Image default
Жамият

ҲАР СОҲАНИНГ ЎЗ УСТОЗИ, ЎЗ УСТАСИ БОР

Ҳаётимизда қайси соҳага мурожаат қилмайлик, ўша соҳанинг ўз устаси, ўз устози бор. «1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» юртимизда ҳар йили кенг нишонланади. Лекин жамиятимизда бир қараш мавжуд, яъни устоз ё мураббий дейилганда фақатгина таълим масканларида дарс берувчи педагоглар тушунилади ва 1 октябрь куни фақат ўша педагоглар эсланади. Аслида эса тажрибага эга бўлган ва ўз ишининг устасига айланганларнинг ўзига мос шогирдлари бор. Демак, бу байрам ўз соҳасининг мутахассислари, шогирдлари бўлган тажрибали инсонларники ҳамдир.
Газетамизнинг бу сонида кимгадир ҳали ҳам шогирд, кимларгадир устоз бўлиш мақомига эриша олган, ўз касбининг фидойи, жонкуяр, тажрибали мутахассисига айлана олган турли соҳа вакиллари билан суҳбатларимизни ўқишингиз мумкин.

Ойсара ДАДАЕВА,
ОКМК Ахборот хизмати ходими, журналист

Бугун йиллаб орттирилган тажрибаси орқали юзлаб шогирдларга чинакам маънода устоз бўла олган, ўз сўзига эга бўлган Ойсара Дадаева ҳам қаҳрамонимиз. Уларнинг ҳаётий тажрибалари ёш журналистлар учун чинакам мактаб вазифасини ўтайди.
Ойсара Дадаеванинг касби ортидан эришган энг катта бахти — фарзандларининг чиройли тарбиясида ва бахти бутун оилада деб билади. Сабаби, касби кўп китоб ўқишни, кўпроқ билишни тақозо этди ва ана шу билганлари ортидан энг муҳими мустаҳкам оилани барпо этиш ва ана шу гўшада фарзандларга гўзал тарбия бериш дунёдаги барча нарсадан ўта муҳим эканлигини англаб етгани ва бунга эришганида деб билади. Касбидан миннатдорлигини алоҳида таъкидлайди.
Уларга илк устозик қилган инсон она тили ва адабиёт ўқитувчиси Рамзия Аҳмедова (қабрлари нурга тўлсин!), кейинчалик журналист Ҳамид Норқулов (қабрлари нурга тўлсин!), Анора Каримова, университетда ёзувчи, журналист Тоҳир Малик(қабрлари нурга тўлсин), Худойберди Тўхтабоев(қабрлари нурга тўлсин!), ўтган асрнинг 80-90 йилларида “Туркистон” газетасида муҳаррир ва муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган маҳоратли журналистлар Жаббор Раззоқов, Қулмон Очил, журналист, шоир Маҳмуд Тоир… уларнинг номларини яна келтириш мумкин. Шу инсонлардан журналистика ва ҳаёт сабоқларини ўрганди.
Устоз-шогирд тушунчаси ўта жиддий тушунча бўлиб, бу иккисини ҳам самимийлик ва меҳр, ҳурмат ва иззат, ўргатиш ва ўрганиш боғлаб туради.
Шогирдларимдаги мен қадрлайдиган жиҳат, бу — соҳага бўлган фидойилиги. Чунки журналистика, журналистика бўлганда ҳам нони қаттиқ журналистикада собит қолиш, энг асосийси ҳалоллик, суҳбатлашиш маданиятининг устуворлиги, ўрганиш, ўқишга бўлган чанқоқлиги, тезкорлик ва тинглай билиш маҳоратларини қадрлайман.
Аввалоси, бу соҳадан бошқа соҳани танламаган бўлар эдим. Аммо тақдир битигимга бошқа бир касб ёзилганида, мен албатта яхши бир шифокор, жарроҳ бўла олардим, — дейди Ойсара опа.
Устоз ўгити ҳар бир соҳада зарур. Ёшлик ўрганиш палласи. Шу боис қайси соҳа бўлмасин, тажриба ва маҳоратга эга бўлган инсонлардан ниманидир билиб қолса, уларнинг ишлаш услубларини ўзлаштириб, янгича, замонавий ёндошув билан ўз “мени”ига эга бўлолса, ана шунда ёшлар тезроқ ва мукаммал ютуқларга эриша олади ва касбининг устасига айланишига шубҳа бўлмайди.
Ҳақиқий иқтидор саноқли одамларга насиб этади. Устоз дегани эса бу сиздан кўра кўпроқ нарсани билиши, сиз қарор қабул қилишга иккиланаётганда, дадил ва исботи билан мана бундай бўлади, дея олиш учун йиллар синовидан ўтган, йиллар чархпалагида чархланган тажриба ўта муҳим.
Агар ҳаётимда ниманидир ўзгартириш имкони берилганда аввал ишлаганим, аммо техник ва кадрлар муаммоси боис баъзан саёзроқ чиққан газеталарни мукаммал бир нашр ҳолида чоп этган, кўпроқ тил ўрганиб, яна-да кўп китоб ўқиган бўлардим.

