Image default
Табриклаймиз

ОЛМАЛИҚ ШАҲАР ҲОКИМИ ҲАМДАМОВ ҚОБИЛ МУРАТҚУЛОВИЧНИНГ МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ШАҲРИМИЗ АҲОЛИСИ ВА МЕҲМОНЛАРИГА ЙЎЛЛАГАН  БАЙРАМ ТАБРИГИ

Ассалому алайкум, қадрли ҳамшаҳарлар ва шаҳримиз меҳмонлари!

Бугун юртимиз бўйлаб улуғ байрам шодиёнаси кезмоқда. Тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган жонажон Ватанимиз мустақиллигининг шонли ўттиз бир йиллигини кенг нишонлаяпмиз.

Босиб ўтилган қисқа, тарихий даврда Ўзбекистонимиз дунё ҳамжамиятида ўз ўрнини топди. Ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, бугунги кунда “Меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз миллий ривожланишнинг янги даврига улуғвор мақсад ва амалий ишлар билан кириб бормоқда”.

Бугун юртимизда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот замирида “Инсон қадри учун” тамойили мужассам. Мустақиллигимизнинг
31 йиллик шодиёнасини ҳам “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори билан нишонлаётганимиз бежиз эмас.

Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуси билан жорий 2022 йил мамлакатимизда бошланган улкан ислоҳотларни давом эттириш мақсадида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дастури қабул қилинди. Олиб борилаётган ислоҳотлар энг қуйи тизим бўлмиш маҳаллагача етиб бориши учун ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоли лавозимлари жорий этилиб, “маҳаллабай” тизим асосида аҳолининг муаммо ва масалалари хонадонбай ўрганилиб, ечим топмоқда. Биргина Олмалиқ шаҳри “Ёшлар дафтари”даги ёшларга
3 млрд 800 млн. сўм, “Аёллар дафтари”даги эҳтиёжманд аёлларимизга 2 млрд. 800 млн. сўм ҳамда “Темир дафтар”даги оилаларимизга 2 млрд. 440 млн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, жами 7 минг 500 нафар фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди.

Шаҳримизда ўнлаб замонавий корхоналар, шинам турар-жойлар, янги боғча ва мактаблар, тиббиёт ва спорт иншоотлари барпо этилмоқда. Жумладан, шаҳримизнинг Ислом Каримов ва Абдулла Қаҳҳор маҳаллаларида “Янги Ўзбекистон” массивини бунёд этиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу мажмуада 6 минг 180 та хонадонга эга бўлган 78 та кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. Шунингдек бу янги массивда 1 минг 680 ўринли мактаб, 360 ўринли боғча, оилавий поликлиника ва ижтимоий маиший объектлар қурилади.

Бундан ташқари шаҳримизда Инвестиция дастури доирасида кўплаб Ижтимоий соҳа объектларида кенг кўламда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Дастурлар доирасида 8 та умумий ўрта таълим мактаблар ва 5 та мактабгача таълим ташкилотлари мукаммал, жорий таъмирланди ҳамда моддий техник базаси яхшиланди.

Шунингдек, юртбошимизнинг хусусий секторни ривожлантиришга бераётган эътибори натижасида давлат муассасалари билан бир қаторда 18 та хусусий боғчалар, 1 та хусусий мактаб ва 50 дан ортиқ хусусий тиббиёт муассалари халқимизга хизмат қилиб келмоқда.

Ўқувчилар ўртасида хорижий тилларни ўрганиш бўйича “Энг яхши мактаб ”танловида ғолиб бўлган шахримиздаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактаби Республика босқичида 3-ўринни эгаллаб, Президент соврини билан тақдирланди. 19-умумтаълим мактаби
“Ёш қутқарувчилар” жамоаси вилоятда биринчи ўринни қўлга киритиб, республика босқичида энг яхши кўргазма ташкил этиш йўналишида эътироф этилди. Алоҳида эътироф этиш жоизки,
2021 йилда Республика миллий рейтингида Олмалиқ шаҳри 10 мингдан ортиқ мактаблар ичида 49-ўрин, вилоятда 1-ўриндан жой олди.

Яна бир қувонарли ҳолат охирги йилларда шаҳримиздаги мактаб битирувчилари Олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари бўйича вилоятда энг юқори ўринни эгаллаб келмоқда. Мен фурсатдан фойдаланиб, бу йилги битирувчиларимизга Олий таълим муассасаларига кириш омад ва зафарлар тилайман.

Бугунги кунда юртимиз спортчилари ҳам бутун дунёда катта ютуқларга эришмоқда. Биргина мисол, яқиндагина Ҳиндистонда бўлиб ўтган бутун жаҳон шахмат олимпиадасида 1-ўринни, Туркияда бўлиб ўтган “Ислом бирдамлик ўйинлари”да умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллагани барчамизга ғурур бағишлайди.

