(Фельетон)
Қизиқ замонларда яшаймизда. Кимдир бир кунда томдан тараша тушгандай раҳбар бўлиб қолса, бошқа жойда эса қисқа вақтда баланд иморатлар битади. Раҳбарлик билан иморатни бир-бирига ўхшашлик жойи йўқку, нега ғалати ўхшашлик қилаяпти деб ҳайрон бўлманг. Охиригача эшитинг ҳикояни, билиб оласиз.
Соттихон Омадова омади келиб, бир кунда раҳбар ўринбосари бўлиб олди. Оддий ходимлар ҳам раҳбар бўлса, бўлар эканда деган ўй фикрини бир четидан билдирмай ўтиб кетди. Кейинчалик бу нарсани ўйламай қўйди. Чунки ўйлашга вақти ҳам йўқ, уни бир дунё қоғозлар ва комиссиялар кутиб турарди.
Ишини энди бошлаган раҳбарчага қўнғироқ бўлиб, тантанали илк йиғилишга чақирилди. Йиғилишга айтилган вақтда унга 15та “оқ қоғоз” олиб келиш вазифаси юклатилди. Ишлари фақат қоғоздан иборат Соттихон қоғоз олиш учун дўконга кирди ва 15 дона оқ қоғоз олишга уялиб, бир пачка қоғозни олди-ю, йиғилишга шошилди. Қоғозни айтилган одамга топширар экан бутун залдан ҳамкасбларининг пичинг қилиб кулишлари, айримларининг ошкора устидан масхаралашлари унга оғир ботди. Чунки “оқ қоғоз” деб қоғозни эмас, пулни айтишган экан. Содда раҳбарча буни қаердан ҳам билсин, умрида бировга пул бермаган, пул олмаган.
Шу тариқа “соғин” кунлари бошланди.
Энг қизиқ ҳангома ишхонага комиссия келган куни бўлди. Ҳамма жойни комиссия босган. “Пашшадан фил ясаш”га уста меҳмонларни рози қилиш кераклигини бечора ходим қаердан ҳам билсин. Комиссияни ёнига ўтириб камчилигимни ўзимга айтинг, билиб олай, энди иш бошладим, ҳаммасини келаси сафар келишларизга тўғирлаб қўяман дея тўппа тўғри гапириб қўя қолди. Комиссия мийиғида кулиб, ҳозир ҳаммасини айтсак анчааа қимматга тушиб кетасизда, деса содда Соттихон йўғэ, айтаверинг ойлигимга қоғоз олсам, қарзга танишларим бор, ҳужжатларимни қарзга чиқариб бериб туради. Бўлиб-бўлиб қарзимни қутулиб қўяман. Лекин ҳужжатларимни жойига қўйиб қўяман. Ишимиз шу бўлгандан кейин, қоғоз ва принтердан чиқариш муаммо бўлмайди, деганида меҳмонлар бу содда раҳбарчанинг гапига кулишларини-да билмай ҳайрон қолишди.
Келган раҳбарлар бошлиқни хонасига кириб ўринбосарнинг камчиликларини “тахлаб” ташлашди. Ҳали ишидаги ҳужжатларни ўрганиб чиқишга улгурмаган Соттихон комиссия нимани текширганини билмасада, камчиликларини бир четдан эшитиб, тўғирлайман, деб тураверди. Лекин уларнинг мақсадларини тушунмади. Бу даражада содда одамни кўрмаган комиссия нима деярини билмай, камчиликларни бартараф этишлари учун озроқ муддат бериб чиқиб кетишди.
Меҳмонларни кўчага кузатиб чиққан вақтларида, улар озроқ бензин билан муаммолари борлигини айтишди. Энди бу масала ҳам ўринбосар зиммасига юклатилди. Чўнтагидан бензинга етарли пулни берворгандан сўнг, унга дўстлик қилган бир ходим нега ёниздан берасиз, комиссия битта сизга келмаганку, бу ҳамманинг иши, ходимларга айтинг йиғиб беришсин, дея унга дўстона маслаҳат берган бўлди.
Хуллас, раҳбарчанинг кунлари шу зайлда ўта бошлади. Секин-секин «тўла-тўла»лар унинг моддиятига таъсир қилиб, ўз хоҳиши билан ўринбосарликдан кетишга мажбур бўлди. Раҳбарга ариза ёзган куни, мияси ишлай бошлади. Соттихон биринчи ўринбосар эмас эди, у ўринбосарга ёрдамчи эди…
Д.АБДУРАҲМОНОВА.