Бугунги журналистика ҳавас қилар даражада тараққий этиб бормоқда. Журналистика соҳасидаги олий таълим даргоҳида соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаётгани қанчалар қувонарли. Қолаверса, бугунги ёш журналистларнинг дадиллиги, ўз сўзини баралла айтиши, тезкорлигига қойил қолмай илож йўқ. Шу соҳада салкам 40 йилдан буён ишлаётган оддий бир журналист сифатида бугунги журналистика ва ёш журналистлар ишига баҳо бериш сўралар экан, мен уларга юксак баҳо берган бўлардим.

Энг муҳими, бугунги ёшларнинг эртаси бор. Уларнинг ҳавас килгулик ёшлиги бор. Мана шу олтин даврдан унумли фойдаланинг. Кўпроқ ўқинг, билимингизни оширинг. Амалиёт назарий билимлар билан уйғунлашган жойда ўсиш бўлади. Шогирдларимиз, ёш мутахассислар барчаси ўсиб-унсин. Нафақат касб-корида қут-барака, юксак мартабага, шу билан бирга уни доим қўлловчи, унга паноҳгоҳ бўлган оилада ҳам бахти бекамликка эришсин. Мен бугунги ёшларнинг битта нарсани билишларини жуда-жуда истардим, яъни, мансаб ҳам, мартаба ҳам, ошна-оғайни-ю дўсти-ёронлар ҳам ортда қолади, гоҳида ташлаб кетади. Аммо қай ҳолатла бўлманг, борингизда ҳам, йўғингизда ҳам, соғу-хасталигингизда ҳам бағрига олгувчи, ором бергувчи биргина содиқ қоладиган маскани - Оилангизни доим асранг, унга ҳеч қачон хиёнат қилманг. Бу - ҳаёт ҳақиқати.
Бабаджанов Шерали Айнакулович,
АГМК ПФК МЧЖ Касаба уюшмаси қўмитаси раиси.

Санъаткор Элдорбек Тўйчиев билан бўлган суҳбатимиз давомида Шерали Бабаджановнинг асли санъат соҳаси вакили эканлигини билгандик ва ўша вақтда бу инсонни айнан санъат борасидаги фикрларини ўрганишга қарор қилганмиз. Устозлар байрами олдидан шаҳримиздаги кўплаб қўшиқчиларнинг санъат соҳасида кўплаб ютуқларга эришишида ўзининг ҳиссасини қўшган, умуман бошқа соҳада фаолият олиб борсада, санъатдан воз кечиб кета олмайдиган Шерали Бабаджановнинг бу соҳа ҳақидаги фикрларини ўргандик.
Ўз фикрига, ҳаёт тарзига эга бўлиш маданият бўлса, уни сақлай олиш ва бошқаларга ибрат даражасида етказиш бу — санъат.
Қаҳрамонимиз санъат, яъни мусиқа йўлидаги узтозлари Зокиржон Тойиров, Яминжон Азимов, Раҳим Ҳасанов, Саҳобиддин Юнусалиев ва энг асосий устози бу магнитафон эканлигини таъкидладилар. Шу билан бир қаторда таъкидлаб ўтган устозлари қаторида ОКМК АЖ касаба уюшмаси раиси А.Хайдаров ва ходимлари З.Икрамова, У.Джалилова, телевиденияда П.Имамова, У.Қаршибоева, шарҳловчилар А.Имомхўжаев (марҳум), Д.Турдиалиев (марҳум), М.Тўхтамирзаев, Х.Ҳамидов, М.Ризаев ва Б.Шириновларни меҳнатини алоҳидла эътироф этди.
Санъат мактабида таҳсил олган ўқувчилари Элдорбек Тўйчиев, Обид Саркаев, Феруза Абдуллаева, Отабек Нишонов, Алимардон Умаров, Арабжон Мирзаусмонов ва яна бир қанчаларига ҳурмати чексизлигини, ҳақларига ҳамиша дуода эканлигини таъкидладилар.
Шерали Бабаджанов ўзини футболда сухандон, ТВ ва радиода бошловчи, спорт шарҳловчиси, тўйларда ҳофиз, мактабда ўқитувчи, майдонда мутахассис, ишхонада профком, уйда яхши дада, ота-онага муносиб фарзанд, ака, тоға, меҳмонга борганда МЕҲМОН сифатида эслашса ва қарашса, шундан хурсанд бўлади.
Устоз ва шогирдни оқибат ва ҳурмат боғлаб туради.

