Инсондан бу кўҳна дунёда фақат — яхшилик қолади. Аллоҳ пешонамизга ёзиб қўйган ризқимиз бор, шу ҳаётимизда ишлатишимиз учун. Инсонларга эзгулик ва хурсандчилик улашишимиз учун. Замон ўзгариб одамларга ҳам таъсир этмай қолмаяпти. Яхши амаллар қилувчилар камайиб бормоқда кундан кунга. Оқибат эса чўкиб кетяпти.

Айнан шундай даврда қаҳрамонлар ҳам учраб туради. Шаҳримизнинг чеккасида жойлашган, содда, бағрикенг инсонларни ўзида жамлаган А.Қодирий маҳалласига шаҳардан 3 та йўналишда, яъни 26, 8 ва 15-сонли йўналишли «Дамас»лар қўйилган бўлишига қарамай, бу маҳаллага бориш охирги йилларда анча муаммо бўлиб қолаётган эди. Сабаби бу йўналишдаги автоуловлар йўлларнинг нотекис бўлиб кетгани туфайли маҳалла бошидан қайтишар, аҳоли эса қатновга қийналишаётган эди. Бугунги кунда эса бу муаммо бироз бўлса-да ҳал қилинишга эришилди. Сабаби А.Қодирий маҳалласида яшаб келаётган салкам 70 ёшни қоралаётган Тожибой ота Союсупов ўз маҳалласи учун савобли ишга қўл урди. Яъни Ҳаж сафари учун атаб йиғаётган пулларини таъмирталаб йўлларнинг асфальтига сарфлади. Ва бунда Тожибой отага ўз падари бузруквори бўлмиш 90 ёшли Хайитбой ота Союсупов маслаҳат берганини таъкидлади. Ёши кексайган аксарият инсонлар Ҳаж сафарини орзу қилишади. Лекин динимизда бир оят бор: Қўшнинг ёки қариндошинг эҳтиёжманд бўлса зиёратинг қабул бўлмайди. Ҳаттоки 8-йўналишда ишлаб келаётган ҳайдовчилар бу борада жонбозлик кўрсатишди. Яъни улар йўлларни таъмирлашда моддий қўллаб-қувватлаш билан бирга, маҳаллада ўтказилган ҳашарда ҳам фаол бўлишди.
Бугунги кунга келиб маҳалла аҳлининг ҳаммаси ушбу асфальт йўллардан фойдаланмоқда. Нафақат инсонларга, балки шаҳримиз ободонлиги учун ҳам катта фойда келтирган Тожибой ота Олмалиқнинг ҳақиқий қаҳрамони.

Биз маълумот олиш учун ушбу маҳаллага борганимизда, болалар, аёллар ва маҳалланинг фаоллари билан суҳбатлашдик.
Мустақиллик йилларидан аввал таъмирланган йўл йиллар давомида қаровсиз ҳолга келди.
Боир ота Абдурахмонов маҳаллада аввал раис бўлиб ишлаган. У кишининг таъкидлашича, Тожибой отанинг қилган бу яхшилиги ҳақиқий таҳсинга лойиқ, ёши улуғ инсонлар доим эзгулик исташади, ҳамқишлоғининг ҳам бу ишини алоҳида мақтаб, эътироф этишга арзигулик дея таъкидладилар. Отахонлар аниқ эслай олишмади-ю, қайсидир йили бир маҳалла фаоли орқали худди шундай йўллар ямаб чиқилган. Мана орадан яна анча вақт ўтиб Тожибой ота шарофати билан яна йўллар фойдаланса бўладиган даражага келтирилди. Автоуловлар энди ёмғир ва қорларда қийналмасдан ҳаракатлана олишади.
Соҳибқирон Амир Темур ўз назоратига олган ҳудудларда битта дарахтга зарар етса, ўрнига юзлаб кўчатлар эктирар эдилар. Зеро, буюклар инсондан фақат эзгуликкина қолишини яхши билишади.
Жавоҳир Мусулмонқулов,
ЎзЖОКУ талабаси.