Image default
Таълим

ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ОЙЛИГИНИ ЭМАС, САВИЯСИНИ ОШИРИШ КЕРАК

Бугун дунёда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Технологиялар асрида инсонлар онгини бошқариш, Марсга уйлар қуриш, ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган машиналар яратиш унчалик ҳам муаммоли ва орзули иш бўлмай қолди. Бугун давлатлар кунига фазога ракеталари учириш, ёқилғисиз ҳаракатланувчи автомобиллар яратиш устида бош қотирмоқда. Уларнинг бу ишлари энди эртак эмас, улар бу кашфиётларни яқин юзликда эмас, 10-15 йил ичида бажара олишлари мумкинлиги ҳақида ваъда беришмоқда. Бу хабарлардан ҳайратланганим ҳолда, она заминимга назар соламан. Ва чўчиб кетаман, бизнинг хаёлларимизни банд қилган тўй ташвишлари-ю, кимўзарга солинаётган уй-жойлар масаласи Илон Маскнинг Марсга қурмоқчи бўлган лойиҳаларидан ҳам муҳим. Тезроқ ишни топшириш мақсадида кўтарилган бинолар эгаларига етмай қулаб тушиши, тажрибасиз шифокор қўйган нотўғри ташхис билан бир бемор жон таслим қилиши… буларнинг барчаси негизида таълимдаги улкан жарлик турмоқда. Ишонинг бугун кун муаммоси сифатли таълим олишдир. Озми кўпми бироз таълим муҳитини ҳис қилдим, олий таълимда таҳсил олдим. Мактаб жараёни билан танишдим, атрофимни, ёшларни кузатдим.
Англаган ҳақиқатларимни эса сиз билан бўлишмоқчиман. Репетиторларга талаб кескин ошган, ота-оналар энди билишди фарзанди ўқимаса, ҳеч қачон ўқишга кира олмайди, яхши ишга жойланмайди. Хусусан, шаҳримиз мисолида бундан тўрт йил олдин қўшимча дарсларга борадиганлар синфлар кесимида 2 ёки 3 кишини ташкил қилган, бугун бу кўрсаткич қариб 50 ва ундан ортиқ фоизни ташкил қилмоқда. Бу эса жуда яхши. Деярли илмга ҳамма қизиқмоқда, кўпчилик ўқияпти муаммо нимада? Муаммо сифатли кадрлар етишмовчилигида. Мактабда ўқувчилар савияси жуда паст даражада, улар мустақил фикрлай олишмайди. Келажак режалари жуда тор. Кичик бир ҳовузни денгиз деб билади. Яна шунда ҳам зўрға ҳаракат қилишади чўкишдан чўчиб. Негадир ёшларимиз мақсадсиз яшашади.
Ўзим англаганимча муаммоларимнинг сабабини таҳлил қиламан. Бошланғич таълим — бу энг муҳим босқич. Ҳозирда жуда кўпчилик болалар мактабга ёзиш ва ўқишни билиб боришмоқда. Устознинг иши анча енгиллашди. Энди уларга ҳижжалаб ҳар бирига ҳарф ўргатиш керак эмас, тўғри ҳамма ҳам ёзишни билиб мактабга чиқмайди. Ундай болалар билан алоҳида шуғулланиш керак. Бизда шу даврдан бошлаб ўқувчиларни табақалаштириш бошланади. Яхши ўқийдиганлар олдинги қаторда, “иккичилар” орқа қаторда. “Бешчилар” ракета суратида, “иккичилар” тошбақага мингазилган. Бу йўл билан бола ўқишга қизиқармикан. Менимча йўқ. Ишонинг, менинг бошланғич синфда фақат уч баҳога ўқиган синфдошим юқори синфга ўтганида математикадан энг аълочи болага айланган. Шунчаки, ўқитувчи муҳитни ўзгартириши билан бола истеъдодини англаган. Менинг фикримча, айнан бошланғич синфда ўқийдиган болалар учун эртак китобларни мутолаа қилиш дарси алоҳида ажратилиши керак. Бу билан бола дунё қараши кенгаяди. Орзулар олами сарҳад билмайди. Бу иш билан яхши натижага эришилади.