  • Шаҳримизда санъат ва маданият ходимларининг бугунги фаолиятига ўртача баҳо бераман. Улар бунданда зўрига қодир, лекин талабга яраша таклиф бўлаяпти. Аммо бизни санъаткорларимизнинг «савия»си анча баланд, нима демоқчи бўлганимни тушундингиз менимча. Ҳаммаси пулга бориб тақалаяпти чунки, бўш қоп тик турмайди. Бу соҳани ривожлантириш учун овоз ёзиш студияларини ва вокал ўқитувчиларини кўпайтириш керак. Чунки бу соҳа ҳам ислоҳотга муҳтож. Шаҳримиздан санъат ва маданият юлдузлари бугунги кунда деярли йўқ, сабаби эса дангасалик, бўлаверади шу тўйларга чиқсам бўлди, дейишади. Ҳаммаси ҳам эмас, албатта. Мақсадни каттароқ олмаяпти ва энг асосийси жудаям катта маблағ ва продюссерлик иши керак.
    Биз камол топишимиз учун комилликка эришмоғимиз даркор. Бунинг учун асосий қурол бу — билим. Тоҳир Маликнинг «ШАЙТАНАТ» романида Асадбекнинг ўғлига айтган бир гапи бор: — Сен илмни ўша ёқларда олавергин-у, лекин ҳаётни шу ерда ўрган, -дейди.
    Аввало, ота-онам, мактабда таълим берган устозларим(7-мактаб), маданият техникумидаги, ТВ ва радиодаги, комбинатдаги ва ҳаётда менга битта ҳарф бўлсаям ўргатган инсонларга ташаккур изҳор қиламан. Борингизга шукр! Ўтганларини Аллоҳ раҳмат қилсин илоҳим!
    Соғлик-туман бойлик ва бахту саодат тилайман!
Бурҳанов Мавлон Мўмин ўғли,
“Бухоро мактаби” ўқув маркази ўқитувчиси, филолог.

Абитуриентлар ҳар доим ўзларига энг кучли устозларни излашади. Ва шу ўринда айтиш жоизки, бизнинг шаҳримизда нафақат шаҳар ёшлари, балки қўшни туман-шаҳар ёшларига устозлик қилиб, билим ўргатиб, бугун натижалари юқорилаётган, ўз билим ва тажрибаси билан кўплаб ёшларга устозлик қилишга муваффақ бўлаётган, замон тили билан айтганда тренддаги устозлар билан суҳбатда бўлдик. Шулардан бири асли Жиззах вилоятининг Фориш туманидан бўлган Мавлон Бурҳановдир.
Шарқшунослик университетининг филология факультетини тамомлаган Мавлон илк иш фаолиятини талабалик давридаёқ пойтахтдаги ўқув марказларидан бирида абитуриентларга таълим беришдан бошлаган.
2015 йилдан “Бухоро мактаби” асосчиси, раҳбари Азизбек Ибрагимов таклифи билан шаҳримизда ўз ишини давом эттирган. Айни кунларда кўплаб ўқувчилари талаба бўлиш бахтига муяссар бўлган ва бўлмоқда. Мавлон ўқувчи муваффақиятга эришишида ўқитувчи ва ўқувчи ҳаракати тенг бўлиши керак деб ҳисоблайди. Сабаб қилиб бугун ижтимоий тармоқлар жуда ривожланиб кетгани, ўқувчи ўзига керакли ҳар қандай маълумотни бемалол интернетдан тезликда топа олиши мумкинлигини таъкидлади. Бу ўсиш яхши, лекин телефонни қўлга олганда чалғитувчи воситалар ҳам кўп. Телеграм, фейсбук, инстаграм.
Авваллари устозларга осонроқ бўлган, — деди Мавлон. Устоз айтарди: ўқишга киролмасанг, яхши одам бўла олмайсан, ҳаётда бирор нарсага эриша олмайсан. Ўқимасанг, ҳаёт деярли тугаб қолгандек бўлади, биз эса устозларимизнинг бу гапларига ишонардик.
Ҳозир ёшларни бу гапларга ишонтириш қийинроқ. Аслида нажот таълимда, таълимсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Замонавий ҳаётда шунақа соҳалар ҳам кўпки, курсларга қатнамай туриб ҳам бирор касбни эгаллаб, ҳаётда нимагадир эришаётганлар ҳам йўқ эмас.
Филология йўналишида кетган ҳар қандай инсон ё адабиётни танлайди ёки она тилини. Лекин Мавлон Бурҳановда эса бундай имконият йўқ, яъники у тестга тайёрлаётган ҳар бир абитуриентига ҳам она тили фанини, ҳам адабиёт фанини бирга олиб кетишга мажбур. Қаҳрамонимизга қайси фанга меҳрингиз кўпроқ деган саволимизга, она тили, дея жавоб берди. Сабаби она тили кўпроқ ўқитувчига боғлиқ. Чунки ўқитувчи ўқувчига мавзуни тушунтириб бериши керак. Лекин адабиёт ўқувчига боғлиқ. Адабиётни ўқиб тушуниб олиш мумкин, бундан ташқари тестда 60 фоиз саволлар она тилидан, шунинг учун бу фанни устида кўпроқ ишлаймиз, — дейди суҳбат давомида.
Биринчи курсдалигиданоқ абитуриентларга дарс берган. У вақтларда талабага ишдан ҳам кўра кўпроқ пул керак бўлган. Уйидагиларга оғирлиги тушмасин дея ишлаган Мавлон Бурҳонов бу соҳага меҳри имтиҳон олдидан биринчи абитуритентлари дуо сўраб келишганида ва ўқишга кириб кетганларидан сўнг уларни ота-оналари телефон қилиб, узундан узоқ дуо қилганларидан кейин ортиб, қизиқиши кучайган.
Олмалиқ шаҳрида ўқув марказлари борасида соғлом рақобат муҳити йилдан йилга шаклланиб бормоқда. Талабга яраша таъминотни қилаётган раҳбарлар ўз марказларини кучли ўқитувчилар билан бойитиб бормоқда. Ҳар бир ўқитувчи натижага эришиш учун ўз устида тинимсиз ишлаши, натижа юқори бўлсагина, аудитория кенгайиб боришини жуда яхши билишади.
Мавлон Бурҳонов мана шундай кучли натижалар ва билим савияси туфайли бугунги кунда нафақат шаҳримизда, балки Тошкент вилоятида математика фани бўйича кучли ўқитувчилар сафидан аллақачонлар жой эгаллаган Жамшид Рамазанов ҳамда Жонибек Давроновларни алоҳида эътироф этди.

