълумотга эга бўлишлари мумкин.

Суҳбатдош:
Д.Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

УЙ-ЖОЙЛАР КИМЛАР УЧУН БЕРИЛДИ?

admin

ЎКСИК ҚАЛБЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ

admin

ЭЪЗОЗ УЧУН ЯРАЛГАН АЁЛ

admin

КОРРУПЦИЯ РИВОЖЛАНИШИМИЗГА ТЎСИҚ

admin