Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги ўта хавфли юқумли касалликлар гуруҳига киради. У маҳаллий аҳоли тилида «қора ўлим» деб ҳам юритилади.

Касаллик одамларга асосан майда шохли ва йирик шохли қорамоллардаги каналарни териш, уларни жунини олиш ёки чўл ҳудудларида уларни боқиш жараёнида кана чақиши орқали юқади. Иксод каналарининг ҳазм йўлларида кўплаб миқдорда касаллик қўзғатувчиси бўлган вируслар бўлади ва кана одамни чаққанда қонига тушади.
Ушбу касаллик билан ҳайвонлар касалланмайди ва клиник белгилар намоён қилмайди. Ҳайвонлар касаллик қўзғатувчиси ва ташувчиси (каналар) учун резервуар бўлиб ҳисобланади.
Вирус ажратган моддалар натижасида одам қони ивиши издан чиқади. Оқибатда бурун ва бошқа табиий тешиклардан қон кетиши кузатилади. Касаллик оғир кечади ва ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса оқибати нохуш тугаши мумкин.
Касаллик фаолияти чўл ҳудудлари, яъни табиий ўчоқлар билан боғлиқ бўлган касб эгалари: чўпон, уларнинг оила аъзолари, мол боқувчилар, овчилар, қўйлар жуни қирқимига вақтинча жалб қилинганларда кўпроқ учрайди.
Касалликнинг яширин даври ўртача 2 – 3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларга қисқариши ёки 14 кунгача чўзилиши мумкин.
Касаллик ўткир бошланиб, беморнинг тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилиши, совқотиб қалтираши, мушаклари оғриши, баданга тошма тошиши, юз, бўйин, кўкрак қисми терилари қизариши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзи ҳолатларда касаллик оғир кечиб, бемордан қон кетиши натижасида ўлим қайд этилади.
Канани қўлда териш, ўлдириш мумкин эмас.
Иксод каналарини бутунлай йўқ қилишнинг иложи йўқ. Улар ниҳоятда яшовчан бўлиб молхона девори тирқишида ўн йилгача оч ухлаши исботланган.
Касалликнинг
олдини олиш:
Чўл ҳудудларига (табиат қучоғида) апрелъ, май, июнъ ойларида имкон қадар чиқмаслик;
Чўл ҳудудларидан, бозорлардан майда ва йирик шохли молларни канага ишлов бермасдан уйга олиб кетмаслик;
Молларда кана аниқланса, дарҳол ветеринария ходимларига мурожаат қилиб, уларнинг тавсияси асосида каналарга қарши ишлов бериш;
Каналарни қўл билан эзиб ва қайчи билан кесиб ўлдирмаслик;
Қирим мавсумида ёш болалар, ўсмирлар ва хомиладор аёлларни жалб этмаслик лозим.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар, ўзингиз ёки яқинларингизда ушбу касаллик аломатларини сезсангиз, дарҳол шаҳар Марказий шифохонаси билан бирга шаҳар Давлат Ветеринария бўлими мутахассисларининг 94-619-66-22 телефон рақамига мурожаат қилинг.
Шаҳар Ветеринария бўлими.