«Устоз-шогирд» анъанаси ўқув марказларда мустаҳкамроқ ўрнатилган деб ҳисоблайман. Сабаби биз эрталабдан кечга қадар ўқувчилар билан то давлат имтиҳонлари бошлангунга қадар бирга бўламиз ва улар бизни иккинчи оиламиз бўлиб қолишган. Олийгоҳга кирган абитуриентларимиз ҳар йили байрам арафасида келишади, биз уларни ҳозирги абитуриентларимизга мотивация бўлиши учун олиб кириб суҳбатлар уюштирамиз.
Дунёда энг яхши нарса нима сўрашганда, “инсон ўз қўли билан эккан дарахтнинг мевасини ейишдек бахт дунёдаги энг яхши нарсадир», дея жавоб берган экан.
Ҳақиқий мусулмон киши ўрганади, ўргатади ва амал қилади. Биз шу йўлда эканмиз, мақсадимиз аниқ ва бу йўлда биз доим ҳаракат қиламиз. Ўқишга киргандаги эмоцияларни ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Биз шу эмоцияга эришиш учун йил давомида ҳаракат қиламиз.
Ҳамма соҳадаги устозларга Аллоҳдан қувват тилайман. Доимо элимиз, халқимиз ардоғида бўлиб юраверишсин.

Ҳақназаров Маруфжон Муродуллаевич,
Шаҳримиздаги «БИО-МАХ-ЗИЁ» ўқув маркази асосчиси ва шу марказда биологиядан асосий ўқитувчи.

Ўқув маркази бугунги кунгача минглаб ёшларни олий таълим муассасаларига, хусусан, асосий қисмини Тиббиёт олийгоҳларига ўқишга киришига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жорий йилнинг ўзида 250 нафардан зиёд ўқувчилар давлат олийгоҳларига, 200 нафарга яқини эса нуфузли хорижий ва хусусий олий таълим муассасаларига ўқишга киришди.
Маруфжон Ҳақназаров ҳар бир шогирднинг ютуқларида устозлар, ота-оналар ҳамда шогирдларнинг ҳиссалари тенг, агар шу учаласидан бирортаси ўз вазифасидан оғишса, натижалар бундай қувонарли бўлмаслигини таъкидлади.
Илк марта синглисини ўқишга тайёрлаб, олийгоҳнинг биология факультетига ўқишга киргизганини, ўша вақтда интернет ва телефонлар ҳозиргидек ривожланмаган бўлиб, мандат жавобларини институтга бориб кўрганида, синглисининг грант асосида ўқишга кирганини кўриб, хурсандлигидан кўз ёшларини тиёлмаганини хотирлар экан, бу ҳис ҳозирги абитуриентлар билан ҳам ҳар йили давом этаётганини, уларнинг ютуғи устозни уларданда кўпроқ қувонтиришини айтиб ўтди.
Қаҳрамонимиз бугунги кунгача эришган озми-кўпми ютуқларида болаликдан ҳозиргача ўз билим ва тажрибалари билан ўрнак бўлаётган бир қанча устозларни, жумладан, мактаб даврида биология фанига меҳр уйғотган Худойназар Нурматов, Мухтор Муҳаммадиев, институтда Суннат Ғозиев, шаҳримиздаги 18-мактабда устозлик қилган Нортожи Топилова, Сайёра Ҳайдарова, Равза Юлдашева, педагогик тажрибаси билан Матлуба Ашурова, раҳбарлик қобилияти билан ўрнак бўла олаётган Ҳулкар Аманбоеваларни алоҳида эътироф этди.
Вазифалари юзасидан оиладан кўра, шогирдлар олдида кўпроқ бўлиш, шогирдлар эса ота-оналаридан кўра кўпроқ устознинг олдида бўлишига тўғри келади. Чунки 6-7 йиллик дастурни 1-2 йилда ўргатиш узоқ вақт ва соатлаб дарслар ўтишни талаб қилади. Лекин Маъруфжон Ҳақназаров имкон даражасида дам олиш кунларида оиласи билан бўлишга ҳаракат қилиши ва албатта шундай оиласи борлигидан миннатдор эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, шаҳримизда ҳамфикрликда ишлаётган ва эътироф этса арзийдиган бир қанча устозларни, хусусан, тарих фани устози «Универс» ўқув маркази раҳбари Отабек Абдуллаев, «Бухоро мактаби» раҳбари Азизбек Ибрагимов, кимё устози Ҳилола Исроилова, ўқув марказнинг кимё устозлари Олмос Болтаев ва Муҳаммадсодиқ Абдуллаевларни олмалиқлик ёшлар, қолаверса, вилоятимиз ёшларига билим беришда алоҳида ҳиссалари бор.
Бугунги кун ёшлари кенг имкониятларга эга бўлган, кундан-кун ҳар томонлама ривожланиб бораётган, ўзининг аниқ мақсадига эга бўлган бахтли ёшлардир. Уларга таълим берувчи ҳар бир зиё улашувчи инсонларга доим ҳавасдаман.