Юқори синф ўқувчилари анча улғайган, эсини таний бошлаган давр. Инсон ҳаётидаги энг муҳим, ўсмирлик даврига ўтиш босқичи. Негадир бу даврда ўқучилар билим даражаси анча тушиб кетади. Буни аниқланган статистикалар ҳам тасдиқлади. Бизнинг таълимда йиллардирки, эски муҳит ҳукмрон. Устоз доимо ҳақ, ўқувчи унга тобе. Устоз доим тик оёқда дарс ўтиши, ўқувчилар тинмай 45 дақиқа тинглаши керак. Йўқ доскани энди уларга бўшатиш вақти келди. Улар гапирсин. Тўртта одам ичига кирса, сўзини йўқотиб қўядиган авлод керак эмас бизга. Дарсни энди улар ўтсин. Улар сўзласин. Ишонинг адабиёт дарсини ўқитувчи 45 дақиқа ўқувчиларга бадиий асарни мутолаа қилиб бермоқда. Кимдир эшитиб, кимдир уйқусираб ўтиради, бечора ўқитувчи уларга жон куйдириб асар ўқиш билан банд. Етар, китобни тўтиқушдек ёдлаб гапиргани кимга фойда? Кумушнинг ўлимини 3 кишида қайта-қайта эшитгандан кўра бу ўлимга ким сабабчи деган саволни қўяйлик, ўқувчи фикрласин онги ўссин. Яхши ва ёмон қаҳрамонларни ёзувчи унга саралаб бергани каби эмас, балки, салбий қаҳрамондаги яхши фазилатларни ўзи мустақил қидириб кўрсин, “сен ҳеч нарсани билмайсан”,- дейишдан тийилинг. Бугунги ўқувчилар, кечагисидан фарқ қилади. Бугун уларнинг ҳар бирида телефон бор, уларда ҳар қандай маълумотни битта буйруқ билан топиш имкони бор. Сиз эса замон билан бирга яшанг. Доскада туриб олиб, эга билан кесимни тушинтиряпсиз-у, икки кун ўтиб яна шу мавзуга қайтиш керак нега, нега болаларимиз Навоийни 5 –синфдан бошлаб танийди-ю, нега мактаб битирувчиси “Хамса”ни тўлиқ санаб бера олмайди? Демак энди ровийлик иш бермайди. Энди ҳикоя қилиш эмас, бошқа янги услубдан бориш керак бунинг учун эса устозларнинг ойлигини эмас, савиясини оширмоқ керак.
Олий таълим ўзи алоҳида мавзу. Улкан бўшлиқ шу ердан бошланади. Олам-олам орузларинг тўрт йил ичида сариқ чақага айланиб қолади. Сенга алоқаси бўлмаган сабаблар билан. Хусусан, ўзим олган таҳсил билан сизларни таништирай. Менимча бу ҳол жуда кўпчиликка ҳам таниш. Биринчи курсда нақ 13 та фан ўқиганмиз. Шулардан атига 3 таси мутахассис қолгани номутахасис фанлар, тилчилар учун, валиология ҳам, иқтисодиёт ҳам, дастурлаш ҳам, ҳаёт фаолияти хавфсизлиги дарслари ҳам ўтилган. Нимага? Ва бу фанларни ўқитиш ҳануз давом этмоқда. Тан олишим керак мен ҳозир бу фанларнинг ҳеч бирини амалиётда қўлламайман. Ва бу фанлар менга керак деб ҳам ҳисобламайман. Ўтилган кўплаб номутахассис фанлар сабаб араб тили дарси бизнинг дарс режамиздан чиқариб юборилган. Шунчаки, жуда алам қилган бу ҳолат. Инсон ўз атрофидагиларни яхши танийди, вазиятни ҳам шу мисолида яхши тушунади. Шунинг учун мен бўлган муҳит билан келажак кадрларини сизга таништирай (бу фикримга жуда кўпчилик қарши ҳам бўлар, лекин тан олишимиз керак жамиятда бундай инсонлар тўлиб ётибди). Супер контракт бу бир имконми, ё бало бўлдими? Агар сиз тест имтиҳонларидан 1 балл тўпласангиз ҳам талаба бўлиш имкони бор, фақат тўлов миқдори бироз ошиб кетади (аламдан йиғлагим келади). Бу ҳозир айни ҳақиқат. Қайсидир “эркатой” қўл учида имтиҳонга кириб, отасининг пули сабаб нуфузли университет талабаси. Натижада эса 4 йилдан кейин тайёр дипломли кадр. Эртага у қайсидир курсини эгаллаб бир ишни дўндириши катта эҳтимоллик билан