Image default
Жамият

ХАВФЛИ ЕРДАГИ ХАВФСИЗ ҲАЁТ УЧУН

Саноат хавфсизлиги Давлат қўмитаси ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми 10-алоҳида ҳарбийлаштирилган кон қутқарув взводи — касб масъулияти ўта кучли ва инсонлар ҳаётига дахлдор бўлган бу соҳа вакиллари ҳақида эшитганмисиз?


Саноат шаҳри бўлган Олмалиқда бу соҳа ходимлари бир неча йиллардан буён фаолият олиб боришади. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги Давлат қўмитаси тўғрисида”ги Низомига асосан улар алоҳида қўмита сифатида ўз фаолиятларини давом эттириб келмоқдалар.

Бу қандай қўмита деган саволга эса қуйида жавоб олишингиз мумкин. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси атом энергетикаси ва ядро технологиялари объектларида, шунингдек, хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги соҳасида радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилиши ва назорат қилиниши учун масъул бўлган ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


Демак, шаҳримизнинг йирик корхоналаридан бири бўлган ОКМК АЖда ўз иш фаолиятларини олиб бораётган Саноат хавфсизлиги Давлат қўмитаси ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми 10-алоҳида ҳарбийлаштирилган кон-қутарув взводи конда ишлаётган ишчи-ходимлар хавфсизлигига масъул касб эгаларидир.

Ўттиздан ортиқ ходимлар фаолият олиб борадиган ҳарбийлаштирилган кон-қутарув взводи конда содир бўлган аварияларни бартараф этиш, хавфли ишлаб чиқариш объектларида аварияларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, портлаш ишларида ёнғин, кўчиш, электр токи уришини олдини олиш мақсадида назорат ишларини олиб боришади. Бўлинма доимий равишда смена асосида ишлаб, навбатчи бўлинма ва заҳира бўлинма таркиблари асосида ўз ишларини олиб боради.


Жумладан, ОКМК АЖнинг “Каулди” конида портлаш ишлари амалга оширилгандан ярим соат вақт ўтгач, 10-алоҳида ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув взводи навбатчи ходимлари кондаги газларни ўлчаб, меъёрни аниқлашади. Шамоллатиш ишларини олиб бориб, шахтага қўйилган тўсиқларнинг созлигини, тоғ жинсларини бурғулаш жараёни хавфсизлигини назорат қилишади. Ускуналар созлиги текширилиб, ҳар бир қутқарувчи-ёрдамчи шахтафон орқали юқоридагиларга алоқага чиқишади. Ва шундан сўнг кончиларга конга киришга рухсат берилади. Ҳар бир ходим газдан ҳимояловчи “Респиратор-30” ускунаси билан таъминланади.


Ушбу соҳада 20 йилга яқин ишлаб келаётган Сардор Адиловнинг таъкидлашича, яқин 2 йил ичида ходимларнинг қатъий ва тартибли ишлари натижасида ҳеч қандай авариялар содир бўлмаган. Сабаби эса доимий равишда ишчи-ходимлар ўртасида кон-қутқарув ишларини олиб борувчи 10-Алоҳида ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув взводи командирлар таркиби раҳбарлигида, тезкор шахсий таркибнинг тактик техник тайёргарлиги бўйича билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида маҳорат машқлари ўтказилиб борилади.


Жорий йил 12 сентябр куни Саноат хавфсизлиги Давлат қўмитаси ҳарбийлаштирилган кон-қутқарув қисми 10-Алоҳида ҳарбийлаштирилган кон-қутарув взводида бўлинма командири Зуҳриддин Ҳасанов бошчилигида навбатдаги ўқув машқи ўтказилди. Хусусан, бўлинмага ўқув “Тревога” сигнали бериш орқали тезкор шахсий таркибнинг кон қутқарув ишларини олиб бориши, тезкор автомашинанинг жанговар шайлиги, махсус кон қутқарув асбоб-ускуналаридан моҳирона фойдаланган ҳолда авария оқибатида қолган одамларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатиш ва уларни беталофат эвакуация қилиш тайёргарлиги кўздан кечирилди.


Ўқув машғулотида жанговар машиналар ва махсус кон қутқарув асбоб-ускуналарини қўллаган ҳолда авариявий вазиятга яқинлаштирилган ҳолда кон қутқарув ишлари олиб борилди.

Дилдора Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

ИСТИҚБОЛИ ЁРҚИН ҲАМКОРЛИК

admin

«ОЧИҚ БЮДЖЕТ»НИНГ ҒОЛИБ ЛОЙИҲАЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ

admin

ОКМК: ИЛК ТАМАЛ ТОШИСТАЛИН ТОМОНИДАН ҚЎЙИЛГАНИ ҲАҚИҚАТМИ?

admin

КОМБИНАТ ИШЧИСИ САЛКАМ 18 МИЛЛИОНЛИК ИЖТИМОИЙ ПАКЕТ ОЛИШИ РОСТМИ?

admin