Темурқулов Женгисбек Исматуллаевич,
Шаҳар Тез тиббий ёрдам бўлими фельдшери.

Тез ёрдамда бир неча йиллик тажрибага эга, ўз ишининг фидойиси бўлган бир қанча шифокор ва фельдшерлар фаолият юритишади. Биз эса уларнинг орасидан ҳали ўзини шогирд ҳисобласа-да, лекин керакли тажрибани орттира олган, ўз ишига масъулиятли бўлган ходимлардан бири Женгисбек ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.
Шаҳримиздаги тиббиёт коллежини битирган Женгисбек Тез ёрдамда 11 йилдан буён ишлаб келади. Илк иш бошлаганида озроқ қўрқувни ҳис қилган бўлса-да, лекин ўзига ишончи етарли бўлгани боис бугун касб маҳоратига эга.
Биринчи марта қулоқ-бурун шифокори билан иш фаолиятини бошлаган Женгисбекка устози бурунни синдириб, тўғирлаш операциясида бурун синдириш вазифасини топширган. Қўрқувни енгиб, секин аста шу каби ишларни қунт ва масъулият билан бажариб юрган.
Тез ёрдамга иш ўтганида ҳам у ерда ишловчи шифокор ва фельдшерларни ўз устози билиб, улардан ҳам иш ўрганган. Бугунги эришганлари замирида Эргаш Мусаев, Олим Азимбоев, Ортиғой Саидносирова ва Абдужалил Шатиев устозларининг тажрибалари ва ўгитлари мужассам.
Бир сафар автоавария билан боғлиқ тунги чақирувга Олим Азимбоев билан чиқиб кетаётган вақтида (бир суткалик иш бўлгани учун чарчаган ҳолатда) яшиксиз машинага ўтириб олгани, лекин шифокорнинг даккиси билан хатосини жойида тўғирлаган ва ўшандан бошлаб тез ёрдамнинг масъулияти ўта юқори эканлигини англаб етган. Ишлаш фаолияти давомида ўлим билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учраб туради. Ишидаги хилма-хил ҳолатлар ва вазиятлар, яъни ўлим ҳолатлари, турли касалликлар билан юзлашиш фельдшердаги қўрқув ҳиссини бегона қилиб, бунақа вазиятларда фақатгина ўз ишини қилиши кераклигини ўргатди.

Ишимизнинг ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Масалан, бирорта манзилга чақирув бўйича кетаётган вақтимда, ишхонамга қилинган иккинчи чақирув ҳам йўлимда бўлиб, у бемор кичик ёшдаги болача бўлса, биринчи ўша болага ёрдам бераман. Сабаби бизга шундай ўргатилган, чақирувда 3 нафар бемор биринчиси «хронический» касал, иккинчиси судурги касали ва учинчиси кичик ёшдаги бемор болача. Мен болачага ёрдамни биринчи бўлиб бераман. Сабаби унинг ҳаётий мезонлари олдинда. Шунинг учун ҳар қандай чақирувда биринчи ёрдам ёш болаларга берилади.

Файзуллаев Зокиржон Қодирович,
“Олмалиқ иссиқлик манбаи” МЧЖ директорининг умумий масалалар бўйича ўринбосари.