Шаҳримизнинг спортчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 65 та олтин, 73 та кумуш, 115 та бронза медаллари соҳиби бўлишди. Халқаро миқёсда Осиё чемпионат ва кубокларида 2 та олтин, 2 та кумуш, жаҳон чемпионати ва кубокларида эса 6 та олтин, 4 та кумуш, 7 та бронза медаллари соҳиблари бўлишди. Яқинда бўлиб ўтган 7- “Осиё болалари” Халқаро спорт ўйинларида шаҳримиз спортчилари – Қозимбек Арслонов ва Рустам Сайфиддинов кумуш, Сардор Холдоров ва Станислав Пак масрестлинг спорт тури бўйича бронза медаллари соҳиби бўлишди. Спортнинг оғир атлетика тури бўйича Ҳиндистонда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Кемран Ширинов, Елена Хардина олтин медалларни қўлга киритишди ҳамда Константин Хардин кумуш медални қўлга киритди. Спортнинг кураш тури бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган Жаҳон биринчилигида Соҳибжон Бойматов олтин медални қўлга киритди.

Тошкент вилояти ҳокими кубоги спорт мусобақаларида спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида 23 та медалларни қўлга киритиб, вилоятда фахрли 1-ўринга сазовор бўлишди.

Олий Мажлис Сенати томонидан эълон қилинган “Парламент ўйинлари”да спорт мусобақаларининг минифутбол ва стол тенниси турлари бўйича бизнинг депутатларимиз Республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритди. Фурсатдан фойдаланиб эртага бўлиб ўтадиган Республика сўнги босқичида депутатларимизга омад тилаймиз.

Барчамизга маълумки, Олмалиқ шаҳрининг тараққиёти ва эртаси Республикада йирик саноат ишлаб чиқариш корхонаси “Олмалиқ КМК” АЖ фаолиятининг кенгайиши билан чамбарчас боғлиқ. Комбинат корхоналарининг 3-, 4-Мис бойитиш фабрикалари қурилиши ҳисобига кенгайиб бориши билан аҳоли сони ортиши ва янги ижтимоий объектлар барпо этилиши талаб этилади.

Биргина Олмалиқ шаҳрида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак, муваффақиятли натижалар қайд этилаётгани қувонарлидир.

Шаҳримизда иқтисодий кўрсаткичларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръатлари таъминланди.

Хусусан, 20,0 трлн.сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилди. 1,0 трлн.сўмдан ортиқ қурилиш-пудрат ишлари бажарилди.

Хабарларингиз бор Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир йўналишларни ривожлантириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб бермоқдалар. Айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасини яхшилаш юзасидан қатор-қатор топшириқлар берилди. Шаҳримизда эса хизмат кўрсатиш ҳажми 976,0 млрд.сўмни ташкил этди ҳамда чакана савдо айланмаси 1,1 трлн.сўмлик кўрсаткичга эришилди.

Бу натижаларда шаҳримизда фаолият юритиб келаётган
4 мингга яқин тадбиркорларимизнинг муносиб ҳиссалари бор. Жорий йилнинг шу даврига қадар 543 та тадбиркорлик субъектлариташкил этилди. Ҳар битта тадбиркор битта фаровон оила, янги иш ўрни, янги иқтисодий куч, деганидир. Шу боис ҳам Давлатимиз раҳбари  тадбиркорларни алоҳида қўллаб-қувватлаб, ишонч билдириб, уларнинг фаолиятига яқиндан кўмаклашиш учун маҳаллаларда “Ҳоким ёрдамчиси” лавозимларини жорий этгандилар. Шу кунга қадар ҳоким ёрдамчиларининг иштирокида 228 та лойиҳага 5,6 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилиб, 6,5 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Албатта, бу ислоҳотлар Давлатимиз раҳбарининг халқчил ва изчил сиёсати туфайли амалга оширилмоқда.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар мен ҳоким сифатида бир нарсани таъкидлашни жоиз деб билдим. Эришилаётган ютуқларимизга ҳисса қўшаётган “Олмалиқ кон металлургия комбинати”, “Аммафос-Максам” акциядорлик жамиятлари, нуронийларимиз, аёллар ва ёшларимиз, ўқитувчи ва шифокорларимиз, инвестор ва тадбиркорларимиз, қурувчи ва муҳандисларимиз, маданият ходимлари ва спортчиларимиз, журналист ва блогерларимиз, депутат ва давлат хизматчиларимиз ҳамда шаҳримиздаги барча соҳа вакилларига ўзим ва сектор раҳбарлари номидан миннатдорчилигимизни билдираман.

Қадрли ҳамшаҳарлар!

Бугун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўз ҳаётида ислоҳотлар самарасини кўряпти, ҳис қиляпти. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Бу ислоҳотлардан мақсадимиз битта — одамларни рози қилиш”.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни, сизлар орқали барча ҳамшаҳарларимизни энг улуғ байрамимиз – Мустақиллигимизнинг
31 йиллиги
билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилангизга тинчлик ва фаровонлик тилайман. Янги Ўзбекистонимизнинг эртасини биргаликда қуриш ва кўриш барчамизга насиб этсин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

МАВЗУГА ОИД

ЮКСАК МУКОФОТЛАРМУБОРАКБЎЛСИН!

admin

АЁЛНИ ҚАДРЛАНГ, АЁЛНИ АСРАНГ, АСЛО ОЗОР БЕРМАНГ АЁЛ ЗОТИГА

admin

КИЧИКФЕЪЛ ШОИРНИНГ КАТТА ТЎЙИ

admin

ТАБРИКЛАЙМИЗ, ҚУТЛАЙМИЗ!

admin