амалга ошмайди. Давлат таълимдаги коррупцияни олдини оламиз деб, иш билан бандлик соҳасида коррупцияни кучайтириб юборди. Шунчаки, талаба бўлмоқчимисан, таниш топиб сарсон бўлма, шу пулни давлатга бер ва «олтин давринг» муборак бўлсин. Университетларга ўзини–ўзи бошқариш эркинлиги берилгандан кейин, ўз сиғимидан ошиғи билан талаба қабул қилди. Квоталар эллик кишига мўлжалланган, лекин бир соҳага суперлар сабаб 250 та талаба қабул қилинмоқда. Тасаввур қилинг, 200 киши супер контракт тўлаб талаба бўлди. Бу фақат битта йўналишда, энди бир ўйланг, мен таҳсил олган олийгоҳда 18 га яқин йўналишлар бор эди. Ҳар бири камида шунча нафар талаба қабул қилса қаерга сиғдиради бунча оломонни?
Биласизми бу вазиятга жуда гўзал ечим топилди. Карантинда икки йиллик умримиз бекор кетгани етмагандек, барча тўртинчи курс талабалари амалиётга ҳайдалди ва етмаганига қолган таълимни онлайн давом эттиришди. Шу билан охирги тест имтиҳонларини иккига бўлинган ҳолда топшириб, талабалик дипломини қўлга киритдик. Талабалик олтин даврим, кечалари ухламай, иссиқда бу гўзал даврга албатта етаман деб дарсларга қатнаб, тушларида ҳам тест ишлаб чиққан қизнинг гўзал даври масофавий таълимлар билан якунига етди. Хўп, диплом ҳам олинди, энди ишлаш керак, ҳар жойнинг эшигини қоқасан кадрлар етарли, майли қабул қиламиз камида уч йиллик малакаси бўлиши керак. Эндигина олийгоҳни битирган талабага иш берилмаса, қандай малака бўлади?! Дипломнинг ҳам қадри тушиб бормоқда. Олий маълумотли деган ном арзонлашиб қолди. Яқин 10 йилда ҳаммада деярли бу каби диплом бўлади ва улар қаерда ишлайди? Энди шу диплом билан кимдир киракашлик қилади, яна кимдир сотувчилик. Чунки ҳар йили битираётган 500 минг битирувчини республикамизда тўлиқ иш билан таъминлаб, банд қилиш имкони йўқ. Энди ишга кириш учун каттароқ танишлар қидириш бошланади ёки олий маълумотли мигрантлар сони ошади. Бу ишлар қачонгача давом этади? Нега охири ўйланмай қарорлар қабул қилинади? Хуллас, таълимнинг бу босқичи жуда аянчли аҳволда. 30-40 болага дарс берган қаёқда-ю, 15-20 бола билан дарс ўтиш қаёқда. Ўқитувчи битта ҳамма билан бу босимда шуғулланиш имконсиз. Эртага ўша уйқусираб, дарсларга хоҳ келиб, хоҳ келмай юрган талаба ҳам диплом олади ва жамиятга қайсидир соҳа кадри бўлиб етишади. Ўз соҳасини тушунмайдиган, бунга муҳаббати бўлган кадр айтингчи бирон янгилик қилиши мумкинми? Супер контрактни педагогика ва тиббиёт олийгоҳларида бутунлай ман қилиш керак. Эртага ўтиш имтиҳонларидан ярим балини ҳам йиға олмай отасининг пулига олийгоҳга кириб олган тиббиёт вакили жарроҳлик столида кимнингдир қадрдонини билимсизлик сабаб қурбон қилади. Унинг хатоси сабаб бир киши дунёдан ўтади, педагог қилган хато сабаб жамият таназзулга юз тутади. Барча соҳани яхшилаш учун, аввалоси, педагог кадрлар салоҳиятини оширишимиз керак. Талабаларга бўлажак устоздек, муомалада бўлиб, уларга имкон қадар энг сара ўқитувчиларни таълим беришга жалб қилишимиз лозим. Шундагина жамиятимизда юз бераётган ва юз бериши кутилаётган муаммоларга ечим топилади.

Зиёда ФарҲод қизи.

МАВЗУГА ОИД

STEAM ТАЪЛИМИГА ЁНДАШУВ

admin

ҚАНДАЙ КИТОБЛАР БИЗНИ ЮКСАЛТИРАДИ?

admin

ТАФАККУР ХАЗИНАСИ

admin

«ЎҚИТУВЧИЛИК — МЕН УЧУН ШАРАФ»

admin