Соҳа ходимлари билан байрам арафаси суҳбат уюштириб юрганимизда, бугунги куннинг кун мавзуси бўлган куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўраётган коммунал соҳа ходимларини ҳам тингладик. Чунки аввал бошида айтганимиздек, ҳар бир соҳанинг ўз устози бор. Шундай инсонлардан бири Зокиржон Файзуллаевдир. Асли мутахасcислиги ҳуқуқшунослик ва бу йўналишда етарли меҳнат тажрибаси ва иш стажига эга бўлган З.Файзуллаев касбни ўзгартириш имкони берилганда албатта юрист бўлишини айтиб ўтдилар.
2016 йилдан буён “Олмалиқ иссиқлик манбаи” МЧЖда фаолият юритиб келаётган З.Файзуллаев ўз касбининг машаққати ҳақида корхонанинг ўзи кичик хўжалик эмас, йўналиш иссиқлик таъминоти тизимини сақлаш (тизим 80,3 км., қозонхона, насос станциялари), хизмат кўрсатиш сифатини ошириш билан боғлиқ ишлаб чиқаришдан иборатлигини айтиб ўтиш билан бирга оғриқли нуқталари, асосан аҳоли (истеъмолчи) билан мулоқот, унинг эҳтиёжини қондириш, корхонанинг ички ташкилий, кадрлар таркиби ва ҳоказолар билан боғлиқ масалалар мавжудлигини таъкидлади.
Қаҳрамонимиз ушбу соҳада фаолиятини бошлаган вақтда шу йўналишда устозлари бўлмаган, шу сабаб корхона раҳбарияти ва бошқа ходимлар билан ҳамкорликда ўқиш, изланиш, таҳлиллар орқали тизимдаги ишни тўғри йўлга қўйиш ва шу орқали касбни тўлиқ эгаллаш чораларини кўрган ва бугунги эришганлари замирида уларнинг биргаликдаги ҳамкорликлари мужассам.
«Устоз-шогирд» муносабатларини анъанавий дея баҳолайдилар. Улар чуқур инсоний, эҳтиромли асосларга таянган бўлиши керак. Ўзаро иззат-ҳурмат таълим тизимини (уни етказиш ва қабул қилиш) инсонпарварлаштиришнинг асосий йўналишини белгилайди, жараёндаги томонларнинг бир-бирларини тушунишини ва ҳамкорлигини таъминлайди. Ҳамкорлик педагогикаси ёшларга ҳозирги замон руҳида таълим бериш, уларни тўғри тарбиялаш муаммосини аниқлашга имкон беради.
Соҳада касб фидойиси бўлиш, яъни ўз касбининг устаси бўлишда ёшидан қатъий назар ўқишдан бошлаш кераклиги, чунки китобдан инсонда эзгулик туйғуси шаклланиши, фикрлаш доираси, дунёқараши кенгайиши ва яхшилик қилиш, беғараз ёрдам бериш, кимларнингдир оғирини енгиллаштириш — бу каби фаолият инсониятнинг шиорига айланади. Бу тоифадаги одамлар ҳамиша кимгадир ёрдамим тегса, деган фикр билан яшайди. Албатта бу ҳиссиётларни амалиёт билан боғлаш лозим. Инсон ўз устида ишлашдан тўхтамаслиги лозим. Уларнинг натижаси касб фидойиси ва касб устаси бўлишига етаклайди. Бу каби инсонлар бор-ки, жамият ривожланади, эзгулик нур сочади, инсонларда одамийлик фазилатлари камол топади. Муомала маданияти шаклланади. Айниқса, фуқаролар билан муносабатда муомала маданияти бизни соҳада 100 фоиз асқотади. Муомала маданияти бу инсоннинг биринчи даражали хислати.

З.Файзуллаевнинг касбидаги эришган ютуқлари – касби йўналиши бўйича амалга оширилган амалларнинг барчасини кўнгил қаноат топадиган даражада бажариш чорасини кўриши ва бунга эришишидадир. Бундан ортиқ ютуққа эҳтиёж йўқ.

Устозларига тилакларим: – Ҳақиқий шогирд ўз устозига кўнглида бўлган ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилагини сўз билан тўлиқ ифода эта олмаса керак деб ўйлайман. Демак, уларнинг хизмати беқиёсдир ва қанча тилак билдирманг, у камдир.

Абдурахмонова Азиза Норқўзиевна,
ОКМКга қарашли 28- МТТ да тарбиячи.

Болага таълимнинг энг аввалини боғча тарбиячилари беришади. Мактабга чиққунларига қадар болалар атроф-муҳит ранг-барангдорлигини ҳамда шеъриятга меҳрни айнан боғчада ўрганишади. Бола мактабда иқтидорини кўрсата олдими демак, тарбиячининг бунда ҳиссаси кўпроқ. Биз шаҳримизда айнан тарбиячилик йўналишида фаолият юритиб, касбидан қадр топган шундай инсонлардан бири Азиза Абдурахмонова билан ҳам суҳбатда бўлдик.
Азизанинг тарбиячилик касбидан эришган энг катта ютуқлари ўзи тарбиялаган болаларнинг она Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишганликлари ва ота-оналар Азизани ҳурмат қилишиб, кўрганларида миннатдорчилик билдиришларидир.
Бу касбга илк бора кириб келганидан то шу кунга қадар унга устозлик қилган Л.Лентева, Л.Голоскокова, С.Умаровалардан педагогик тавсиялар, маслаҳатлар олиб, бугун етук тарбиячи бўлиб етишди.
Тарбиячининг машаққати ва шарафи нимада деб сўраганимизда, ўз касбини қадрлаган, севган инсон касбини машаққатли деб ўйламайди, бизни соҳада умид билан боқиб турган мурғак қалблар кўзларини бахтдан порлаб туриши мен учун шараф, дея жавоб берди.
Азиза устоз сифатида шогирдларига мураббий, керак бўлса бола, баъзан она бўлиб ўзидаги бор билимларни, педагогик тавсиялар ва маслаҳатларни етказади. Қаҳрамонимиз яхши тарбиячи меҳрибон, фидойи, самимий, маданиятли, марифатли, иктидорли, ижодкор инсон бўлиши керак деб ҳисоблайди.
Фаолияти давомида болалар учун кўргазмали, амалий, ўйин методлардан фойдаланиб, машғулотларини қизиқарли олиб боришда ҳамда болада ҳаётга муҳаббат уйғотишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ота-оналар билан ҳамкорликда лойиҳавий услублар ишлаб чиқиб, шу асосида болалар билан таълимий жараёнларни ташкил қилиш, бир мавзу асосида болага билим бериш, ота-онадаги билимларини чархлаш, замонавий пед технологияларни киритиш борасида доим изланишда. Айтиш жоизки, ҳозирги замон болалари ўта билимли, иқтидорли. Шу сабаб уларни бирор нарса билан лол қолдириш қийин, бу эса ўз навбатида тарбиячиларни доимо ўз устида ишлашга ундайди.

