Ариза берувчи оиланинг 18 ёшга тўлган ижтимоий нафақа олиш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлиши мумкин.
Ишловчи оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (буджет ташкилотларида ишлайдиган оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар бундан мустасно) бола икки ёшга етгунча уни парваришлаш учун бериладиган ҳар ойлик нафақани олиш муддати тугаганидан сўнг Низомга асосан болалар нафақасини олиши мумкин.
⁉ Қанча муддатга тўланади?
Болалар нафақаси оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб тайинланади. Болалар нафақаси 12 ой муддатга тайинланади, бироқ оиланинг энг кичик ёхуд ягона боласи тегишлича ўн саккиз ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади.
Моддий ёрдам бола(болалар)сиз ёки барча болалари 18 ёшдан катта бўлган оилаларга ва якка-ёлғиз фуқароларга 6 ой муддатга тайинланади ва тўланади. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам миқдорлари қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
Агар бир оилада туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган болалар эгизак бўлса, уларнинг бири ёши 3 ёшгача бўлган кичик бола, кейингилари мос равишда иккинчи, учинчи ёки тўртинчи ҳисобланади.
⁉ Нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор ким томонидан қабул қилинади?
Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ҳамда уларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарорлар “Ягона реестр” АТда шакллантирилади ва қабул қилинади.
⁉ Нафақа ҳамда моддий ёрдам қандай оилаларга тайинланади?
Оила:
2021 йилнинг 1-сентябридан — оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад 440 минг сўмдан ошмаганда;
2022 йилдан бошлаб — оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда кам таъминланган деб эътироф этилади.
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам ушбу Низомда белгиланган тартибда оила аъзоларининг тақдим этган аризаларига асосан “Ягона реестр” АТ орқали кам таъминланган оила деб эътироф этилгандан сўнг тайинланади.
⁉ Нафақа билан бирга моддий ёрдамни ҳам олса бўладими?
“Ягона реестр” АТ томонидан кам таъминланган деб эътироф этилган оила болали оилаларга тўланадиган нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдамнинг фақат бир турини олиш ҳуқуқига эга.
С.Хакимов,
Оҳангарон шаҳар адлия бўлими
ЮХКМ бошлиғи 1-даражали юрист.