  • Болалар билан олиб борган ишларимни натижасини кўрганимда, олдимга қўйган мақсадимга эришишим менга янада куч беради. Айниқса, Л.Қодирова, Ш.Норбоева, Д.Исроилова, Д.Вапаева ҳамда барча шогирдларим эришаётган ютуқлари мени доим хурсанд қилган.
    Қадрли меҳри дарё, қадри баланд, қадрдон ҳамкасабаларимни, устоз ва мураббийларни куни билан чин юракдан табриклайман. Доимо лабингиздан кулгу, чеҳрангиздан табассум аримасин. Машаққатли ишингизга омад ёр бўлсин. Оллоҳ доим биз тарбиячиларни ишимизда мадатдор бўлсин.
Шавкатжонова Дурдонабону Дониёрбек қизи,
Тошкент вилояти Таеквон-до ИТФ миллий ассосиацияси аёллар бош тренери.

Дурдонабону ўзи шогирду, лекин юзлаб ёшларга мураббийлик қилиб келади. Бир қанча ютуқларга эришиб, шогирдлари ва ҳамкасблари орасида ўзига яраша ҳурматга сазовор бўлган мураббийлардан.
8 ёшидан буён ҳаёти спорт билан боғлиқ, шунинг учун бўлса керак бугун спорт унга оғирлик қилмайди, аксинча энергия олади. Спорт мураббийлиги Дурдонага ота касб, дадаси, ҳатто оталари ҳам спорт соҳасида ишлаган. Болалигида педагогика соҳасига қизиққан, 9-синфлигидан боғча болаларига Таеквон-до сирларини ўргатишни бошлаган.
Қаҳрамонимиз Таеквон-до спорт тури иккала жинс вакилларига ҳам баравар тўғри келиши, қиз болалар билан ҳам, ўғил болалар билан ҳам ишлашни ўзига яраша машаққати ва алоҳида томонлари борлигини таъкидлайди.
Турмуш ўртоғи ҳам Таеквон-до мураббийси бўлгани боис, иши юзасидан ҳеч қандай қийинчиликлар бўлмайди, аксинча бир-бирларини қўллаб-қувватлаб келишмоқда.
Бугунги ютуқларида энг аввало устозлари ота-онаси, тренери Луиза Довидова ва устози Дониёр Каримовнинг ҳиссалари катта! Улар Дурдона учун ҳақиқий устоз тимсоли!
3 нафар шогирди ҳозирда мураббийлик фаолиятини бошлаган, яъни давомчилари. Спорт фаолиятида юқори натижаларга эришаётган шогирдлари жуда кўп. Ҳали олдиларида кўзлаган янада юқори марралар томон ҳаракатда. Яхши спортчи бўлишда нафақат мураббийнинг, балки ота — онанинг ҳам роли катта.
Болалигидан устозига тақлид қилган, ҳозир ўз шогирдларида ҳам ҳудди шу нарсани гувоҳи бўлмоқда.

Яқиндагина 6 ёшли кичкинагина шогирдим келиб устоз сизга ўхшаган тренер бўлиш учун нима қилишим керак, деб савол берди. Бу савол мени жуда таъсирлантирди. Касбим фахрим! Ҳар куни машғулотга келганимда болалардан энергия оламан, уларни ютуқларидан ўзларидан кўп хурсанд бўламан. Болаларни нафақат жисмоний ривожланишига, балки хулқи, тарбиясини яхшилашда ёрдамим тегаётганидан хурсанд бўламан. Бу касбимдаги эришган ютуқларимдан бири Тошкент вилоятида 2021 йилнинг “Энг яхши аёл мураббийси” бўлганим. Ҳозирги кунга келиб аёллар нафақат шифокор ва ўқитувчиликда, балки барча соҳаларни эплай олишини кўрсата олди. Қиз бола учун ўзи севган иш билан шуғулланиши энг маъқули деб ўйлайман.

Назимов Нурмуҳаммад Якубжанович
“iKnow Academy” ўқув маркази раҳбари.

IELTS — бу тушунча бугунги кунимизда жуда оммалашган бўлиб, айнан инглиз тилидан IELTS курсларининг шаҳримизда кундан кунга ортиб бораётгани фикримиз исботидир. Лекин шу ўринда бир нарсага алоҳида урғу бериш керакки, айнан IELTS курсларини бизда биринчилардан бўлиб Нурмуҳаммад Назимов ташкил этган ва ҳозирда инглиз тили бўйича ўз ўрнига эга бўлган ўқув маркази раҳбари ҳамдир.
Асли инглиз тили мутахассислиги бўйича етарли билим ва тажрибага эга бўлган Нурмуҳаммад Назимов IELTS ҳақида бир қанча фикрларини баён этди.
2018 йил август ойида ЯТТ сифатида ўз иш фаолиятини бошлаган. Кейинчалик МЧЖ сифатида ўқув марказни ривожлантириб, бугунги кунда шаҳримизни 3 та ҳудудида филиаллари мавжуд. Ўқув марказнинг мақсади нафақат инглиз тилини ўргатиш, керак бўлса абитуриентларга келажакда ўз йўлини топишда ҳам ёрдам бериш. Шунингдек, ўз шогирдларини ўқитувчилик лаёқати борларни ёрдамчи ўқитувчи сифатида ҳам тайёрлаб боришади.
Аввалига ёш болалар билан ишлаш бўйича кадрлар бўлмагани учун фақат ўқишга кириш истагида бўлган ёшларни тайёрлаган марказ, бугунги кунга келиб, дарс бериш салоҳияти ортиб борган айнан марказни тамомлаган ва энг асосийси IELTS сертификатига эга бўлган шогирдлари учун Нурмуҳаммад янги курслар ташкил қилиб, 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчиларни қабул қилишни бошлади ва бир қанча шаҳримиз ёшларини иш билан ҳам таъминлади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ўқув марказнинг асосий ютуғи ҳам бу ердаги ўқитувчиларнинг 100 фоизи шу ўқув марказни тамомлаган ёшлар эканлигидадир.
Маълумки, IELTS сертификатининг амал қилиш муддати 2 йил қилиб белгиланган ва бутун дунё тан олган сертификатдир.
IELTS имтиҳони четга ўқишга топширадиганлар учун керак кўпроқ, бир қарашда устозга бу имтиҳон керак эмас, чунки бизни режада четга имтиҳон топшириш режаси йўқ, — дейди марказ раҳбари. Лекин бизнес ва салоҳият жиҳатдан қарайдиган бўлсак, биз имтиҳон топширсак ва қанча юқори балл олсак, бу нарса бизга кўпроқ ишонч ва аудитория жалб қилишга ёрдам беради.
Нурмуҳаммад Назимов охирги марта топширган IELTS имтиҳонида 8.5 бални қўлга киритган. Инглиз тилини 18 ёшидан бошлаган қаҳрамонимиз унгача бу фан бўйича умуман билими бўлмагани, лекин ўқиб юрган кезларида бу нарса шаҳримиз ёшларига жуда ҳам кераклигини ҳис қилган.
Биринчи марта 2016 йил декабр ойида IELTS бўйича имтиҳон топширган. Биринчи марта топшираётган вақтида кучли ҳаяжон сабаб жавобларни варақага кўчираётганда хато қилиб, 6 бални қўлга киритган. Ҳамма биринчи марта топширганда 7 бални олишни хоҳлайди. Сабаби 7 бал энг кучли билимга эга бўлганлар бали ҳисобланади. Шундан сўнг ўзини олдига кучли ўрганиб, кейин имтиҳон топшираман деган мақсадни қўйган ва ўз устида жуда ҳам кўп ишлаган. Мактабда ишлаб юрган кезлари абитуриентлар ҳам тайёрлай бошлаган. 3 мартда имтиҳонни 2019 йилда топширган ва 8 балга эга бўлган.
Бу ҳаётда тўғри устоз танлай олиш ҳаёти давомида ўз ўрнига эга бўла олиш имконини беради. Қаҳрамонимиз бу ўринда устози Бектош Ҳатамовни алоҳида эътироф этди. Сабаби бизнес ва ўқув марказ ишини юритиш ва бу борадаги тажрибаларини айнан у кишидан ўрганган.
Бегзод Мираҳмедов исмли инструктор Ўзбекистондаги энг кучли IELTS инструктори ҳисобланиб, улардан ҳам жуда кўп нарса ўрганган. Шундай устозларни учратгани уни энг катта ютуғи эканлигини айтиб ўтди.

  • Сиз сарфлайдиган энг қимматли нарса бу вақт, вақтни тўғри сарфлай билиш эса энг яхши устоз танлашга боғлиқ.

Д.АБДУРАҲМОНОВА.

МАВЗУГА ОИД

КАСАБАЧИЛАРНИНГ КАСБ ФАОЛИЯТИ

admin

КОРРУПЦИЯ ТЎҒРИСИДА ХАБАР ҚИЛГАН ШАХСЛАРНИНГ ЯҚИН ҚАРИНДОШЛАРИ ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

admin

Халқ ва армия бир тану бир жондир!

admin

Ўзбекистон Республикaси Президенти сaйловини ўткaзувчи 10-Тошкент вилояти округ сaйлов комиссиясиҚ А Р О Р ИЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИСАЙЛОВИНИ ЎТКАЗУВЧИ САЙЛОВУЧАСТКАЛАРИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДАЎзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 10-, 22-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сай лов комиссиясиҚ А Р О Р Қ И Л А Д И :

admin